Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:47

Пахтаободда дори йўқлигидан чақалоқ комага тушди; Навоийда кислород йўқлигидан бемор ўлди


Бу - иллюстратив сурат - мақоладаги чақалоқларга алоқаси йўқ.
Бу - иллюстратив сурат - мақоладаги чақалоқларга алоқаси йўқ.

Андижон вилоят, Пахтаобод туман марказий касалхонаси жонлантириш бўлимида қолаëтган 37 кунлик Абдулазиз Исомиддинов, яқинларига кўра¸ чақалоққа тегишли профессионал тиббий ёрдам кўрсатилмагани учун ҳозирда комада қолмоқда.

Озодликка мурожаат қилган навоийлик Нодира Боймиродова эса, саратон ташхиси қўйилган 66 яшар отаси 4 август куни Навоий шаҳар касалхонасига олиб борилганда¸ нафас олишга ëрдам берувчи кислород ëстиқчасида кислород йўқлиги оқибатида ўлганини билдирди.

Бир-биридан мустақил икки ўзбекистонлик оиладан бу икки хабар Озодликка 23 августда келди.

Пахтаобод туғруқхонаси врачлари Абдулазизга чақалоқларда бош мия гематомаси асоратларини бартараф қилувчи К витамини берилмаганини эътироф этди ва бунинг сабабини таъминотдаги узилиш билан изоҳлади.

Навоийлик врач эса, врач¸ “кислород бўлганда ҳам¸ унга ëрдам бермас эди”¸ деди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан марказий касалхоналарда ҳаëт-мамот учун зарур дори-препаратлар тақчиллигига оид бу иддаоларга изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Пахтаободдаги чақалоқлар ўлими ва кома

23 август куни Озодлик билан гаплашган пахтаободлик Зиëдбек Зайнобиддинов 17 июль куни туғилган жияни Абдулазиз Исомиддиновнинг ҳозирда туман марказий касалхонасининг болалар жонлантириш бўлимида комада қолаëтганини билдирди.

Унинг айтишича¸ касаллик варақасида чақалоқнинг соғлом туғилгани қайд этилган ва бир неча кундан сўнг уйига чиқарилган.

Аммо хос суҳбатда врачларнинг тахмин қилиб айтишича¸ Абдулазиз бош мия гематомаси (туғруқ жараёнида бош миянинг механик шикастланиши) билан туғилган¸ кўзида сарғайиш аломатлари бўлишига қарамай¸ унга тегишли муолажа кўрсатилмагани боис¸ уйда қон кетиш бошланган.

Чақалоқ яқинлари ўзларининг туғруқхона врачлари билан хос суҳбати ëзилган аудиони Озодликка тақдим этди.

Унда туғруқхона врачлари ва ҳамширалари Абдулазизга чақалоқларда бош мия гематомаси асоратларини бартараф қилувчи К витамини берилмаганини эътироф этди ва бунинг сабабини таъминотдаги узилиш билан изоҳлади.

Бола июлда туғилган бўлса¸ июндан бери бизга К витамини келмаяпти – журналларимизни кўтариб кўришингиз мумкин. Буни бизга давлат бериши керак. Йўриқномада туғилган чақалоқларнинг ҳаммасига витамин Кни укол қилиш кераклиги ëзилган¸ лекин у сотувда ҳам йўқ¸ давлат ҳам етказиб бермаяпти. Реанимацияда балки бордир¸ лекин бизда йўқ¸ ҳозир ҳам йўқ¸ бугун туғилганларга ҳам берилмаяпти”¸ дейди боланинг нега комага тушгани бўйича изоҳ талаб қилган яқинларига Пахтаобод касалхонаси врач ва ҳамширалари. (Аудиоёзув Озодликда бор)

Чақалоқлар ҳаëт-мамоти учун муҳим бўлган К витаминининг берилмаëтгани ҳақида талабнома ëзилганини айтган тиббиëт ходимлари Озодликка юборилган суҳбат аудиоëзувида¸ касалхонада бундан ҳам муҳимроқ дори-дармонлар йўқлигини айтади.

Витамин Кни қўйиб туринг¸ ҳозир операция қиламан десам¸ наркоз йўқ! Ҳозир бизда наркоз йўқ! Экстренний вазият бўлса¸ биз нима қиламиз! Ҳозир туғруққа келган аëлда қон кетиш бошланса¸ наркотик йўқ¸ одам болевой шокдан ўлиб қолиши мумкин. Биз нима қилайлик таъминламаëтган бўлса? Бошимизни кундага қўйиб¸ уни қилиб¸ буни қилиб¸ вазиятдан чиқаяпмиз. Ҳамма келиб дўхтирни тепкилайди! Биз ҳам тупоймасмиз¸ эрталабки 8 да келиб¸ эртаси кечки пайтгача ишлаймиз. Таъминот бўлсаю¸ биз қилмаëтган бўлсак¸ унда айбласангиз майли! Таъминот йўқку!”¸ дейди Озодликка тақдим этилган аудиоëзувда гапирган пахтаободлик врачлардан бири.

Болалар реанимациясида ҳушсиз қолаëтган 37 кунлик Абдулазизнинг яқинлари¸ қон сўрилишига ëрдам берувчи Албумин препаратини топиб келиш ўзларига буюрилгани ва ҳозирда уни Тошкентдан қидиришаëтганларини айтади.

- Бу дори боланинг весига қараб қилинар экан. Бола 5 кг болса 50 гр укол қилинар экан. Бизнинг боламиз 4.3 кг¸ унга 50 гр қилиниши керак экан. Лекин вилоят қон қуйиш марказида 50 граммлик бу доридан йўқ экан¸ шунга 100 гр олишга мажбур эканмиз. 100 гр 32 0000 сўм экан. Қаранг¸ бизга қанча зарар! Бу дорини мажбурлаб сотишга кирмайдими ? Уни олишга қурби етган бор¸ етмаган бор! Етмаганларнинг боласи бундай ҳолатда ўлиб кетаверар эканда!¸ дейди Абдулазизнинг тоғаси Зиëдбек Зайнобиддинов.

Бир неча кундан бери Пахтаобод касалхонасининг болалар жонлантириш бўлими остонасидан узоққа кетмаëтганини таъкидлаган Зайнобиддинов¸ 22 август куни бу ерда икки чақалоқнинг ўлганига ўзи гувоҳ бўлганини айтади. Озодлик ихтиёрида бу иддаони тасдиқловчи расмий маълумот йўқ.

Озодлик Пахтаобод туман марказий касалхонаси маъмуриятидан туғруқхона ва жонлантириш бўлимларида чақалоқлар ҳаëт-мамоти учун зарур дори воситаларининг йўқлиги ҳақидаги врачлар баëноти ва бемор яқинлари гапларига изоҳ сўради.

Касалхона бошлиқларидан бири¸ “бизда ҳаммаëқ бор¸ давлат ҳаммасини бераяпти”¸деган гапни қайта-қайта таъкидлади.

Айни пайтда Озодлик билан ўзини таништирмай гаплашган маъмур¸ тиббий таъминотда муаммо бўлмаса¸ нима учун чақалоқлар ҳаëти учун белгиловчи бўлган препаратнинг берилмаëтгани¸ бир куннинг ўзида икки чақалоқнинг ўлганига оид иддаони изоҳлашни истамади. Айни пайтда бу гапни инкор ҳам этмади.

Бу саволларга ярим соатдан сўнг ўрганиб¸ жавоб бераман¸ деган касалхона маъмурияти вакили¸ кейинги қўнғироқларга жавоб бермади.

Навоий шаҳар касалхонасидаги ўлим

23 август куни Озодликка мурожаат қилган навоийлик Нодира Боймиродова шаҳар марказий касалхонасида 66 яшар отасининг врачлар нопрофессионаллиги ва зарур тиббий жиҳозлар бўлмагани боис ўлганини айтди.

- 40 йил Навоий кон металлургия комбинатида ишлаган отам¸ Кунузоқ Боймиродовга шу йил 17 июль куни лимфа саратони (лимфома Ходжкина) ташхиси қўйилди. 22 июль кунги биринчи химиотерапиядан сўнг унинг аҳволи оғирлашди. 2-4 август кунлари иситмаси кўтарилиб¸ нафас олиши қийинлашиб¸ қон босими ошиб кетди¸ танасига тошма тошди. 4 август¸ якшанба куни “Тез ëрдам” чақирсак¸ келиб анальгин-димедрол укол қилиб кетди!!! Отамнинг аҳволи оғирлашаверганидан кейин¸ яна “Тез ëрдам” чақирдик. Келган бригадада на носилка¸ на каталкаси бор эди – оғир аҳволдаги отам 3- қаватдан ўзи пастга тушишга мажбур бўлди! Навоий шаҳар касалхонаси навбатчи врачи отамни¸ “ўладиган аҳволда эмас¸ менинг касалим эмас”¸ деб қабул қилишдан бош тортди. Отамнинг нафас олиши оғирлашавергандан кейин¸ врачлардан унга кислород беришни сўрадик. Аввалига йўқ дейишди¸ кейин олиб келишса¸ у ишламайдиган бўлиб чиқти. Бутун бошли шаҳар марказий касалхонасида на биринчи тиббий ëрдам беришга қодир врач¸ на керакли тиббий ускуна йўқ эди! Бир соат ичида отам жон берди.

Марҳумнинг Москвада яшаëтган қизи Нодира Боймиродованинг айтишича¸ отасининг бу қадар тезликда ўлишига¸ россиялик врачлар фикрича¸ унга нотўғри қилинган анальгин-димедрол уколи келтириб чиқарган интоксикация сабаб бўлган.

- Бир инсон умр бўйи оғир меҳнат қилди¸ давлатга муттасил солиқ тўлади¸ умрининг охирида унга битта кислород ëстиқчаси¸ кислород барокамерасини ҳам раво кўришмади! Навоий касалхонасида бор бўлган бу нарсаларни¸ врачлар отамга ишлатишни исташмади. Врачлар¸ айбини тан олмаяпти¸ кислород берганимизда ҳам барибир ўларди¸ деган гапни уялмай-нетмай такрорлашаяпти¸ дейди Нодира Боймиродова Озодлик билан суҳбатда.

Айтилишича¸ марҳум яқинлари ўлим сабабларини текширишни сўраб прокуратурага мурожаат қилган ва ҳозирда бу ўлим юзасидан ихтисослашган прокуратура мутахассислари терговга қадар суриштирув олиб бормоқда.

Навоий шаҳар марказий касалхонасининг Кунузоқ Боймиродов ўлими тафсилотидан хабардор врачи Озодлик саволларига жавоб бераркан, марҳумнинг яқинлари гапларини рад қилишга уринди¸ хусусан¸ касалхонада "ҳамма дори ва тиббий ускунлар мавжудлиги ва уларнинг рисоладагидай ишлаëтганини" билдирди.

Нафас олиши оғирлашган беморга тегишли ëрдам кўрстилмагани¸ хусусан¸ кислород ëстиқчасида кислород бўлмаганини инкор қилмаган бу врач¸ “кислород бўлганда ҳам¸ унга ëрдам бермас эди”¸ деган гап билан чекланди.

Озодлик Ўзбекистон Соғлқини сақлаш вазирлигига Пахтаобод марказий касалхонасида она ва бола ҳаëти учун зарур дориларнинг йўқлиги¸ Навоийда эса¸ кислород ëстиқчасининг носозлиги боис юз берган ўлим юзасидан изоҳ беришни сўраб мурожаат қилди.

Вазирлик расмийси¸ ҳар иккала ҳолат уларни алоҳида ўрганиб чиқишни талаб қилиши боис¸ Озодлик сўровига ҳозирча жавоб бера олмаслигини билдирди.

Айни пайтда бу расмий¸ Ўзбекистондаги чақалоқлар ўлими бўйича сўнгги статистик маълумотларни тақдим этишни ҳам истамади.

XS
SM
MD
LG