Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:28

Азимов Туркияга сармоя истаб келди, турк ширкатлари Ўзбекистонга пул киритишга ошиқмаëтир


Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон Рустам Азимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси билан учрашувда.
Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон Рустам Азимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси билан учрашувда.

Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги расмий делегация Анқара расмийлари ва тадбиркорлари билан учрашувларни давом эттирмоқда. Ушбу музокаралардан бевосита хабардор мулозимнинг Озодликка айтишича¸ Мирзиëевнинг катта сармоя ва кредит билан қайтиш топшириғини бажаришга келган Азимов делегацияси ҳозирча конкрет натижага эриша олмаган.

“Мақсад - инвестиция¸ инвестиция ва яна инвестиция”

“Сафар яхши давом этаяпти. Кеча президент Эрдўғон билан учрашув жуда чиройли ўтди. Ўзбек-турк муносабатлари қайта тикланаяпти¸ дейиш мумкин”¸ дейди Истанбулдаги музокараларга алоқадор ўзбек мулозими.

Озодликка маълум бўлишича¸ Ўзбекистон делегацияси Туркияга бешта конкрет йўналишда сармоя жалб қилиш режасида натижа истаб келган.

“Биринчиси¸ Туркиядаги йирик фармацевтика ширкатлари билан қўшма корхоналар тузиш таклифи. “Дори-дармон” раҳбари шу мақсадда делегацияга кирган. Қолган йўналишлар¸ тери-галантерея¸ химия ва аниқроғи¸ маиший химия¸ шунингдек, тўқимачилик соҳасидаги йирик турк ширкатлари инвестициясини Ўзбекистонга жалб қилиш таклифи билан келишган. Мирзиëев ҳар кун тунги соат 11 да вазир ва элчилар билан селектор қилиб¸ бугун қанча сармоя топдинг¸ ким келаяпти¸ деб қаттиқ сўроқ-жавоб қилаяпти. Шунга Азимов нима қилиб бўлса ҳам туркларни сармоя киритишга кўндиришга уринмоқда”¸ деди Озодлик билан суҳбатда музокаралардан яхши хабардор мулозим.

27 февраль куни турк тадбиркорлари ассоциациясида Ўзбекистон ҳукуматининг инвестицион дастури тақдим қилинган ва Тошкент делегацияси мамлакатда хориж сармояси учун муҳитнинг яхшилангани¸ хусусан¸ бир қатор янги эркин иқтисодий ҳудудлар ташкил этилаëтганини батафсил тушунтирган.

“Каримовдан қолган муз тоғлари ҳали эримаган”

Турк расмийлари ва ишбилармонлари билан сўзлашувлар илиқ ўтаëтганига қарамай¸ Озодликка маълум бўлишича¸ ҳозирча на Анқара ҳукумати ва на турк ширкатлари Ўзбекистонга кредит бериш ëки сармоя киритиш сўровига аниқ жавоб берган.

Ўзбекистон расмийлари¸ турк сармоядорлари учун ҳеч қанақа муаммо бўлмаслиги¸ виза¸ конвертация ҳақлари кафолатланиши¸ эркин иқтисодий ҳудудларда бож ва солиқ имтиëзлари берилажагини қайта-қайта таъкидлашига қарамай¸ ҳозирча Азимов Тошкентга қуруқ қўл билан қайтадиган кўринади¸ дейди Озодлик манбалари.

“Олдинги президентдан қолган жуда кучли стереотиплар бор. Турклар бу гаплардан кейин Ўзбекистонга югуриб кетаëтгани йўқ. Бунга ҳали анча вақт - анча меҳмонга боришлар¸ ош еб¸ зиëрат қилишлар керак бўлади. Йирик турк ширкатларидан сармоя сўраб ҳар ҳафта қайсидир мамлакатдан делегация келади. У ëғи Африка¸ бу ëғи Сурия ва бошқа араб давлатлари¸ болқондагилар¸ ҳаммаси бер-бер деб келади. Битта фарқимиз¸ булар Марказий Осиë¸ Ўзбекистонни ота юртим деб билади ва шунга бироз қизиқиши бор¸ холос”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган ўзбек делегациясига яқин мулозим.

Турк сармоядори нега Ўзбекистонга қайтишга шошилмаëтир?

2003 йилда Ўзбекистонда фаолият бошлаган Güneş Tekstil ширкати 2011 йилда оғир иқтисодий жиноятларда айбланиши ортидан¸ 60 миллион долларлик сармоясини ташлаб¸ мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган турк ширкатидир.

Тошкентда Turkuaz супермаркетлар тизими очган бу ширкат 2013 йилдан бери Ўзбекистон ҳукумати устидан қатор халқаро арбитраж маҳкамасига арз қилган ва жорий йил охирига қадар бу маҳкамаларнинг қарор чиқаришини кутмоқда.

Güneş Tekstil соҳиби Воҳид Гунеш¸ 27 февраль кунги турк-ўзбек инвестицион форумига таклиф қилингани¸ аммо унга бормаганини айта туриб¸ Азимов сафаридан сўнг турк сармоясининг Ўзбекистонга қайтишига ишончсизлик билдирди:

- Бу гапни қайта-қайта айтишим мумкин – турк сармояси Ўзбекистонга яқин орада бормайди. Уларнинг ҳаммаси Каримовга ишониб Ўзбекистонга пул ëтқизганларнинг ҳоли нима бўлганини яхши билади. Бугун Азимов келиб¸ ҳамма айбни марҳум Каримовга тўнкаб¸ буëғи зўр бўлади¸ деб ваъда беравериши мумкин¸ аммо унга ҳеч ким ишонмайди. Ишонч қайта тикланиши учун¸ Каримовдан қолган сиëсат¸ бизнес¸ иқтисод тизими ўзгариши керак. Бунақа ўзгариш эса¸ ҳозирча кўринмаяпти¸ деди Озодлик билан 28 февраль кунги суҳбатда Гунеш.

Турк сармоясининг Ўзбекистондаги шонсиз тарихи

1991 йилда Ўзбекистон давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган Туркия ҳукумати бўлса¸ бу мамлакатга биринчилардан бўлиб сармоя олиб кирганлар ҳам айнан турк ширкатлари бўлган эди.

Туркиядаги энг йирик бизнес гурҳларидан саналган Koç Holding 1996 йил ноябрида Ўзбекистон ҳукумати билан қўшма корхона тузиш келишувини имзолаб¸ Самарқандда автобус ва юк машинаси ишлаб чиқарувчи SamKochAvto заводи қуришни бошлаган эди.

1999 йил 19 март куни 100 миллион долларлик турк сармоясига қурилган бу завод очилишида Туркия Бош вазири Сулаймон Демирал ва ўшандаги президент Ислом Каримов қатнашган ва ҳар иккала раҳбар ўз маърузасида Ўзбекистонда 300 дан ошиқ ўзбек-турк қўшма корхонаси ишлаëтгани¸ 20 дан ошиқ йирик турк ширкати сармоя киритганини тилга олган эди.

Аммо 2006 йил октябрига келиб¸ жамоатчиликка очиқланмаган сабабларга кўра¸“Ўзавтосаноат” Koç Holding ҳиссасини ўзига олиб¸ заводни “СамАвто” деб қайта номлаган ва уни бошқа хориж инвесторлари (япон¸ корейс¸ немис) савдосига қўйган эди.

Ўзбекистонга сармоя киритган бошқа турк ширкатларининг гуллаган даври ҳам Koç Holdingникидан узоққа чўзилмади – Тошкент-Анқара сиëсий муносабатлари совуқлашган сайин¸ Ўзбекистонга кирган аксар турк ширкатлари ҳам бирин-кетин турли жиноий айбловлар билан ëпилиб¸ мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

XS
SM
MD
LG