Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:37

Ахмат Демир "Чорсу"ни олди, Воҳид Гунеш эса "қуруқ" қолди


Ахмат Демир билан келишувга эришиш учун Тошкент ҳукумати пойтахт марказидаги "Чорсу" меҳмонхонасини унга текинга тақдим этган.
Ахмат Демир билан келишувга эришиш учун Тошкент ҳукумати пойтахт марказидаги "Чорсу" меҳмонхонасини унга текинга тақдим этган.

1992 йилдан 2010 йилгача Ўзбекистондаги Mir Store супермаркетлар тармоғи¸ Grand Mir меҳмонхонаси мулкдори бўлган Demir Holdings раҳбари, Мирзиëев ҳукумати билан музокаралардан сўнг, Тошкентга қайтиб¸ янгидан бизнес бошламоқда.

16 сентябрь куни Тошкентда туркиялик тадбикор Аҳмет Демир "Муваффақият ҳикояси" деб номланган бизнес семинар ўтказади.

Айни пайтда¸ 2003 йилдан 2011 йилга қадар Тошкентда иш юритган Turkuaz супермаркетлар тармоғи эгаси Воҳид Гунеш¸ янги ҳукумат билан ўз даъвоси юзасидан келиша олмагани боис тортишув юзасидан ажрим чиқариш Париждаги халқаро арбитраж судига қолганини айтади.

"Муваффақият ҳикояси"

16 сентябрь куни Тошкентдаги Alpha Education бизнес мактабида туркиялик тадбиркор¸ Demir Holdings бошқаруви раиси Ахмет Демир "Муфаввақият ҳикояси" деб номланган маърузасини тақдим этади.

50 нафар маҳаллий бизнесмен таклиф этилиши айтилаëтган бу тадбирда Ахмат Демир¸ маърузасидан англанишича¸ Ўзбекистондаги ўз фаолиятини "муваффақият" намунаси сифатида тақдим этади.

Мустақил Ўзбекистонда иш бошлаган илк турк ширкатларидан саналувчи Demir Holding 1992 йилда Тошкентда офис очган ва кўп ўтмай савдодан бошланган фаолиятини тўқимачилик¸ қурилиш ва туризм соҳасига кенгайтириб, йирик бизнес империясини яратган эди.

1995 йилда Тошкент марказида Demir супермаркетининг очилиши катта воқеа бўлганди.

МХХ бош қароргоҳи (Сайилгоҳ кўчаси) ëнгинасида жойлашган бу супермаркет тез орада ўз пештахталарида сотилган сут¸ мева шарбатидан то совунга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйганди.

Турк матбуотининг ëзишича¸ Demir 7 мингга яқин одамни иш билан таъминлаган йирик ҳолдингга айланган эди.

Аммо¸ кейинчалик Mir Store бўлиб номланган супермаркетлар 2010 йил охирида назорат тизимлари текшируви баҳонасида ëпилиб¸ Demir қайта очилмаган¸ унинг эгаси¸ Ўзбекистондан чиқиб кетган эди.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг турк сармоясини мамлакатга қайта жалб қилиш уриниши доирасида Ўзбекистонда бизнес қилиб¸ турли тазйиқ ва босим ортидан уни ташлаб кетишга мажбур бўлган туркиялик сармоядорлар билан музокаралар бошланди.

Ана шу жараëнда¸ шахсан президент ташаббуси билан Тошкентга таклиф этилиб¸ мулк можаросини ҳал этиш юзасидан сўзлашув олиб борилганлар орасида Ахмат Демир ҳам бўлди.

Озодликка маълум бўлишича¸ Тошкент расмийлари билан музокаралар давомида Ахмат Демир муросага эришган: Турк ишбилармонига Тошкент марказида йиллардан бери бўш ëтган "Чорсу" меҳмонхонаси инвестицион шартлар ва солиқ имтиëзлари билан текинга берилган.

Шу билан бирга Ахмат Демирнинг Ўзбекистонда тўқимачилик саноати тизимини яратишга оид бизнес режаси қабул қилинган.

16 сентябрь куни Ахмат Демирнинг Мирзиëев ҳокимиятга келгандан бери сармоя иқлимининг яхшилангани¸турк бизнесининг Ўзбекистондаги муаммолари ўтмишда қолгани ҳақида гапириши кутилмоқда.

"Муваффақиятсизлик ҳикояси"

Президент Шавкат Мирзиëев ташаббуси билан Тошкентга таклиф қилинган турк тадбиркорлари орасида 2003 йилда Ўзбекистонда фаолият бошлаб¸ 2011 йилда оғир иқтисодий жиноятларда айбланиши ортидан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган Güneş Tekstil ширкати эгаси Воҳид Гунеш ҳам бор эди.

