Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:43

Ангорда Ёшлар Иттифоқи ўқитувчи ва ҳамшираларни ёшларни рўйхатга олишга мажбурламоқда


Ёшларни рўйхатга олиш жараёни (Сурат Ёшлар Иттифоқи расмий сайтидан олинди)
Ёшларни рўйхатга олиш жараёни (Сурат Ёшлар Иттифоқи расмий сайтидан олинди)

Сурхондарё вилоят, Ангор туманида Ёшлар Иттифоқи ёшларни рўйхатга олиш тадбирига таътилдаги ўқитувчи ва ишдаги ҳамшираларни мажбурламоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ангорликлардан бирига кўра, Иттифоқ фаоллари барча "ёшлар билан суҳбатлашишга улгурмагани учун ҳамширалар ва ўқитувчилардан фойдаланаяпти".

Аммо Ангор тумани Ёшлар Иттифоқи раҳбари ҳамшира ва ўқитувчиларни меҳнатга мажбурлаш ҳоллари бўлмаганини айтди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 10 май куни қабул қилган қарорида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ходимларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланилиши алоҳида қайд этилган.

Ўзбекистон президенти 2018 йил, 27 июнда имзолаган "Ёшлар - келажагимиз" давлат дастури тўғрисидаги фармонга мувофиқ, Ёшлар Иттифоқи фаолларига уйма-уй юриб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни хоҳлайдиган 30 ёшгача бўлган ёшларни аниқлаш вазифаси юклатилган.

Ангор туманидаги маҳалла фаолларидан бирининг исми сир қолиш шарти билан айтишича, Ёшлар Иттифоқи Ангор туман бўлими бошлиғи Жасур Холназаров ёшларни рўйхатга олиш ишларини "тезроқ" тугатишга буйруқ берган.

Икки кун аввал маҳаллага Жасур Холназаров келганда мактабдан ҳам ўқитувчи олиб бераман деб кетди, фақат битта ҳам ёшларни қолдирмай тезроқ тугатиб беринглар, деб анкета қоғозларини ташлаб кетди. Таътилдаги ўқитувчиларни ишга чиқишга мажбур қилишаяпти,” деди маҳалла фаолларидан бири.

Туман марказий шифохонаси ҳамшираларидан бири ёшлар анкетасини тўлдиришга улар ҳам жалб этилганини айтди:

"Маҳалла фаолларига қўшиб, бизни ҳам чиқаришаяпти. Бош врачга ҳамшираларни чиқаришга буйруқ берилган. Биздан ташқари маҳалла раиси бор, посбон бор, маслаҳатчи бор ва маънавият ўқитувчилари бор. Биз шифохонада ишлашимиз керакми ёки уйма-уй юриб, анкета тўлдиришимиз керакми? Қачонгача мажбурлашлар давом этади?" дея эътироз билдирди ҳамшира.

Аммо Ангор тумани Ёшлар Иттифоқи раҳбари Жасур Холназаров Озодлик билан суҳбатда ўқитувчи ва ҳамшираларнинг меҳнатга мажбурлаш бўлмаганини айтди:

- Бу ишга ўзимнинг етакчиларим бор. Ҳар бир мактабда бошланғич ташкилот етакчилари бор. Кейин жамоат ишида ишлайдиган ёшлар етакчилари бор. Ўшалар масъул. Маҳалла котиблари масъул. Маҳалла раислари масъул. Тиббиётчилар тиббиётини қилсин. Ўқитувчилар ўқитувчилигини қилсин. Мактабдан ўқитувчи олганим йўқ, - деди Жасур Холназаров.

У ёшлар рўйхатини тузишдан мақсад ёшларни иш билан таъминлаш, уларга имтиёзли кредитлар олишда ёрдам бериш ва тадбиркорликни ривожлантириш эканини маълум қилди.

14 июлда ҳам Андижон ​шаҳар ҳокими мактаб директорларига ўқитувчиларини таътилдан чақириб олиб, маҳаллалардаги ёшларни рўйхатга олиш топшириғини бергани ҳақида Озодлик ​ хабар қилганди.

Озодлик 17 июль куни давомида Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгашидан изоҳ олишга уринди.

Бироқ, Ёшлар Иттифоқи ходимлари иттифоқ раҳбариятининг жойларда ёшлар билан учрашаётганини маълум қилиш билан чекланди.

Ўзбекистон Бош вазири 21 июнь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида мактабларни ҳокимлар назоратидан чиқарган ва эндиликда фақат Халқ таълими вазирлигига бўйсунишини айтган эди.

17 апрель куни эса Ўзбекистон Бош вазири ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш масаласида селектор йиғилиши ўтказиб, бир неча ҳокимга ҳайфсан берган эди.

XS
SM
MD
LG