Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:42

YouTubeга клип қўйиш учун ҳам "Ўзбекконцерт"дан рухсат олиш тизими жорий этилди


1 июлдан бошлаб ўзбекистонлик хонандалар клипларини YouТube видеопорталига жойлаштириш учун ҳам "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси қошида ташкил этиладиган бадиий кенгаш рухсатини олиши керак бўлади.

Ижтимоий тармоқларда ëйинланган бу хабарни “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси (аввалги "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси) қошидаги Махсус рухсатнома (лицензия) берувчи ташкилий бошқармаси бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоров Озодлик билан суҳбатда тасдиқлади.

Хонандалар билан лицензия битимларига ўзгартишлар киритилгани, эндиликда уларга бадиий кенгашни тасдиғисиз ўз клипларини Интернетда тарқатмаслик мажбурияти юкланишини айтган Абдуқаҳҳоровга кўра, расмий рухсатсиз клипларини Интернетга жойлаган санъаткорлар лицензиядан маҳрум этилишлари мумкин:

- Энди ҳар бир хонанда телевидениегами, Интернет тармоқларигами тайёрлаган клипини беришдан олдин “Ўзбекконцерт” қошида тузиладиган бадиий кенгашдан рухсат олиши керак бўлади. Бу ерда асосий мақсад ўзимизнинг ўзбекона урф-одатларимизга содиқ қолиш, миллий зеҳниятимизга тўғри келмайдиган клипларнинг чиқиб кетиши олдини олишдир - деди Одилжон Абдуқаҳҳоров.

"Ўзбекконцерт" қошида тузиладиган бадиий кенгашнинг таниқли клипмейкер, режиссер, шоир, сайқалчи ва бастакорлардан иборат бўлиши ва улар таркибининг доим ўзгариб туриши айтилмоқда.

Одилжон Абдуқаҳҳоров, “Ўзбекконцерт” муассасасининг бирон ходими бадиий кенгаш аъзоси бўла олмаслигини таъкидлади:

- У ерда ўз соҳасининг ҳақиқий эгалари бўлади. Шу соҳани тушуниб етган, шу соҳада қайнаган инсонлар бўлади. Ўйлайманки¸ улар тасдиқлаган клиплар телевидениедан қайтмайди, айни пайтда бемаза клипларнинг чиқиб кетиши олди олинади, - дейди Абдуқаҳҳоров.

"Сакраменто" бўлмайди энди

Айни пайтда ўзбек каналларида ҳам ўзбек санъаткорларининг “ахлоқ-одоби” мавзуси қизғин муҳокама қилинмоқда.

20 июнь куни “Ўзбекистон” давлат каналида намойиш этилган “Бу ҳам муҳим” кўрсатувида айрим ўзбек хонандаларининг клиплари танқид қилинди.

Хусусан¸ хонанда Муниса Ризаеванинг испанча оҳангдаги “Сакраменто” қўшиғи ва унга олинган клип танқид нишонига айланди.

Кўрсатувда¸ ҳатто¸ миллий зеҳниятга зид келадиган клипларни чиқараётганларни жавобгарликка тортиш чақириқлари ҳам янграганди.

Кўрсатув қатнашчиларидан бири:

“Ўзбекнаво"да ҳам интернет бор¸ кузатасизлар. Мана шунақа чиқдими Интернетда, шундоқ чақиринг, топиш мумкин. Мана шунақаларни қанақадир жавобгарликка тортиш керак”, - деди.

Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг айтишича, “Сакраменто” клипи¸ қолаверса "миллий анъаналарга тўғри келмайдиган бошқа клиплар" ҳам эфирдан олиб ташланган:

- “Сакраменто”ни ҳам хат билан эфирдан олиб ташлаганмиз. Отабек Муталхўжаевни “Бомбей” клипини олиб ташладик. Ундан ташқари Сардор Мамадалиевнинг “Омонёр” клипини олиб ташладик. Бунинг айрим сабаблари бор. У ерда бачканалик бор. Ўзбекистон Халқ артисти ёки Хизмат кўрсатган артист бўлгандан кейин клиплари ҳам шунга яраша бўлиши керакда! Буни инернетга қўйса¸ бутун дунё кўради. Буни кўриб улар ўзбек санъатига баҳо беради, - дейди “Ўзбекконцерт” мулозими.

Муниса Ризаеванинг YouTube га қўйилган шўх, рақсга чорловчи “Сакраменто” клипини ҳозирга қадар 3 миллион 700 миндан ортиқ одам томоша қилган.

Озодлик “Сакраменто ” клипи Ўзбекистонда тақиққа учрагани ҳақда Муниса Ризаевадан муносабат ололмади.

"Бачканалик ҳам эви билан"

Озодлик билан суҳбатда хонанда Азиза Ниёзметова санъаткорлар ва уларнинг ашула ва клипларини фильтрдан ўтказилишини тўғри, деб ҳисоблайди:

- Ҳар бир нарсанинг ўз размери бўлади. Ғиштни ҳам қолипи бор. Санъат ҳам шундай. Фильтрлаб¸ тўғри қилишаяпти. Ҳозир ашулалар бачканалашиб бораяпти, клиплар ундан баттар бачкана. Бачканалик ҳам эви билан. Чет элдан кўчириб, олди-қочди галлар билан қўшиқ қилишаяпти, клипларни ҳам кўчириб штамповкалашаяпти. Буни тўхтатиш керак, тўғри қилаяпти "Ўзбекнаво", - дейди Азиза Ниёзметова.

Исми сир қолишини истаган ўзбекистонлик клипмэйкер, бир неча минг доллар тўлаб олинган, миллионлаб томошабин тўплаган клипнинг эфирдан олинишини адолатдан эмас, деб ҳисоблайди:

- Тўғрисини айтсам, шу “Сакраменто” клипи энг яхши клиплардан бири. Ашулачи шунча маблағ тўлаб клип ясаттирсаю уни бир кунда олиб ташлашса, бу адолатдан эмас. Менимча санъатни рамкалаш яхши эмас. Қўшиқ яратсин, клип яратсин, баҳони томошабин берсин, қандайдир бадиий кенгашлар эмас, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ўзбекистонлик клипмейкер.

“Ўзбекконцерт”нинг Махсус рухсатнома (лицензия) берувчи ташкилий бошқармаси бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоров эса санъаткорлар ортиқча харажатларга куйиб қолмасликлари учун клип ғоясини бадиий кенгаш билан олдиндан маслаҳатлашишни тавсия қилади:

- Бадиий кенгаш тузилишининг яна бир яхши жиҳати, хонандалар кенгашга келиб клип бўйича ғояси ва сценарийсини олдиндан кенгашга тақдим этиб тасдиқлаб олиши мумкин. Бу билан клип тайёр бўлгандан кейин бадиий кенгашдан ўтмай ортиқча харажатга куйиб қолиш эҳтимоли бартараф этилади,- дейди Одилжон Абдуқаҳҳоров.

Ўзбек хонандалари Райҳон ва Лола "миллий менталитетга мос келмаган" кийимлар кийгани учун танқидга учраган.
Ўзбек хонандалари Райҳон ва Лола "миллий менталитетга мос келмаган" кийимлар кийгани учун танқидга учраган.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси аввал "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси деб аталган ва бирлашма санъаткорлар устидан назорат қилувчи асосий цензор сифатида қаралган.

Бир йил аввал "миллий менталитетга мос келмаган" кийимлар кийгани учун ўзбекистонлик хонанда Лола Йўлдошева лицензиясидан маҳрум қилинган эди.

Унинг Райҳон билан айтган дуэти чоғидаги ўзини тутиши ва либоси "Ўзбекнаво" томонидан қораланганди.

XS
SM
MD
LG