Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:29

Ëшлар иттифоқи 30 ëшгача бўлган руҳий касалларни рўйхатга олмоқда


Ўзбекистон Ëшлар иттифоқи Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 30 ëшгача бўлган руҳий касалларни рўйатга олиш тўғрисида қўшма қарор имзолади.

Озодликда нусҳаси мавжуд бўлган ҳужжатга кўра¸ бу икки вазирлик «суд томонидан руҳий носоғлом деб топилган 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган» ëшлар рўйхатини Ëшлар иттифоқига тақдим қилади.

Озодлик суҳбатлашган таниқли врач фикрича, бу ҳолат «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги» қонуннинг 45- моддасига зиддир.

Жорий йил июлида имзоланган қўшма қарорга биноан «18 ëшдан 30 ëшгача бўлган руҳий носоғлом ëшлар ҳақидаги маълумотлар» (исм шарифи¸ жинси¸ манзили¸ туғилган санаси¸ диагностик ҳужжатлар...) уларни «уюшмаган ëшлар сифатида жамиятга интеграциялаш» мақсадида йиғилади.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжат
Озодлик тасарруфидаги ҳужжат

"Руҳий касалларни оталиққа олиш таклифи тепадан тушди"

Озодлик бу масалага янада аниқлик киритиш учун Ўзбекистон Ëшлар иттифоқи республика идорасида ишлайдиган мулозим билан гаплашди. Исми айтилишини истамаган суҳбатдошга кўра¸ руҳий носоғлом бўлган ëшлар билан ишлаш ҳақидаги кўрсатма «Президент девонидан тушган».

- Мана қўлимда Президент девонидан тушган 14633-хх сонли топшириқ турибди. Бу топшириқда "Руҳий носоғлом¸ тарбияси оғир¸ ҳаëтда ўз йўлини топишга қийналаëтган ëшлар билан ишлаш¸ уларнинг маънавиятини ошириш¸ ҳамда бўш вақтларини мажмунли ўтказиш" бўйича аниқ кўрсатма берилган. Агар қўшма қарорни кўрган бўлсангиз¸ уни нафақат Ички ишлар ва соғлиқни сақлаш вазири¸ балки Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири¸ Олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳам имзолаган. Бу дегани барча вазирликлар бир ëқадан бош чиқариб тарбияси оғир бўлган ëшларни фаол ҳаëтга интеграция қилишни англатади. Уларни яккалаб қўймаслик¸ сафимизга қўшиш ҳаракатини нимаси ëмон?- деди Ëшлар иттифоқи мулозими.

Бемор билан фақат врач ишлаши керак

Таниқли врач ва ижтимоий фаол Дилмурод Эргашев «жамоат ташкилоти бўлган Ëшлар иттифоқининг қўлида руҳий носоғлом ëшлар рўйхати бўлишини қонунга зид деб билади:

- Қонунда бу шифокор сири сифатида аниқ кўрсатилган. Руҳий носоғлом кишилар рўйхати вазирликдан ташқарига чиқиши мумкин эмас. Агар улар жамиятга ҳавф соладиган бўлса, суд қарори билан муомалага яроқсиз деб топилади ва Ички ишлар вазирлигида рўйхатда туради. Бу икки вазирликдаги рўйхат бемор сири сифатида дахлсиз сақланади. Масалан, Совет даврида комсомол идораси келиб Ички ишлар вазирлигидан жиннилар спискасини сўраса кулгига қолар эди. Чунки бу ўша Совет даврида ҳам бемор сири сифатида сақланган. Энди иккинчи ҳолат ўша комсомолнинг янгича тури бўлган Ëшлар иттифоқи руҳий касаллар маънавиятини ўстириб жамиятга қўшмоқчимиз, дебди. Бу энди энг даҳшатли гап. Ким у ўзи бу ëшлар иттифоқи? Нега улар компетенцияси бўлмаган жойга бурнини тиқади? Бемор билан мединститутда камида олти йил ўқиган тажрибали врач иш олиб боришга ҳақли. Бу нарсани Ëшлар иттифоқи раиси билмаса ҳам Соғлиқни сақлаш вазири Шодмонов биладику?! Конституциядаги шахсий ҳаëт дахслисизлиги ҳақидаги банд бекор бўлмадику! Соғлиқни сақлаш ҳақидаги қонун ҳам ўз кучида турибди. Бу ҳуқуқий нигилизмдан бошқа нарса эмас, - дейди таниқли врач Дилмурод Эргашев.

«Бемор ихтиëри билан»???

Ўзбекистон Ëшлар иттифоқи республика идораси муллозими эса, қонун шартлари бузилмаганлигини иддао қилади:

- Аввало бу рўйхатни биз ҳам сир сақлаймиз. Дилмурод Эргашев келтирган «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги» қонуннинг 45- моддаси учинчи бандида бемор розилик берган тақдирда истисно сифатида касал ҳақидаги маълумотлар очиқланиши мумкин дейилган. Бу энди умумий фон. Асосий нарса Ëшлар Иттифоқининг мақсади эзгу эканлигида. Биз "фалончи жинни экан¸ шуни тарбиялаб ташлайлик", деб қўпол ҳаракат қилмоқчи эмасмиз. Қолаверса, қўшма қарорда фақат руҳий касал ëшлар ҳақида айтилмаган. Барча тарбияси оғир ëшлар ҳақида¸ уларни ишга жойлаштириш¸ керак бўлса банкдан кредит олиб бериш устида ҳам ишлаяпмиз¸ - дейди мулозим.

Беморни ҳоли қўйишсин

Врач Дилмурод Эргашев «гап оддий бемор ҳақида эмас руҳий касаллар ҳақида кетаëтганига» диққат қаради:

- Қанақа қилиб руҳий касал розилик бериши мумкин?! Ахир у муомалага ярқосизку! Кўричаги операция қилинган бемор бошқа¸ руҳий касал бошқа. Наҳотки Ëшлар иттифоқи шуни тушунмайди?! Гапнинг қисқаси, касални бемор билан ëлғиз қолдирсин шу Ëшлар иттифоқи. Илтимос. Майли бошқа тарбияси оғир ëшларнинг маънавиятини кучайтираверсин қўлидан келса¸ лекин тиббий маълумоти бўлмасдан туриб беморларга яқинлашишмасин, - дейди врач Дилмурод Эргашев.

Уюшмаган ëшларни рўйхатга олиш мавсуми

Ëшклар иттифоқи тадбирларидан бири
Ëшклар иттифоқи тадбирларидан бири

​Озодлик 17 июль куни Сурхондарё вилоят, Ангор туманида Ёшлар Иттифоқи ёшларни рўйхатга олиш тадбирига таътилдаги ўқитувчи ва ишдаги ҳамшираларни мажбурлааëтгани ҳақида ëзган эди. Бундан олдин Андижон ​шаҳар ҳокими мактаб директорларига ўқитувчиларини таътилдан чақириб олиб, маҳаллалардаги ёшларни рўйхатга олиш топшириғини бергани ҳақида маълум қилган эдик.

XS
SM
MD
LG