Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:42

Ëшлар иттифоқига имтиëз устига имтиëз берилмоқда. Улар кимга тегади?


Ëшлар иттифоқи президент Мирзиëевнинг 2016 йил 30 июнь куни камолотчилар билан учрашувида туғилди.
Ëшлар иттифоқи президент Мирзиëевнинг 2016 йил 30 июнь куни камолотчилар билан учрашувида туғилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 14 ноябрь кунги қарори билан Ëшлар иттифоқи фидойилари тавсиянома асосида олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилинадиган бўлди; 2018 йил январидан иттифоқнинг тадбиркор бўлишни истаган аъзоларига фоизсиз кредит беришни бошлаш режаланмоқда. Айни пайтда¸ президент ташаббуси билан тузилган Ëшлар иттифоқига берилаëтган бу имтиëзлар учун маблағнинг қаердан олинишию янги имтиëзлардан кимлар баҳраманд бўлиши ҳозирча номаълум қолмоқда.

Уйсизига имтиëзли уй¸ тадбиркорлик қилмоқчи бўлганига имтиëзли кредит¸ ўқишга кирмоқчи бўлганига имтиҳонсиз ўқишга кириш¸ Тошкентда пропискаси йўғига¸ Тошкентдан прописка. Буларнинг ҳаммаси - туғилганига ҳали ярим йил ҳам тўлмаган Ëшлар иттифоқи фаоллари ва аъзоларига ваъда қилинаëтган имтиëзлардан бир шингили.

30 июнь куни “камолотчилар” билан учрашган президент Шавкат Мирзиëев “Камолот”нинг Ўзбекистон ҳаëтида етарли статус-нуфузга эриша олмаганини танқид қилган ва мамлакатда ëшларнинг суянчиғи бўладиган “мутлақо янги” Ëшлар иттифоқи таъсис қилган эди. (Рус тилида "Союз молодёжи Узбекистана" ёки СОМОЛУз, Совет давридаги КОМСОМОЛ га ҳамоҳанг)

Расмий матбуотга кўра¸ ўтган 5 ой ичида Ëшлар иттифоқини ҳамма ҳисоблашадиган ташкилотга айлантиришни мақсад қилган президент ва ҳукумат иттифоқни кучайтириш мақсадида камида 15 та фармон ва қарор қабул қилган.

Бу қарорларнинг сўнггиси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Ëшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиëзлар бериш тўғрисидаги” қарори бўлди.

Қарорга кўра¸ Ëшлар иттифоқи “сардорлари¸ иттифоқнинг бошланғич ташкилотларидаги йўналиш етакчилари ва иттифоқ тизимида икки йиллик меҳнат стажига эга фидойи”лари тавсиянома асосида доимий яшаш жойидаги олий таълим муассасаларининг педагогика таълим йўналишларига имтиҳонсиз қабул қилинади.

Бундай тавсияномага даъвогарлар ҳужжатлари ҳар йили 1 мартдан 25 мартгача қабул қилинади¸ кимга тавсиянома берилишини ўқишга кириш бўйича давлат комиссияси ҳал қилади.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистондаги айрим Педагогика институти мулозимлари¸ ўзларининг бу жараëнга дахлсиз эканликларини билдирдилар.

Тавсияномага навбат?

Озодлик Ëшлар иттифоқига берилаëтган имтиëзларнинг кимга¸ қайси мезонлар асосида берилиши тафсилотларини ўрганиш мақсадида Ëшлар иттифоқи Марказий кенгаши билан боғланди. Кенгаш вакили томонидан Ëшлар иттифоқи матбуот хизматиники деб берилган ( 241 02 72) телефон рақамига кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

Иттифоқнинг туманлардаги етакчиларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ҳозирча Ëшлар иттифоқига аъзо жалб этиш мақсадида ҳамма имтиëзли дастурлар бўйича ариза олиш жараёни кетаëтгани¸ ўқишга киришдаги имтиëз янги воқеа бўлгани боис¸ бу жараëннинг ҳали бошланмаганини билдирди.