Воҳид Гунеш 70 миллион долларлик сармоясини ташлаб чиқишга мажбур бўлганини иддао қилади.

Тадбирконинг 7 сентябрь куни Озодликка айтишича¸ Ахмат Демирдан фарқли унинг Тошкент ҳукумати билан музокаралари натижасиз тугаган:

- 2013 йилда Халқаро арбираж судига менга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун Ўзбекистон ҳукуматидан 250 миллион доллар ундиришни сўраб ариза берганман. 20 декабрь куни суднинг ажрим чиқариши кутилмоқда. Ўзбекистонда ташлаб чиққан бизнесим нархи - 70 миллион доллар, - дейди Воҳид Гунеш.

Тадбиркорнинг илова қилишича, можарони судсиз ҳал қилиш уринишлари натижа бермаган.

-Уларга можарони мировой билан¸ яъни судсиз ҳал қилайлик¸ менга фақат ўзимнинг бизнесимни¸ мол-мулкимни беринглар¸ даъвоимни қайтариб оламан дедим. Улар¸ Turkuaz (Тошкент марказидаги эски ГУМ биноси -таҳр.) биносини қайтиб берамиз¸ лекин қолган мулкингиз сотилиб ектган¸ қайта олмаймиз¸ дейишди. Хўп¸ Turkuaz нархини 30 миллион долларга баҳолаб¸ уни чегириб ташлайлик¸ қолганининг пули беринглар¸ дедим. Пул йўқ¸ дейишди. Хўп¸ унда нима берасизлар¸ десам¸ нархи 300 -400 минг долалрлик жойларни таклиф қилишди¸ Жиззахда янгидан текстил фабрика қуринг¸ дейишди. Мен бунга кўнмадим¸ ва 40 миллион эвазига Тошкентдаги эски Meredian ва Sheraton отелларини ҳар бирини 20 миллиондан ҳисоблаб беринглар¸ можарони ëпамиз дедим. Бу меҳмонхоналар НБУга¸ яъни давлатга қарашли. Улар буни президентдан сўраймиз¸ дейишди ва орадан икки ойдан кўпроқ вақт ўтгандан кейин¸ йўқ¸ деб жавоб беришди. Йўқ бўлса¸ йўқ¸ унда Париж маҳкамасида гаплашамиз¸ дедим¸ шу билан орамиз узилди¸ - дейди Воҳид Гунеш.

“Мен витринага ярамадим”

Воҳид Гунеш таъкидича¸ Ўзбекистон ҳукумати туркиялик эҳтимолий сармоядорларга Ўзбекистонда турк сармояси учун ҳеч қандай муаммо йўқ¸ эскилари ҳал этилди¸ деган мужда бериш мақсадида ўзи ва Демир билан музокара бошлаган.

Бу сўзлашувларда улар таклифига кўнган Демир билан келишиб¸ уни “витрина учун муваффақият символи”га айлантиришган¸мол-мулкини охиригача сўрагани учун ўзини четга суриб қўйишган.

- Мен Демирдан фарқли¸ Ўзбекистонга ўз миллионларимни олиб кириб¸ улардан айрилиб чиққан тадбиркорман. Ҳозирги шароитда Ўзбекистонга бир тийин ҳам сармоя киритмоқчи эмасман. Туркларда ҳам ўзбеклардаги каби “сутдан куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади” деган мақол бор. Ҳукуматга ишонч йўқ, - дейди Воҳид Гунеш.

У Turkuazни қайтадан замонавий савдо марказига айлантириш учун камида 10 миллион доллар сарфлаши кераклигини айтади.

- Зотан бу жойни хароб қилишган. Бунча пулни катта риск қилиш учун ахмоқ бўлиш керак. Менинг режам¸ Ўзбекистонда мендан тортиб олинган мол-мулк ва пулларим эвазига ишлаб турган объектни беришса¸ уни юрғизиб¸ даромадини Turkuazга ишлатиб¸ Ўзбекистондаги бизнесимни секин-аста ривожлантириш. Улар бунга кўнмади¸ энди Париж суди қарори менинг фойдамга ҳал бўлса¸ зотан шундай эҳтимол катта, ҳукумат камида 100 миллион доллар тўлашга ҳукм қилинади, - дейди Воҳид Гунеш.

Унга кўра, даъво аризасини қайтиб олиши учун Тошкентда яна 40 кунча вақт.

XS
SM
MD
LG