Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:33

Сирдарёда ҳам ўқитувчилар Ёшлар Иттифоқи ишларини бажаришга жалб этилди


Ёшларни рўйхатга олиш жараёни (Сурат Ёшлар Иттифоқи расмий сайтидан олинди)
Ёшларни рўйхатга олиш жараёни (Сурат Ёшлар Иттифоқи расмий сайтидан олинди)

Сирдарё вилоят, Мирзаобод туманидаги баъзи мактаблар ўқитувчилари маҳаллама-маҳалла юриб, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўсмир-ёшларни хатлаб чиқиш учун таътилдан чақириб олинди.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган ўқитувчиларнинг айтишича, улар таътилда белгиланган ҳордиқ ва бошқа ишларини четга суриб қўйиб, мактаб директорларининг бу топшириғини бажаришга мажбур бўлмоқда.

Мактаб директори бундай ҳолат бўлаётганини тан олди, вилоят халқ таълими бошқармаси инкор қилди.

Халқ таълими вазирлиги мулозими ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳаракат бошланганини айтди.

Мирзаобод туманида яшайдиган исми сир қолишини сўраган пенсионер ўқитувчи, ҳамкасбларининг таътил пайтида ҳам уйма-уй юрганига ўзи гувоҳ бўлганини айтади:

“Бугун 18-мактабда ишлайдиган ўқитувчилардан иккитаси уйга келди. Анча гаплашдик, улар ўқитувчилар ҳақида бўлаётган ўзгаришлардан хурсанд эканлигини айтишди. Бўлмаса, нега таътил пайтида уйма-уй юрибсизлар деб сўрасам, директоримиздан Ёшлар иттифоқи вакили илтимос қилибди, шунга директоримиз бизни таътилдан чақириб олди, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларни рўйхатга олиб юрибмиз, деб айтди. Ўқитувчилар илгари ҳокимиятларнинг мардикори эди, энди Ёшлар иттиофига мардикор бўлиб қолибди-да, дедим”, дейди пенсионер ўқитувчи.

Исми сир қолишини сўраган бошқа ўқитувчи эса, мактаб директорининг илтимосига йўқ дея олмаганини айтди:

“Директоримиз, жуда яхши раҳбар, мулойим инсон. Бир-икки кун ёрдам қилиб юборинглар, деб айтди. Шунга чиқиб ёшларга ёрдам беряпмиз”, дейди ўқитувчи.

Исми сир қолишини сўраган мирзаободликлардан бири, Озодликка ўқитувчи хотини билан телефон орқали қилган мулоқоти аудиоёзувини юборди.

Бу аудиоёзувда, ўқитувчи аёлининг қаерда юрганлигини сўраган эрга, хотини, маҳаллада уйма-уй юргани, одамларни рўйхатга олиш ишлари билан машғул эканлиги ҳақида айтади.

Мирзаобод туманидаги 18-мактаб директори Нодира Маматқулова ҳақиқатан ҳам ўқитувчилар Ёшлар иттифоқи ишларини бажаришга ёрдамга чиққанини тасдиқлади:

- Таътилга чиқмаган ўқитувчиларни Ёшлар иттифоқи ишларига жалб қилганимиз тўғри. Чунки, Ёшлар иттифоқи вакили янги бўлганда. Кеча келди, мен ҳали маҳаллани билмайман, менга қўшиб беринг, деди. Шунга, ҳар куни иккитадан қўшиб беряпман. Лекин таътилдан чақириб олганим йўқ, деди Нодира Маматқулова.

Мактаб директори унинг бу иши нотўғри эканлигини тан олиб, 20 июлдан ўқитувчиларни маҳаллага чиқармаслигини айтди.

Сирдарё вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ихтиёр Эрматов Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларнинг бошқа ишларга жалб қилинаётганини инкор қилди:

- Ўқитувчилар ҳозир ҳаммаси дам оляпти, таътилда. Ҳеч қанақанги ишларга жалб этилгани йўқ, деди Ихтиёр Эрматов.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг 21 июнда ўтказган видеоселектор йиғилишида мактабларни ҳокимлар назоратидан чиқариш ҳақидаги топшириғига қарамасдан ўқитувчиларни ҳозир ҳам мажбурий ишларга жалб қилиш ҳолатлари давом этяпти.

Озодлик сўнгги бир ҳафтада Андижон шаҳрида, Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида, Наманган вилоятининг Чортоқ туманида ўқитувчиларнинг таътилдан чақириб олиниб, бошқа ишларга сафарбар этилгани ҳақида ёзди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 июль куни ўтказилган йиғилишда ўқитувчининг жамиятдаги мавқеини ошириш тўғрисида гапирган эди.

Президент ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш учун махсус ҳуқуқий хизмат комиссияси ташкил этиш вазифасини қўйди.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтган йиғилиш якунлари юзасидан гапириб ўқитувчиларнинг иш ҳақи оширилиши, газета ва журналларга мажбурий обуналар бекор қилиниши, ортиқча ёзув-чизувларга барҳам берилиши, Халқ таълими вазирлиги билан мувофиқлаштирилмаган текширувлар ўтказилмаслиги, халқ таълими тизими ходимларининг турли тозалаш ишларига жалб қилиниши тақиқланишини айтган эди.

Озодлик Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги матбуот хизматининг янги раҳбари Тимур Пардаев билан боғланиб, президент ва Бош вазир танқидидан кейин ҳам жойларда ўқитувчиларга бўлган муносабат ўзгармаётгани сабаби ҳақида сўради.

Тимур Пардаевнинг айтишича, Халқ тизими вазирлиги иш фаолиятида катта ўзгаришлар бўлмоқда ва вазирлик энди ўқитувчиларни ўз вазифаларидан ташқари ишларга жалб қилинишига батамом чек қўйишга ҳаракат қилмоқда:

“Президентимиз ўқитувчини обрўси ва ҳурматини кўтариш ҳақида вазифа қўйди. Тўғри, ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари поймол этилиб, уларни турли хил мажбурий ишларга жалб қилиш ҳолатлари бор нарса. Албатта биз, бу ҳолатларнинг ҳаммасидан хабардор бўлиш имконимиз йўқ. Шунинг учун ОАВлари билан ҳамкорлик қилсак жуда яхши бўларди. Чунки, асосий хабарлар ОАВи орқали бизга етиб келяпти. Янги вазиримиз ҳам бу ҳақда жиддий кўрсатма берган. Биз ишни қаттиқ бошлаяпмиз, бундай ҳолатлар учун ишонч телефони ташкил қиламиз ва ўқитувчининг хуқуқлари ҳимоя қилиниши учун барча ишларни қиламиз”, деди Халқ таълими вазирлиги матубот хизмати раҳбари Тимур Пардаев 19 июль куни Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 10 май куни қабул қилган қароридатаълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, талабалар ва таълим муассасалари ўқувчиларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланилиши ёзилган.

XS
SM
MD
LG