“Ëшлар иттифоқининг битта туман кенгашида бешта штат бор¸ қолганлари - мактаб-коллежлардаги етакчилар. Биз ҳозир маҳаллама-маҳалла юриб¸ ëшлар¸ айниқса¸ уюшмаган¸ ишсиз ўтирган ëшларга имтиëзларни тушунтириб юрибмиз. Қизиқиш катта. Ëшлар иттифоқига аъзо бўламан деганлар кўпаймоқда¸ айниқса¸ ишсизлар орасида кўпайди. Сабаби¸ биз ишлайман деганга иш топишга¸ тадбиркор бўламан деганига кредит олишга ëрдам бераяпмиз”¸ деди Озодлик гаплашган туман Ëшлар иттифоқи етакчиларидан бири.

Ўқишга Ëшлар иттифоқи тавсияномаси билан имтиҳонсиз кириш энди ўқийман¸ деган ëшларни ҳам қизиқтираяпти¸ деган бу суҳбатдош¸ ҳозирча бундай тавсияноманинг кимларга берилишини ҳақида аниқ йўриқнома йўқлигини билдирди.

“Марказий кенгашда махсус комиссия бўлади¸ ўша ердагилар аризаларни кўриб чиқиб¸ лойиқ топилганларга тавсиянома беради”¸ деган Ëшлар иттифоқи етакчиси¸ бу жараëннинг энди Ëшлар иттифоқи бошқарувида таниш-билишчилик ва коррупцияни кучайтириши ҳақидаги фикрларни рад этишга уринди.

“Тавсияноманинг кимга берилишини ҳал қиладиган одам Тошкентда ўтиради¸ у дейлик¸ Қашқадарëдан ариза топширган фаолни танимайди ҳам. Шунинг учун энди ўқишга кириш учун бериладиган Ëшлар иттифоқи тавсияси сотилар эканда¸ деган гапларда жон йўқ”¸ деди туманлардан бири Ëшлар иттифоқи етакчиси.

Айни пайтда бу фаол Педагогика институтлари эшигини очиб берувчи тавсияномага мурожаат қилувчиларнинг билим даражасидан кўра¸ ижтимоий фаоллигига кўпроқ қаралишини тахмин қилди.

Ëшлар иттифоқининг ўзи кредит берувчи тизимга айланмоқчи

Айтилишича¸ Ўзбекистон Ëшлар иттифоқи ва Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ўртасида иттифоқ фаолларига имтиëзли кредит ажратиш бўйича меморандум имзоланган ва бундай кредит бошланган.

2018 йил январидан бошлаб¸ Озодликка маълум бўлишича¸ Ëшлар иттифоқининг ўзи аъзоларига мутлақ фоизсиз грант-кредитлар ажратишни йўлга қўймоқчи.

“Президентимиз Ëшлар иттифоқига мақсадли фойдаланиш учун 30 миллирад сўм ажратди. Ана шу маблағни ишсиз ва камбағал ëшлар¸ хусусан¸ тадбиркорлик қилиб¸ ўзини ўзи иш билан таъминлашга бел боғлаган иттифоқ аъзоларига ноль фоиз билан (яъни фоизсиз) уч йиллик грант қилиб бериш режаси ишлаб чиқилган. Январь ойидан бошлаб энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдоридаги шундай грантлар ажратила бошланади. Ҳозир шунга ариза топшираëтганлар кўпаймоқда”¸ деди Озодлик гаплашган Ëшлар иттифоқи вакили.

Айтилишича¸ бундай кредит олиш учун иш-бизнес режаси ишлаб чиқишга ëрдам беришдан¸ то унинг мақсадли сарфланишини ойига икки марталаб назорат қилиш¸ бу бизнес режасининг амалга ошишида туғиладиган ҳар қандай тўсиқни бекор қилишга қадар – Ëшлар иттифоқи зиммасида бўлади.

Айни пайтда Озодлик гаплашган Ëшлар иттифоқи вакили¸ ëшларни ишсизлик ва камбағалликдан чиқариш учун ажратилиши кутилаëтган имтиëзли кредитларнинг ҳам¸ маблағ чеклангани боис¸ чекланган миқдорда бўлиши¸ ўрта ҳисобда бундай кредитнинг бир туманда бир ëки иккита ëшлар фаолига тегиши мумкинлигини эътироф қилди.

XS
SM
MD
LG