Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:03

Бош прокуратура ҳибсга олинган диндор блогерлар ишига ойдинлик киритди


Ҳибсга олинган ўзбек блогерлари
Ҳибсга олинган ўзбек блогерлари

Ўзбекистон Бош прокуратураси август ойининг сўнгги ҳафтасида бирин-кетин ҳибсга олингани Озодликка маълум бўлган камида беш диндор блогердан икки нафарининг ишлари юзасидан изоҳ берди.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда танилган тошкентлик блогерлар - Атхам Олимов (Мусанниф Адҳам) ва Зиёдулла Кабиров (Зиёвуддин Раҳим) "милиция ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик ва уларга қаршилик кўрсатишда айбдор деб топилган".

Атхам Олимовга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси, Зиёдулла Каримовга эса 10 сутка маъмурий қамоқ ва энг кам иш ҳақининг бир баравари, яъни 184.300 сўм жарима солинган.

Озодлик блогерлардан яна икки нафари – андижонлик Отабек Усмонов ва қўқонлик Хуршидбек Муҳаммадрозиқовнинг 15 суткага ҳибс этилганини аниқлади.

Яна бир блогер - тошкентлик Миразиз Аҳмедов тақдири номаълум қолмоқда.

Бундан ташқари, Озодлик айрим диндор блогерлар ва уларнинг яқинлари билан қилган суҳбатлар асносида милиция ва хавфсизлик ходимлари уларни жиддий огоҳлантиргани ёки қўрқитганини аниқлади.

Бош прокуратура нима дейди?

Бош прокуратуранинг Озодликка билдиришича, Атхам Олимов (Мусанниф Адҳам) устидан маъмурий иш ҳужжатлари 29 август куни суд мажлисида “мазмунан кўриб чиқилган”.

Прокуратурага кўра, Атхам Олимов милиция ходимининг қонуний талабларини бажармагани ва уларга қаршилик кўрсатганига “тўлиқ иқрорлик билдирган”:

А.Олимовнинг 194-моддаси 1-қисми ва 195-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликдаги айби, ўзининг суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдирган кўрсатувларидан ташқари, гувоҳ М.Муродбековнинг тушунтиришлари, профилактика инспектори билдиргиси, далолатнома ва иш ҳужжатларида мавжуд бошқа объектив далиллар билан тўлиқ ўз исботини топган бўлиб унга нисбатан ушбу моддалар билан МЖтКнинг 34-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган,” – дея билдирди Ўзбекистон Бош прокуратураси.

Иккинчи блогер Зиёдулла Кабировга ҳам Атхам Олимовга қўйилган айбловларнинг айниси қўйилган.

"Ўзбекистон Республикаси МЖтК 34-моддаси тартибида Кабиров Зиёдулла Исматиллаевичга узил-кесил 10 (ўн) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди," дея маълум қилди Бош прокуратура.

Блогерлар яқинлари нима дейди?

Мусанниф Адҳам тахаллуси билан айниқса диндор юзерлар орасида машҳур Атҳам Олимов яқинларининг айтишича, 28 август соат 18:40 да Олмазор туман Сағбон даҳасидаги уйидан 8 кишидан иборат орган ходимлари томонидан олиб чиқиб кетилган.

Яқинлари Адҳамнинг милиция ходимларига умуман қаршилик кўрсатмаганини айтишди.

Унинг укаси Шоҳрух Олимовнинг айтишича, орадан 3 сутка ўтган эса-да, унинг қаердалиги оила аъзоларига номаълум қолмоқда:

- Сабабини билмаймизда нима учун қамаб қўйишди, ўзи нима учун олиб кетишди ва ҳозир қаерда. Бу саволларга умуман жавоб йўқда. Ўзимиздаям фараз йўқ.

Мусанниф Адҳамнинг Facebook-да 5,5 мингдан ортиқ фолловери бор
Мусанниф Адҳамнинг Facebook-да 5,5 мингдан ортиқ фолловери бор

Мусанниф Адҳам тахаллуси билан диндор фейсбукчилар орасида танилган 32 яшар Адҳам Олимовнинг Facebookда 5,5 мингдан ортиқ ўқувчиси бор.

Яна бир блогер Зиёвуддин Раҳимовнинг қандай ҳолатда ушлангани ва қаерда сақланаётгани борасида Озодликда аниқ маълумот йўқ.

У ҳам ўзининг диний-маърифий мавзудаги блоглари билан танилган.

Ҳибсдаги яна 3 блогер ким?

Андижонлик блогер Отабек Усмоновни яқиндан таниганлар унинг 30 август куни олиб кетилгани ва 31 август куни устидан ҳукм ўқилганини айтди.

Унинг отаси Холмуҳаммад Усмонов Озодликка ўғлининг ҳибсга олинганини рад этди ва бу ҳақда "гапиришни истамайман", деди.

Тошкентлик 41 яшар блогер Миразиз Аҳмедовнинг тақдири номаълум қолмоқда.

Яқинларидан бири уни "ҳеч ким" топа олмаётганини айтди:

- Ҳаракат қилиб кўрдик айтишмаяпти. Биз участковойга бордик, қаерда, нима қилаяпти, нима бўлаяпти, айтмаяпти. Ҳеч нарса билмаймиз. Ҳеч қандай маълумот беришмапти.

Озодлик қўқонлик блогер Хуршидбек Муҳаммадрозиқовнинг ҳам ҳибсга олинганини аниқлади.

Хуршидбек Муҳаммадрозиқов 2 сентябрь куни ғойиб бўлган
Хуршидбек Муҳаммадрозиқов 2 сентябрь куни ғойиб бўлган

Онасининг Озодликка айтишича, Хуршидбек 2 сентябрда "милиция ходимлари билан гап талашиб қолгани учун" уни "ичкарига олиб кириб қўйишган".

Аммо хусусий мактаб асосчиси бўлган бу блогернинг нима учун ва неча кунга ҳибсга олингани ҳозирча маълум эмас.

Қама-қамалар қачон бошланди?

Блоггерларни ҳибсга олиш ҳаракатлари 25 август куни Муҳаммад Шакур номи билан танилган, кўпроқ ижтимоий муаммоларни ёритиб келаётган блогер Шокир Шариповнинг огоҳлантирилишидан бошланганди.

Блогернинг Озодликка айтишича, унинг Қибрайдаги уйига 8 кишидан иборат орган ходимлари ҳеч қандай ҳужжатсиз кириб келиб, уни ички ишлар бўлинмасига олиб кетганлар.

Биринчи гуруҳ ногирони бўлган Шокир Шарипов унга нисбатан маъмурий иш очилганини билдирди.

Айни пайтда Озодлик билан суҳбатлашган ижтимоий тармоқнинг бир неча фойдаланувчиси уларга "турли жойлардан" таҳдид ва ҳақоратга тўла огоҳлантирув мактублари келганини билдирди.

Исми сир қолишни сўраган фойдаланувчиларга кўра, улардан жим юриш, ижтимоий тармоқлардаги баҳсларга аралашвермаслик талаб қилинган.

XS
SM
MD
LG