Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:30

Каттақўрғонда қишлоқ туғруқхонаси ëпилиб, аёллар уйда туғишга мажбур бўлмоқда (ВИДЕО)


Қоқсой ҚФЙ ҳудудида жойлашган мазкур бинодаги туғруқ бўлими февраль ойида ëпилгунга қадар атроф-яқиндаги кўплаб қишлоқ аëлларига хизмат кўрсатиб келган.
Қоқсой ҚФЙ ҳудудида жойлашган мазкур бинодаги туғруқ бўлими февраль ойида ëпилгунга қадар атроф-яқиндаги кўплаб қишлоқ аëлларига хизмат кўрсатиб келган.

Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туманидаги Мойбулоқ ва Қоқсой ҚФЙ аëлларига хизмат кўрсатиб келган туғруқ бўлимининг олти ой аввал ëпилиши бу ҳудуддаги ҳомиладор аëллар учун жиддий қийинчилик туғдирмоқда.

9000 нафар туғиш ëшидаги аëл яшовчи бу ва унга туташ дашт қишлоқлари туман марказидан 30-40 километр масофада жойлашгани боис¸ тўлғоқ тутган аëллар шаҳар туғруқхонасига етолмай¸ йўлда¸ ëки уйида туғишга мажбур бўлмоқда.

Озодликка юборилган видеотасвирда уйда туғишга мажбур бўлган келинчакнинг яқинлари шундай дейди ва расмийлардан бу муаммога ечим топишни сўрайди.

Самарқанд вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийси¸ қишлоқ туғруқхонасининг малакали кадр ва зарур тиббий ускуналар йўқлиги боис ëпилгани¸ айни пайтда уни таъмирлаб¸ қайта ишга тушириш имкони ўрганиб чиқилаëтганини билдирди.

"Қишлоқ аëллари туман марказига етолмай¸ уйда¸ йўлда туғмоқда"

Озодликка 9 сентябрь куни юборилган видеотасвирда уйда туққан аëл , унинг чақалоғи ва яқинлари акс этган. Видеода ерда ëзилган кўрпача устида ëтган аëл¸ унинг оëқ томонида турган қайчи ва дока¸ тоғорага солинган қонли латта кўринади.

Маҳаллий туғруқхонанинг ёпилиши ортидан аёллар уйда туғишга мажбур бўлмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:57 0:00

Видеода бир неча аëлнинг овози эшитилса-да¸ улар “бошимга бало келмасин” деган андиша билан юзини кўрсатмасликни сўрайди.

Оқ йўргакка ўралган чақалоқни ушлаб туриб гапирган аëл¸ овсинининг келинини уйида туғдиришга мажбур бўлганини айта туриб¸ видеодаги манзарага изоҳ беради.

Аëлнинг гапидан¸ Каттақўрғон тумани Мойбулоқ қишлоғидаги туғруқхонанинг олти ой аввал ëпилгани¸ шундан бери аëллар туғиш учун туман маркази¸ август ойида эса¸ бошқа туманларга боришга мажбур бўлаëтгани англашилади.

Йўлда туғиб қўяяпти¸ уйида туғиб қўяяпти¸ духтурга оборолмай қолаяпти. Оборганда ҳеч ким қарамаяпти. Кўчамиз ëмон бўлса¸ сойлар ëмон¸ йўллар ўнқир-чўнқир бўлса. Шундай азоб едик-шундай азоб едик! Тўлғоқ тутган маҳал (она-бола) нариги дунë билан курашади. Овсинимнинг келинини уйимга опкелиб туғдириб ўтирибман. Шўрлик¸ озгина азоб едими?” дейди видеога юзини кўрсатмасдан гапирган катта ëшдаги аëл.

Видеодаги воқеага изоҳ

Бу видеони юборган мойлисойликлардан бирининг 9 сентябрь куни Озодликка айтишича¸ жорий йил 8 февраль куни Мойбулоқ ва Қоқсой ҚФЙлари ўртасида 2002 йилдан бери ишлаб келган туғруқхона ëпилган.

Икки қаватли бу бино расман туғруққа тайëрлаш бўлими¸ деб айтиларди. Аммо Мойбулоқ¸ Қоқсой ва яна қанча дашт қишлоқларининг аëллари 10 йилдан бери шу ерда туғиб келган. Оғирроқ ҳолат бўлса¸ Каттақўрғон марказидаги туғруқхонага опкетишарди¸ аммо кўпчилик шу ерда туғарди. Февралда ремонтга деб ëпилганича¸ очилмади¸ очилиши ҳам даргумон бўп турипти”¸ деди Озодликка гапирган мойлисойликлардан бири.

Бу суҳбатдошнинг айтишича¸ август ойида Каттақўрғон туман касалхонасига қарашли туғруқхона ҳам ремонтга ëпилгани¸ ëн-атрофдаги ой-куни етган аëлларни янада оғир аҳволда қолдирган.

Кадандаги туғруқхона ëпилганидан кейин¸ шаҳарга боринглар дейишди. Шаҳар туғруқхонасида жой йўқлигидан¸ Иштихон ва бошқа туманларга юборишди. Тўлғоқ тутаëтган аëлни 30-40 кмга Дамасда олиб боришни тасаввур қилиб кўринг! Йўллар ëмон¸ орада сой бор. Бунча узоққа етолмаслигини билган аëллар¸ уйида туғаяпти. Мен билганим¸ кейинги бир ой ичида тўртта аëл уйида туғишга мажбур бўлди”¸ деди Озодлик гаплашган мойлисойлик.

Мойбулоқ ва Қоқсой ҚФЙ ҳудудида¸ расмий рақамларга кўра¸ 35 минг аҳоли яшайди¸ шундан 9000 нафари туғруқ ëшидаги аëллардир. Айни кунларда 400 га яқин ҳомиладор аëл борлиги айтилган бу иккала ҚФЙ фаоллари Озодлик билан суҳбатда¸ туғруқхона ëпилганидан кейин бу икки ҳудуд¸ қолаверса¸ уларга туташ даштдаги қишлоқлар аҳолиси учун жиддий муаммо туғилганини эътироф этди. Узоқдаги туғруқхонага етмай йўлда ëки уйида туғиб қўйган аëллар борлигини тан олган бу фаоллар¸ айни пайтда уларнинг аниқ сонини айтишни истамади.

Озодлик гаплашган мойбулоқ ва қоқсойликлар¸ бу иккала ҚФЙ ўртасидаги туғруқ бўлимини қайта очиш сўрови билан давлат идораларига мурожаат қилганликлари ва Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддиси келиб¸ шу масалада учрашув ўтказганини билдирди.

Қишлоқликлар таъкидича¸ бу учрашувда тиббиëт расмийлари Қоқсой ҳудудидаги туғруқ бўлимининг очилиш-очилмаслиги ҳақида аниқ гап айтмаган.

“Қишлоқ туғруқхонаси талабга жавоб бермагани учун ëпилди”

9 сентябрь куни Озодлик Мойбулоқдан келган видео ва қишлоқликлар эътирозларига муносабат сўраб Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийлари билан боғланди.

Ўтган ҳафта айни масалада Мойбулоқ ва Қоқсой ҚФЙ аҳолиси билан уч соат гаплашганини билдирган бошқарманинг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича бошлиқ ўринбосари¸ вазиятнинг анча чигал эканини тушунтирди.

Асосий вазифамиз¸ туғруқ пайтида она ва бола ҳаëтини сақлаб қолиш. Туғруқ бу жуда мураккаб жараëн. Туғиш пайтида аëлдан кутилмаганда кучли қон кетиш бошланса¸ бачадон олиб ташланади¸ бачадон олиб ташлангандан кейин ҳам қон кетиш тўхтамаса¸ экстирпация қилиш керак¸ ҳамма нарсаси олиб ташланади. 8 соат операция қилинган ҳолатлар бор. Мойбулоқда бунга на кадр ¸ на шароит бор. Шунинг учун малакали врачлар ва тегишли аппаратура бўлмагунча¸ буни вақтина ëпиб туришга қарор қилдик”¸ дейди бошқарма мутасаддиси Сайфиддин Мўминов.

Қишлоқликларнинг¸ “10 йилдан бери бу туғруқхона туппа-тузук ишлаëтган эди¸ ҳеч ким ўлмади” деган эътирозларига жавобан мутасадди¸ бугунга келиб туғруқ ëшидаги аëллар саломатлиги анча ëмонлашгани¸ туғруқ билан боғлиқ мураккабликлар кўпайганини айтди.

Бу бўлимда ишлаб келган гинеколог нормал туғруқ пайтидаги доянинг ишини қила олади. Лекин операция қилиш керак бўлса¸ қилолмайди¸ на малака¸ на шароит бор бунга. Ë она¸ ë болага бирор кори-ҳол бўлса¸ биз калламиз билан жавоб берамиз. 15-20 минут кеч туғса ҳам¸ аëл нормал шароитда туғиши керак. Бу роддом резервда турипти¸ штатлари ҳам турипти. Агар ҳам доялик¸ ҳам жарроҳлик қилиш қўлидан келадиган врач топилса¸ очамиз. Лекин бунақа кадр йўқ ҳозир”¸ дейди Мўминов.

Қишлоқ туғруқхонасига малакали врач¸ уни таъмирлаб ишга туширишга маблағ топилгунга қадар¸ мутасаддининг айтишича¸ вақтинчалик чора сифатида бошқарма Мойбулоқ ва Қоқсойдаги аëлларни туғруқхонага етказиш учун янги УАЗ машинаси ажратилган.

Айни пайтда¸ икки қаватли бу бинони давлат-хусусий шериклик асосида ишловчи тиббий муасссага айлантириш имконлари ҳам кўриб чиқилмоқда¸ деди Мўминов.

Бу мойбулоқликларнинг қишлоқ туғруқхонаси ëпилиши юзасидан Озодликка юборган биринчи эътирози эмас. 22 август куни SizdanTelegram каналида қишлоқ аҳли номидан ëзилган мурожаат эълон қилинган ва туман тиббиëт бирлашмаси бошлиғи О. Худжамбердиев унда келтирилган шикоятга жавоб ҳам берган эди.

“Каттақўрғон ҳақиқати” маҳаллий газетаси 26 август куни чоп этган бу жавобда Каттақўрғон “Туғруқ комплексининг Мойбулоқ қисмида даволаш, диагностика, санитария ва гигиена ва эпидимиология талабларига риоя қилиниш ҳолатлари ачинарли эканлиги маълум бўлгач, амалдаги қонунчиликка мувофиқ туғруқ мажмуасининг фаолияти вақтинчага тўхтатилгани” айтилган эди.

Расмий жавобда шунингдек¸ “ўтган вақт ичида юқоридаги ҳолатлар аҳоли учун муаммо туғдирган ҳолатлари бўлиши мумкинлигини рад этмаймиз. Бунинг учун халқимиздан узр сўраймиз. Келгусида худди шундай ҳолатларни олдиндан бартараф этишга ҳаракат қиламиз”¸ дейилган эди.

Озодлик гаплашган врачларга кўра¸ ëз Ўзбекистонда туғруқ мавсуми ҳисобланади ва айни шу фаслда республика бўйлаб жуда кўп туғруқхона дезинфекция мақсадида ëпилади. Очиқ қолган туғруқхоналарнинг бир неча туман аëлларига хизмат кўрсатишга мажбурлиги ортидан¸ уларда туғишга келган аëллар сони кескин ошиб¸ жой етишмаслиги кузатилади.

Озодлик жорий йилнинг июль ойида Андижон вилояти Марҳамат тумани туғруқхонаси¸ ўтган ҳафта эса¸ Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани туғруқхонасида туққан аëлларнинг жой йўқлигидан ерда ëтгани акс этган сурат ва видеоларни чоп қилган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG