Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:39

БЛОГ: Ҳокимият диний мухолифат билан хотин талашаяпти...


ЎзТВнинг "Оталар кўзи - ақлнинг кўзи" кўрсатувидан олинган кадр.
ЎзТВнинг "Оталар кўзи - ақлнинг кўзи" кўрсатувидан олинган кадр.

Кеча кечқурун Youtubeдан “Оталар сўзи – ақлнинг сўзи”нинг сўнгги сонларидан бирини кўрдиму кўзларим мошдай очилди: шу пайтгача элас-элас тасаввур қилаётганимларим тиниқлашди.

Сюжет будир: шаҳарлик бадавлат отанинг талаба қизи ўз курсдоши, қишлоқи йигитга кўнгил қўйган. Бадавлат ота қизини марҳум дўстининг ўғлига бермоқчи. Оилада ҳеч қандай ҳуқуқи йўқ она йиғлайди-сиқтайди, қизини кўндиролмайди. Иложсиз қолган қиз йигити билан қишлоққа қочиб кетади. Дарғазаб ота қизини оқ қилади. Орадан уч йил ўтади. Йигитининг хотинига айланган қизни қайнонасию қишлоқдошлари ёмон кўради – чунки қочиб келган. Келиннинг бўйида бўлмайди. Бу ҳам қочиб келганига жазо. Эри билан муомаласи бузилади. Иложсиз қолган қиз ота уйига қайтиб келади. Ота терс қарайди. Қиз унинг оёғига йиқилади. Шу жойда flashback: ота бундан бир неча йил олдин ҳам қизининг оёғига йиқилганини эслайди. Ўшанда ҳам онаси билан урушиб, уйдан чиқиб кетаётган отасининг оёғига йиқилганди қизча. Ота ўша воқеани эслаб, эрийди. Қизини кечиради. Сўнгги кадрда яхши кайфият билан уйига – қишлоққа қайтаётган қизни кўрамиз. Happy end. Гўёки happy end.

Кўрсатув бошловчиси – оқсоқол учун бу сюжет “Ота рози -Худо рози”, деган ўгитни миллионлаб томошабинга уқтириш учун керак.

“Ота рози -Худо рози”ни айтиш учун отанинг мутлақ золимлигига кўзлар чирт юмилди. Чунки у – Ота. Ота рози - Худо рози.

Кўрсатувни тайёрлаганлар яна “Тенг тенги билан, тезак қопи билан”, деган ақидани сингдирмоқчи жамият онгига.

Тўғри, ҳар қандай драматик сюжет конфликт атрофига қурилади. Лекин сюжетни камбағалпарвар, қишлоқипарвар, қизининг ҳисларини ҳурмат қиладиган Эр билан молпараст, дунёга фақат тилла тоғораси узра қарайдиган Хотин ўртасидаги конфликт атрофига қурса ҳам бўлар эдику?!

Ота қизининг ҳисларини ҳурмат қилиб, тантиқ хотинини яхши гап билан кўндириб, қишлоқи йигитни куёв қилиб олса, гуманистлик қилса, осмон узилиб, ерга тушармиди? Ахир, гап у ёки бу хонтахтачи режиссёрнинг киночаси ҳақида эмас, мафкура машинаси - умуммиллий телевидениенинг шахсан Президент фармони билан қайта тирилган кўрсатуви устида бораяпти. Халқнинг тутум моделларини шакллантирувчи кўрсатув устида бораяпти гап!

Золим отани эмас, гуманист отани қаҳрамон қилиб кўрсатишса, осмон узилмасди, ерга тушмасди. Лекин бундай қилишмайди. Чунки жамиятга “Ота рози – Худо рози”ни, “Тенг тенги билан, тезак қопи билан”ни уқтириш, бу шиорларни унинг шуурига сингдириш керак.

Бу шиорлар – шу куннинг шиорлари. Уларнинг муаллифи Мустақиллик майдонидами ёки ТВчиларнинг ўзларими – бир нарса дейиш қийин.

Бугунги ўзбек жамиятида хотин-қизлар масаласи ҳаёт-мамот масаласига айлангандай. Тилга олганимиз кўрсатуву диний блогерларнинг ўқувчи қизларга рўмол ўратиш талаби билан қилган чиқишлари фикримиз далилларидир.

Бу масала жамиятни иккига – динийлар ва дунёвийларга бўлаётган асосий масаладир.

Диний блогерлару баъзи бир имомлар тамсил қилаётган, ҳокимиятга мухолиф куч сифатида структуралашмаган, лекин потенциал базаси ўта қалин бўлган диний қатлам билан ҳокимият тамсил қилаётган дунёвий қатлам бир-биридан хотин-қизларни талашаяпти.

Иккала томон ҳам улар устидан, уларнинг эркию ҳуқуқлари устидан монопол ҳуқуқ ўрнатмоқчи.

Динийлар учун шу кунда қизларнинг рўмоли – ҳал қилувчи масала. Гўё шу масала ҳал бўлса – бас, олам гулистон, Ўзбекистон – мусулмонобод.

Динийлар учун хотин-қизлар рўмоли – эътиқод истеҳкоми. Менимча, рўмол улар қурмоқчи бўлаётган истеҳком пойдеворидир. Улар дунёвийларнинг бугунги шиорини бироз таҳрир қилган бўларди: “Худо рози – ота рози”.

Дунёвийлар учун хотин-қизлар рўмоли корридага тушган буқанинг ғашини келтирувчи бир латтадир. Улар учун, буқадан фарқли ўлароқ, рўмол ранги иккиламчи – рўмолнинг ўзи бирламчидир – у бўлмаслиги лозим. Рўмол динийлар қурмоқчи бўлаётган истеҳком пойдевори эканлигини дунёвийлар сезиб турибди.

Лекин дунёвийлар хотин-қизлар бошидан рўмолни ечиб олар экан, уларга рўмолсиз юриш ҳуқуқини бераяпти, холос. Бошқа барча ҳуқуқларини тизгинда ушламоқчи – бу динийларга жўнатилаётган мессеждир: “Қаранг, биз бу масалага бефарқ эмасмиз”, деган мессеж.

Хотин-қизлар ҳуқуқларини тизгинда ушлаш “миллий қадриятлар” деган ялтироқ қоғозга ўралмоқда.

Дунёвийлар бир томондан рўмол ўрашни тақиқлаяпти, иккинчи томондан, хотин-қизларнинг лаб бўёғи рангидан тортиб, этагининг узунлигигача ўлчаш, назорат қилиш билан банд. Бу иш билан уларнинг қўлидаги бутун бошли давлат идоралари – давлат машинаси шуғулланаяпти.

Наҳотки, ўзбекнинг аёл этаги узунлигидан бошқа миллий қадрияти бўлмаса?!

Хуллас, “Оталар сўзи...”нинг сўнгги сонини кўраркан, динийлар ва дунёвийларни бир бировидан айирувчи масала хотин-қизларнинг рўмоли билангина боғлиқлигини тушундим.

Яна шуни тушундимки, динийлар билан дунёвийларни бир бирови билан боғловчи масала хотин-қизлар ҳуқуқларидир, уларга ҳуқуқ бермасликдир.

Бу икки куч танганинг икки томонига ўхшайди. Бир томонида динийлар, иккинчи томонида дунёвийлар.

XS
SM
MD
LG