Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:40

Ëпилган Туркуаз биноси тақсимланди


Собиқ Туркуазнинг 2001 йил 13 июл кунги кўриниши.
Собиқ Туркуазнинг 2001 йил 13 июл кунги кўриниши.

Тошкент марказидаги Туркуаз савдо маркази (собиқ ГУМ) таъмирланиб¸ пойтахтлик тадбиркорлар орасида “тақсимланган”.


Бу ҳақда маълум қилган “Тошкент оқшоми” газетасига кўра¸ савдо марказининг биринчи қавати озиқ-овқат моллари учун ажратилган. Иккинчи қаватда кийим кечак¸ учинчи қаватда эса электр жиҳозлари сотилиши керак¸ деган фармойиш берилган.

Туркуаз савдо марказини “тақсимлаш” ишларини Тошкент шаҳар ҳокимияти Савдо¸ маиший хизмат ва халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқариш департаменти амалга оширмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимияти нашри бўлган Тошкент оқшоми газетасига кўра¸ собиқ Туркуаз биносининг 4 ва 5 қаватларида ҳозир тикувчилик цехлари иш бошлаган. Бу цехларда 350 кишининг ойига 7000 долларлик маҳсулот ишлаб чиқаргани ҳам айни мақолада тилга олинади.

Бундан олдин миллионлаган долларда савдо айланмаси қилган Туркуаз (“Чорсу савдо маркази”) 40 га яқин қонунбузарлиикда айбланиб ëпиб қўйилган эди.

Қора ниқоблилар ҳужуми

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра¸ Туркуаз тафтиш қилиниб 5 млрд сўмлик моллар мусодара қилинган.

Божхона ахборотномасида Туркуазанинг қанақа қилиб босилгани тафсилотлари айтилмайди.

Воқеа гувоҳларига кўра¸ собиқ ГУМ биносини қора маска кийганлар мўр-малахдай босишган. Улар орқасидан эса махсус автобусда муфаттишлар гуруҳи ва Ўзбекистон телеканали ходимлари келган.
Тафтишни Божхона ва Солиқ қўмитаси¸ Ўзстандарт агентлиги¸ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги махсус отряди билан бирга 2 март куни ўтказган эди¸ дейди бу тафтишда қатнашган монополияга қарши қўмита мулозими.

Ўз исми айтилмаслиги шарти билан Озодликка гапирган қўмита мулозимига кўра¸ тафтишга ҳозирлик 28 феврал куни бошланган.

-Бу тафтиш бир ҳафтача давом этди. 6 март куни Туркуаз биносининг 5 қаватидаги Туркия фуқароси Эмро Қозонўғлига оид тикув цехи текширилиб 80 миллион сўмлик кийим кечак мусодара қилинди.
Текширув мобайнида Туркуаз биносида махсус номоз ўқийдиган хоналар борлиги аниқланиб суратга олинди¸ дейди мулозим.

“Кўрнамаклар” Ўз ТВда

Тафтишдан сўнг Ўзбекистон телеканалида намойиш қилинган филм Ўзбекистонга келган турк ишбилармонларини “туз ичиб тузликка тупурган кўрнамаклар” деб атади. Филмда¸ Туркуаз биносида ходимларнинг диний тарғибот олиб боргани¸ миллатчилик ғояларини тарғиб қилгани ва ширкат бошқарувчилари жамоа номозларида имомлик қилганини айтилади.

Айни филмда турк ишбилармонларининг маҳаллий фоҳишалар билан жинсий алоқа қилгани ҳам танқид қилинади.

Туркуаз ëнғин хавфсизлигига риоя қилмаганлик¸ санитария меъëрларини бузганлик¸ ўзи ишлаб чиқараëтган маҳсулотларда давлат стандартларидан чекинганликда ҳам айбланди.

Тафтиш ниқобидаги талончилик

Ўзбекистонга турк сармояларини биринчилардан бўлиб киргизган Туркиядаги молиявий гуруҳ вакили Исмойил Чингиз бу ҳолатни қароқчилик йўли билан сармоядорларни талаш¸ деб баҳолади.

- Бировнинг молини олиб қўйиш Ўзбекистон қонунларида ҳам¸ халқаро қонунларда ҳам мумкин эмас. Мен суд қарорига кўра конфискацияни айтмаяпман. Айнан талончилик ҳақида гапиряпман. Ўзбекистон махсус кучларининг талончилик билан шуғуллангани аниқ факт. Йўлига улар бир қисм мол-мулкни суд ҳукмига кўра мусодара қилишади¸ холос¸ дейди Ўзбекистонда оғзи куйган турк тадбиркорларидан бири.

Кейинги беш ой ичида Ўзбекистондаги туркларга оид ўнлар ширкатлар ëпилди. Шахар марказидаги кўчадан Мустафо Ота Турк номи олиб ташланди. Айни пайтда Исмойил Чингиз бу воқеаларни туркларга қарши маърака эмаслигини урғулайди:

- Очкўз мулозимлар Тошкентдаги турк ширкатлари қўлида тўпланган мол-мулкни ўзаро бўлишиб олишмоқчи. Бу ерда бошқа нарса кўрмаяпман¸ дейди Чингиз.

Соғин сигирлар алмашмоқда...

"Ширкатлар ëпилгунига қадар турк сармоядорлари шаҳар прокуратураси¸ МХХ ва ҳокимият мулозимлари учун елини катта соғин сигирлар эди."

Бу гапни Озодликка гапирган турк тадбиркори Ражаббой Ширин ўзининг Ўзбекистонда 17 йил тадбиркорлик қилиб чиқарган хулосаси шу бўлганинини айтади.

- Биз ҳам 17 йилдан кўп яшаганмиз, кўрганмиз. Пул берсангиз, яхши. Пул бермасангиз, сиз фатҳуллоҳчи, сиз толибонсиз. Пора бермаган борми Ўзбекистонда? Ҳар йил шунча пул сўраяпти, уни берасан, буни берасан. Пулинг келмади, штраф. Мана шунча берсанг, штрафни йўқ қиламиз. Ҳаммасининг ҳикояси бор. Озгина текширса, ҳақиқатни топади. Пора топиб бермаган тадбиркорлар мулозимлар ғазабига дучор бўлишади, дейди тадбиркор.

Туркларга қарши ғазаб дарахтининг илдизлари

Мустафо Ота Турк номини Тошкент марказидаги кўчадан юлиб солган туркларга қарши ғазаб илдизларининг рус мафкурасига асосланган совет тарғиботи даврига бориб тақалиши айтилади.

Ўзбекистон мустақиллигининг илк кунларида мамлакатга Туркияда ишлаб чиқарилган қандолат маҳсулотлари мамлакатга кириб келди. Бу қандолатлар сифатсиз¸ масалан “Ҳулкар” печенъеси оловда ëнади¸ деб ëзди ўшанда журналист Назрилло Охунжонов.

Охунжонов айтган гап сал ўтмай Ўзбекистон президенти тилидан ҳам янгради. Каримов турк печенъесини танқид қилиш билан биргаликда уни ишлаб чиқарган мамлакатнинг Муҳаммад Солиҳга бошпана берганини ҳам қистириб ўтди. Бир кун олдин “абадий дўст” деганимиз Туркия душман бўлмаса ҳам¸ “душман”га жой берган мамлакатга айланди.

Каримов гапидан сўнг ЎзТВ шарҳловчиси Бобур Алихонов Туркиянинг иқтисодий –ижтимоий муаммолари ҳақида туркум эшиттиришлар тайëрлади.

“Ўзбек-турк қардошлиги” деб айтилган муносабатлар қумдан бўлган уй каби тўзонга айлана бошлади. “Замон-Ўзбекистон “ газетаси ëпилди. Туркия телеканалининг Ўзбекистонга трансляцияси тўхтатилди. Ўзбек-турк лицейлари бирин-кетин тугатилди. Тошкент марказидаги “Демир” савдо маркази ëпилди.....

Аммо бошланишда Ўзбекистон президентиниг Туркияга севги изҳори оташин эди. Ҳатто Каримов мустақиллик майдонидаги муҳташам Ленин музейи биносини Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси учун бериш керак¸ деган таклифни илгари сурган эди. Туркия раҳбари Сулаймон Демирални "оғам" деб атади. Аммо бу севгининг умри қисқа бўлди.

Кўр ҳассасини неча марта олдиради?

-Ўнлаб турк ишбилармонлари Ўзбекистонда бор-йўғидан ажралиб Туркияга қайтиб келаëтган бир даврда яна ўнлаб турк тадбиркорлари тужжорлик қиламан¸ деб Тошкентга бормоқда.

Бу гапларни ошиғич дард билан айтаëтган Исмойил Чингиз назарида¸ расмий Анқаранинг сассизлиги¸ турк матбуотининг Ўзбекистондаги сармоя муҳити ҳақида таҳлил ëзмагани боис туркиялик ишбилармонларда янглиш тасаввур пайдо бўлган.

-Ўзбек ҳукумати меҳмонҳоналарида ўзбек мулозимлари қўлидан ош еб ўтирган турк дипломатлари воқеаларни кўриб кўрмаганликка олмоқда. Улар фақат томошабин бўлиб ўтиришибди. Қарангки¸ бугун бошига иш тушган турк тижоратчилари ҳам кеча томошабин эдилар. Томоша эса бугун бошлангани йўқ ва эртага ҳам тугамайди¸ дейди Исмойил Чингиз.
XS
SM
MD
LG