Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:55

Бош вазир тақиқига қарамай Андижон шаҳар ҳокими ўқитувчиларни яна мажбурий меҳнатга чиқарди


Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг 21 июнда ўтказган видеоселектор йиғилишида мактабларни ҳокимлар назоратидан чиқариш ҳақидаги топшириғига қарамасдан Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев мактаб директорларига ўқитувчиларини таътилдан чақириб олиб, маҳаллалардаги ёшларни рўйхатга олиш топшириғини берди.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган ўқитувчилар ва мактаб директорларининг айтишларича, биринчи топшириқ душанба куни ўтган мажлисда берилган.

Андижон шаҳар ҳокимлиги мулозими бундай топшириқ бўлганини инкор қилмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 10 май куни қабул қилган қарорида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, талабалар ва таълим муассасалари ўқувчиларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланилиши ёзилган.

Андижон шаҳридаги мактаблардан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчининг Озодликка айтишича, мактаб директори таътилдаги ўқитувчиларни ҳокимнинг топшириғини бажариш учун чақириб олган:

“Директоримиз телефон қилиб, мактабга келишимни сўради. Борсак шу гап, биз ҳар куни 4-5 тадан бўлиб маҳаллага биркитилган эканмиз. Маҳалладаги 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг рўйхатини олиб, топширар эканмиз. Мана энди таътил ҳам бир пул бўлиб, маҳаллама-маҳалла юрибмиз. Шаҳар ҳокими учун Бош вазирнинг гапи ҳам бир чақалик аҳамияти йўқ экан”, деди ўқитувчи.

Ўқитувчи мактаб директорининг телефонига шаҳар халқ таълими мутасаддисидан келган SMSни Озодликка юборди. Унда бу топшириқ шаҳар ҳокимидан бўлганлиги ёзилган.

Андижон шаҳар халқ таълими мулозимидан мактаб директорларига келган SMS
Андижон шаҳар халқ таълими мулозимидан мактаб директорларига келган SMS

​Шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев 9-июль куни кечқурун ўтказган йиғилишга чақиртирилган, исми сир қолишини сўраган мактаб директорларидан бирининг айтишича, ўқитувчилар ҳокимнинг бу топшириғидан норози бўлмоқда:

“Ҳоким мажлисда президентнинг қарори бор, ёшлар қанча эканлигини аниқлаймиз, деди. Шунга ҳамма мактаб директорларига ўқитувчиларингни маҳаллаларга биркитинглар, санаб чиқсин деди. Бу, маҳалла билан ҳокимликнинг, қолаверса Ёшлар иттифоқи деган бир ташкилотнинг ишику, биз ўқитувчиларни бунга нима дахли бор? Мен ҳам, мажбур бўлиб, ўқитувчиларимни таътилдан чақириб олдим, олти-олтидан бўлиб, фалон-фалон маҳаллада юрасиз деб, жадвал қилдим. Ўқитувчиларимиз норози бўляпти, ахир мактаблар энди ҳокимларга бўйсунмайди, ўзини иши билан машғул бўлади, деб айтишган эдику, деб. Мен нима ҳам дердим, бизнинг шаҳар ҳокими Бош вазирдан ҳам зўр, дедим”, дейди мактаб директорларидан бири.

Андижон шаҳар халқ таълими мулозимидан мактаб директорларига келган SMS
Андижон шаҳар халқ таълими мулозимидан мактаб директорларига келган SMS

Исми сир қолишини сўраган бошқа мактаб директорининг иддао қилишича, шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев мажлисда мактаб директорига босим ўтказган:

“Эй, сен мактаб директорлари, яқинда сени беш-ўнтангни жувонмарг қилиб, бурнингни қонатаман, қамаласан сенлар, деди ҳоким йиғилишда. Билмадим, бу ҳоким кимга ишонади, қанча танқид қилинган бўлса ҳам, сўконғичлиги учун жаримага ҳам тортилган бўлса ҳам, Бош вазир мажбурий меҳнат учун сўнгги бор огоҳлантирган бўлса ҳам, ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Ўқитувчилар ҳокимиятнинг мардикори сифатида қолмоқда”, дейди мактаб директори.

Андижон шаҳридаги исми сир қолишини сўраган маҳалла оқсоқолларидан бири ҳам 11 июль куни кечқурун соат 7да ўтказилган йиғилишда иштирок этганини айтар экан, шаҳар халқ таълими бўлими мудирасини ҳоким йиғлатганини айтди:

"Мудирани нега директорларинг айтган топшириқни бажармаяпти, тварь-пварь деб сўкди. Мудира йиғлаб юборди. Ҳозир менинг маҳалламда ҳам тўртта ўқитувчи уйма-уй рўйхат қилиб юрибди", деди маҳалла оқсоқоли.

Андижон шаҳар ҳокимлигининг Озодлик боғланган расмийси ўзини таништирмади, у шаҳар ҳокими томонидан бундай топшириқ берилганини инкор қилди:

"Ҳокимликда бу воқеадан ҳеч кимнинг хабари йўқ, ҳоким томонидан бундай топшириқ берилмаган", деди мулозим.

Ўзбекистон Бош вазири 21 июнда ўтказган видеоселектор йиғилишида мактабларни ҳокимлар назоратидан чиқарган ва эндиликда фақат Халқ таълими вазирлигига бўйсунишини айтган эди.

Бундан аввал эса, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш масаласида 17 апрель куни ўтказган селектор йиғилишида, бир неча ҳокимга ҳайфсан эълон қилиб, Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевни охирги марта огоҳлантираётганини айтган эди.

Сўконғич ва ҳукумат қарорларини назар-писанд қилмайдиган ҳоким

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев ўтган йили кузда пахта теримига кам одам одам чиқарган ташкилот раҳбарларини қаттиқ ҳақоратқилган ва бу ҳақоратлари учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга 5 миллион сўм жарима солинган эди.

Лекин, бу жаримадан сўнг, жорий йилнинг февраль ойида Дилмурод Раҳматуллаев металлолом топшириғини бажармаган ва болалар спорти жамғармасига пул ўтказмаган раҳбарларни яна “ифлос, шакал, тварь, ҳайвон”каби сўзлар билан таҳқирлаган эди.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 17 апрель куни ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш масаласида ўтказган селектор йиғилишида, бир неча ҳокимга ҳайфсан эълон қилиб, Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевни охирги марта огоҳлантираётганини айтган эди.

Аммо, бу огоҳлантиришдан кейин ҳам Дилмурод Раҳматуллаев 15 май куни ободонлаштириш ишларига етарли эътибор бермаган маҳаллий ташкилот раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларини "ифлос, худо урган, мараз, пес, мохов, ҳаром ва латта" каби сўзлар билан ҳақорат қилган эди.

Озодлик тасарруфида бу ҳақоратларнинг ҳамма аудиоёзувлари сақланган.

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев сўконғичлиги учун жазо олганига ва Бош вазир томонидан сўнгги огоҳлантирилганига қарамай, ташкилот раҳбарларини ҳақорат қилишда давом этяпти.

Бунга қонун нима дейди?

Озодлик, ўзбекистонлик ҳуқуқшунослардан бирига бу масалага ҳуқуқий баҳо олиш учун мурожаат қилди.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, маъмурий жазога тортилган мансабдор шахс, агар бу ҳаракатини яна давом эттирса, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 140- моддаси билан жавобгарликка тортилади.

Бу моддада шундай ёзилган:

“Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади”.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, агар мансабдор шахснинг ҳақоратига даъвогар шахс бўлмаса ҳам, бу воқеа оммавий ахборот воситаларида ёритилган бўлса прокуратура жиноий иш қўзғатиши шарт. Акс ҳолда жиноятни яшираётган ҳисобланади.

Ҳуқушунос бу гапини Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 327-моддаси билан асослайди:

“Муайян жиноят тўғрисида матбуот, радио ва телевидение, ҳужжатли кинофильмлардаги, шунингдек, оммавий ахборот воситаларига йўлланган, лекин эълон қилинмаган хатлардаги хабарлар жиноят ишини қўзғатишга сабаб бўлади”.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, агар прокуратура бу ҳолатни билиб туриб жиноят иши очмаса унинг хатти-ҳаракатини Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 2411-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) билан малакалаш мумкин.

XS
SM
MD
LG