Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:48

Бир кунда уч қизидан айрилган ота: "Айбдорлар қолиб, айбсиз врачларни қамашди"


Мухлиса, Муниса ва Моҳира Қосимовалар
Мухлиса, Муниса ва Моҳира Қосимовалар

2017 йилда бир кунда уч фарзанди нобуд бўлган тошкентлик Зиёвуддин Мўминов қизлари ўлими юзасидан олдин чиқарилган хулоса-ташҳислар хато бўлиб чиққанини айтмоқда.

Зиёвуддин Мўминов қизларининг ўлими учун "Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар клиникаси Жонлантириш бўлими мудири Ҳусан Гиясов ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Тошкент шаҳар филиали бошлиғи Алишер Искандаровлар жавобгарликка тортилмай қолаётганидан" шикоят қилди.

2018 йилнинг октябрида Олмазор туманидаги 21- оилавий поликлиника бош шифокори Гулчеҳра Одилова ва врач-педиатр Нодир Тўлагановлар уч опа-сингилнинг ўлимида айбдор деб топилган ва жиноий жавобгарликка тортилганди.

Тошкентлик ота қизларининг поликлиника врачлари тайинлаган доридан эмас, овқатдан заҳарланганини айтмоқда, яъни отанинг иддаосича, жазоланган поликлиника врачларининг қизлари ўлимига алоқаси йўқ.

“Бир кунда уч фарзандимдан айрилдим”

2017 йилнинг 8 ноябрида Тошкентнинг Олмазор туманида яшовчи 35 яшар Зиёвуддин Мўминовнинг 7 яшар Муниса, 6 яшар Муҳлиса ва 4 яшар Моҳира исмли қизлари ўзларини ёмон ҳис эта бошлаган.

Зиёвуддиннинг Озодликка айтишича, қизлар кечаси билан қусиб чиққан ва эрталаб маҳаллий поликлиникада ёзиб берилган дори-дармон уларнинг аҳволини яхшиламаган:

- Кечга яқин аёлим 5-6 ларда телефон қилиб, болалар қусаётганини айтди. Келиб болаларни педиатрия больницасига олиб бордим. Ўша пайтда энг кичкина қизимнинг аҳволи оғирлашиб қолувди. Реанимацияда ҳамма нарса қилишди, лекин қизимни асраб қолиша олмади. Мен қабулхонага югуриб келсам, икки қизимни “Тез ёрдам” машинасига чиқариб қўйишибди. Нодир деган врач уларни инфекция касалхонасига юбораётганини айтди.

Зиёвуддин Мўминовнинг айтишича, у кичкина қизини шаҳар ўликхонасига олиб бориб, Тошкент шаҳар Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар касалхонасига қолган қизлари ортидан етиб боради.

Муниса, Мухлиса ва Моҳира 7,6 ва 4 ёшда бўлган
Муниса, Мухлиса ва Моҳира 7,6 ва 4 ёшда бўлган

Бироқ у ерда унга яна бир машъум хабарни етказишди:

- Дўхтирлар хонасидан икки врач чиқиб, “Катта қизингиз оламдан ўтди”, деди. Оёғим қалтираб, мазам қочиб қолди. Соат 1 ларда, тунда оламдан ўтибди. Ўртанча қизимнинг олдига кирсам, “Ада, уйга олиб кетинг!”, деди. Мен эртага олиб кетишимни айтдим. Қўлида битта капельница, аппаратга уланмаган экан. Дўхтирга “Нима керак бўлса қиламан битта қизимни асраб қолгин!” деб ёлвордим.

Клиниканинг Жонлантириш бўлими мудири Ҳусан Гиясов қизлар овқатданмас, доридан заҳарланганини ота-онасига билдирган. У 16- шаҳар шифохонасидан токсиколог чақиртиргани, аммо у келмаганини айтган.

Зиёвудиннинг айтишича, токсиколог врач тунги соат 3:30 ларда келган, аммо учинчи қиз ҳам нобуд бўлган:

- Укам бу қизим ҳам ўлиб қолганини айтди. Бир кечада учта фарзандимдан айрилдим! Эрталабгача ёзув-чизув бўлди, эрталаб яна иккита боламни ўликхонага олиб бордим. Муниса, Мухлиса ва Моҳира 7,6 ва 4 ёшда бўлган. Жавобгарликка касалхона эмас, поликлиника врачлари тортилди!

Поликлиника шифокорлари айбдор деб топилган

Олиб борилган текширувлар натижасида терговчилар Олмазор поликлиникаси шифокорлари ва педиатрларини айбдор топган ва жиноий жазога тортган.

Тошкент шаҳар прокуратураси очган жиноят иши бўйича 2018 йилнинг октябрида Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди ЖК 116- моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4- қисми; банди, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 1 ва 3- қисми билан Олмазор туманидаги 21- оилавий поликлиника Бош шифокори Гулчеҳра Одиловани 5 йилу 1 ой ва врач-педиатр Нодир Тўлагановни ЖК 116- моддаси 4- қисми билан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Бироқ марҳум қизлар отасининг иддао қилишича, поликлиника врачлари айбсиз қамалган, айб Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар клиникаси врачларидадир. Зиёвуддин Мўминов бундай даъво билан Тошкент шаҳар ва Учтепа туман прокуратурасига арз қилган.

Прокуратура: Эпидемиология... клиникаси врачлари ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ!

Тошкент шаҳар прокуратурасининг шикоятчига 2019 йил, 20 августдаги хатида билдиришича, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар клиникаси Жонлантириш бўлими мудири Ҳусан Гиясов ҳаракатлари устидан 2018 йилнинг 21 июнида текширув ўтказилган, лекин унинг ҳаракатларида жиноят аломати топмаган.

Тошкент шаҳар прокуратураси жавоби
Тошкент шаҳар прокуратураси жавоби

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Тошкент шаҳар филиали бошлиғи Алишер Искандаров учала марҳум қиздан олинган биологик материаллар экспертизаси хулосасини имзолаган. Хулосада қизлар Энам препаратидан заҳарланиб ўлгани айтилган.

Олдинроқ, Тошкент прокуратураси расмийси Бобур Деҳқонов уч опа-сингил ўлими юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси қизлар артериал қон босимини пасайтириб юборувчи дори истеъмол қилгани оқибатида организмнинг интоксикацияси ва юрак-қон томир етишмовчилиги юзага келганидан вафот этганларини билдирган эди.

Суд материалларида Учтепа врачи Ҳусан Гиясов ўз кўрсатмаларида Қосимова Мухлисага Себазол дорисини 0,5 мг миқдорида қилганлигини баён қилсада, ўтказилган экспертизада қизларда психотроп модда аниқланмаганини кўриш мумкин.

Судьянинг прокуратурага юборган жавоб хати
Судьянинг прокуратурага юборган жавоб хати

“Ишни дастлабки инстанцияда кўриб чиққан Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси Мусо Юсупов Учтепа врачларининг аниқланган хатоларига баҳо беришни сўраб туман прокуратурасига махсус билдиришнома юборган. Бу Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар клиникасида Қосимова Муниса ва Мухлисаларга реанимацион ёрдам тўлиқ ҳажмда кўрсатилмаганлигини англатади”, деб ёзади судья Мусо Юсупов Тошкент шаҳар прокурори биринчи ўринбосари С.А.Бердиалиев номига юборган хатида.

Мустақил кимёвий экспертиза Муҳлиса, Муниса ва Моҳира қатиқ ва гўштда топилган “ичак таёқчаси”дан нобуд бўлганини аниқлаган.

Мен қизларим ўлимига алоқадорлар жазоланишини истайман!

Зиёвуддин Мўминов "Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар клиникаси Жонлантириш бўлими мудири Х.Гиясовнинг отаси олдин Тошкент шаҳар суд-тиббий экспертиза марказида раҳбар бўлган ва бу идора унинг “орқасини ёпишга” уринган", дея иддао қилди.

Мўминовлар ҳуқуқларини судларда ҳимоя қилиб келаётган адвокат Ёқутхон Худоёрова улар деярли барча идораларга арз қилганини айтди:

- Асосий хато қилган врачга нисбатан ҳеч қандай жазо кўрилмаган - у гувоҳ сифатида ўтган. Биз ана шу устидан шикоят қилиб юрибмиз, лекин чора кўрилмаяпти! Болаларнинг ўлимига деярли алоқаси бўлмаган врачлар жавобгарликка тортилди.

Озодлик билан суҳбатлашган Зиёвуддин Мўминовнинг фикрича, юқумли касалликлар шифохонасига келтирилган икки қизи ҳаётини сақлаб қолишга вақт етарли бўлган:

- Фарзандларим ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўлган экан! Мен Учтепа касалхонаси дўхтирлари лоқайдлиги учун,суд-тиббий экспертиза бошлиғи А.И. ёлғон кўрсатма бериб, қизларимни охирги қон таҳлилларини йўқ қилворгани учун жавобгарликка тортилишини хоҳлайман.

Зиёвуддин прокуратура терговчилари унга ҳам босим ўтказишга ва “болалар Энам дорисини кўп истеъмол қилгани учун нобуд бўлди”, деб кўрсатмаларини ўзгартиришга мажбурланганини айтди.

Тошкентлик Зиёвуддин Мўминов 3 фарзанди ўлимида айблаётган шифокорларни жавобгарликка тортиш учун курашишни давом этишини билдирди.

Озодлик мухбири Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар клиникаси Жонлантириш бўлими мудири Ҳусан Гиясов​ ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Тошкент шаҳар филиали бошлиғи Алишер Искандаров билан телефон орқали бир неча кун боғланишга уринди, лекин боғлана олмади. Озодлик Ҳусан Гиясовнинг ҳам, Алишер Искандаровнинг ҳам Зиёвуддин Мўминовнинг иддаоларига муносабатини эшитишга ва жамоатчиликка эшиттиришга тайёр.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG