Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:38

Врачлар: Бино таъмирига пул бермаганларга операция қилиш учун бемор берилмайдиган бўлди


Тошкент шаҳар онкология филиали
Тошкент шаҳар онкология филиали

"Ким кафедралар таъмири учун пул тўламаса, касал кўриш, операция қилишга касал бермас экан". Бу гапни Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиали врачлари Озодликка қилган шикояти давомида айтди.

Врачларнинг айтишича, филиал директори кафедра мудирларига ўзлари уста гаплашиб, кафедра эгаллаган хона(лар)ни ҳамда коридорларни ўз ҳисобларидан таъмир қилишни буюрган. Врачлар ўз иддаоларининг тасдиғи сифатида Телеграмдаги ёзишмаларнинг скриншотларини Озодликка тақдим этди.

Кафедра мудири шахсан ўзи пул бермаганини айтиш билан чекланиб, Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар онкология филиали врачлари кафедралар таъмири учун ҳар бир шифокордан бир миллион сўмдан кўп пул йиғилаётгани ҳақида Озодликка ёзди:

“Бизлар ишлайликми, оила боқайликми ёки ремонт қилайликми? Бизда ассистент бўлиб ишлайдиган Ўктам исмли врач ҳамма шифокорларга телефондан хабар юборди. Кафедралар ремонтини ўзимиз кўтаришимиз керак экан, директорнинг буйруғи деб ёзибди. Агар ким пулни тўламаса, касал кўриш, операция қилишга касал бермас экан. (Таъкид Озодликники - таҳр.)) Врачлар бошини чангаллаб қолди, нега давлатимиз барча таъмир ишларига пул ажратиб турган бўлса-да, бизнинг ҳисобимиздан ремонт қилишлари керак?”

Врачлар Ўктам исмли ассистентдан уларга Теlegram тармоғи орқали келган хабарлар скриншотини ҳам Озодликка тақдим қилди:

“Директорнинг буйруғи келди. Кафедрани ўзимизни ҳисобимиздан ремонт қилишимиз керак экан. Шунга ҳозир Нигора Эргашевна билан биргаликда устани гаплашдик ва 2 та кафедрага 10 000 000 сўмдан тушди.

Ҳар бир ходимдан 1 286 000 сўмдан тушди.

Ким қарши бўлса клиникада бемор курация (касал қабул қилиш, ташхис қўйиш, уни даволаш – таҳр.) қилишига рухсат берилмас экан.

2-3 кун ичида ҳамма пулини олиб келиб берсин”

Скриншотда пул топшириши шарт бўлган 7 врачнинг фамилияси ҳам ёзилгани акс этган.

Онкология врачларига юборилган хат
Онкология врачларига юборилган хат

Онкология кафедраси ассистенти Ўктам Қурбонқулов Озодлик билан суҳбатда врачлардан таъмир учун пул йиғилаётганини инкор қилди. Озодлик тасарруфида унинг шахсий Телеграмидан врачларга ёзган хатлари борлигини эшитганидан сўнг, “менинг исмимдан ёзилган нарсаларни берсангиз, судга бераман”, деди.

Ишдан ҳайдалишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган врачлардан бирининг айтишича, улар ишсиз қолишидан хавотир олиб бирин-кетин таъмир харажатини бермоқда:

“Ҳар куни эрталабки мажлис шу гапдан бошланади. Ҳар куни пулни тезроқ топшириш талаб қилиняпти. Ҳамма бунинг ноқонуний эканлигини билади, лекин касалсиз, ишсиз ўтириб қолишидан қўрқиб, ҳеч ким норозилик билдира олмаяпти”.

Онкология кафедраси мудири Нигора Атахонова врачлардан таъмир учун пул йиғилаётгани ҳақидаги гапларни инкор этар экан, шахсан ўзи пул бермаганини айтди:

“Ҳеч қанақа пул йиғилгани йўқ, лично мен берганим йўқ”.

Тошкент шаҳар онкология филиали директори Ғолиб Ҳакимов билан боғланиш имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG