Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:28

Каримов даврида ёпилган Demir супермаркетининг қайта очилиши кутилмоқда


Demir/Mir Store ëпилишидан олдинги кўриниши.
Demir/Mir Store ëпилишидан олдинги кўриниши.

Мустақил Ўзбекистондаги либерал иқтисоднинг ўзига хос рамзига айланган Demir супермаркетлари яқин келажакда Тошкентда қайта иш бошлаши мумкин. Demir Holding эгаси Аҳмат Демирнинг Тошкент билан музокараларидан яхши хабардор манбаларга кўра¸ шахсан президент Мирзиëев топшириғи билан бу турк ширкатининг Ўзбекистон билан можароси ҳал этилган. Аҳмат Демирнинг Ўзбекистонга қайтаëтганини тасдиқлаган Тошкентдаги бизнес тизимларидаги мутасадди¸ унинг эски мол-мулкини қайтариб бериш деярли имконсиз эканини билдирди.​

Аҳмат Демир Тошкент офисини қайта очиш тараддудида

Озодликка маълум бўлишича¸ Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлининг 25-27 апрель кунлари Тошкентга қилган сафари давомида унга бир гуруҳ турк тадбиркорлари ҳамроҳлик қилган.

Улар орасида¸ ўтмишда Ўзбекистонга сармоя ëтқизиб¸ сўнгра Ўзбекистон ҳуқуқ тизимларининг турли айбловлари ортидан бизнесини ташлаб кетишга мажбур бўлган туркиялик йирик тадбиркорлар¸ хусусан¸ Demir Holding эгаси Аҳмат Демир ҳам бўлган.

“Аҳмат Демирни Ўзбекистонга шахсан президент Мирзиëев таклиф қилди. Президент ҳукуматга унинг¸ қолаверса¸ яна бошқа турк ширкатларининг Ўзбекистон билан можароларини ҳал қилиш вазифасини қаттиқ топширгани ортидан прокуратура¸ Адлия вазирлиги¸ Мулк қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа идоралар Демир билан музокара ўтказди. Унинг тортиб олинган мол-мулкини қайтиб бериб¸ зарарини қоплаш юзасидан келишувга эришилди. Demir Holding қайта иш бошлаганидан кейин унга катта имтиëзлар берилиши ваъда қилинди. Аҳмат Демир қайтиш қарорини олди ва ҳозирда Тошкентда иш бошлашга ҳозирланмоқда”¸ деди Озодликнинг турк тадбиркорлари билан музокаралар жараëнига яқин манбаси.

Бу суҳбатдошнинг айтишича¸ Аҳмат Демирнинг Тошкент марказидаги Grand Mir меҳмонхонаси ва бошқа мулклари қайтиб бериладиган бўлган.

Ҳозирча Тошкент ҳукумати ва турк тадбиркорининг бу келишувига оид расмий хабар йўқ.

“Турк бизнесини қайтараман деб¸ бошқа инвесторни хафа қилиш тўғри бўлмайди”

Аҳмат Демирнинг Ўзбекистонга қайтаëтганини тасдиқлаган Тошкентдаги бизнес тизимларидаги мутасадди¸ унинг эски мол-мулкини қайтариб бериш деярли имконсиз эканини билдирди.

- “Demir кетганидан кейин Grand Mir меҳмонхонаси¸ Demir супермаркетлари биржа орқали сотилган. Уни бошқа инвесторлар сотиб олган. Масалан¸ Grand Mirни россиялик олигарх Илҳом Шокиров сотиб олган¸ Demir супермаркетлари Корзинкага айланган. Энди туркларнинг ишончини қозониш учун бу тадбиркорлардан қонуний сотиб олган мулк ва бизнесини тортиб олишса¸ бу ҳам талончилик бўлади. Турк инвесторини хурсанд қиламан деб¸ бошқасини кидать қилишса¸ икки ўн беш бир ўттиз бўладику! Шунинг учун¸ тушунишимча¸ Аҳмат Демир ва бошқа турк инвесторларига Тошкент ҳокими бошқа ер ва бошқа объектларни таклиф қилган ва улар бунга рози бўлган”¸ деди Тошкентдаги музокараларга яқин Озодликнинг иккинчи манбаси.

Demir тарихи

Мустақил Ўзбекистонда иш бошлаган илк турк ширкатларидан саналувчи Demir Holding 1992 йилда Тошкентда офис очган ва кўп ўтмай савдодан бошланган бизнесини тўқимачилик¸ қурилиш ва туризм соҳасига кенгайтирган эди.

1995 йилда Тошкент марказида Demir супермаркетининг очилиши катта воқеа бўлган ва МХХ бош қароргоҳи (Сайилгоҳ кўчаси) нинг ëнгинасидаги бу супермаркет тез орада ўз пештахталарида сотилган сут¸ мева шарбатидан то совунга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ва турк матбуотининг ëзишича¸ 7 мингга яқин одамни иш билан таъминлаган йирик ҳолдингга айланган эди.

2003 йилнинг 3 май куни президент Ислом Каримов Аҳмат Демир гуруҳи томонидан янгидан қурилган Grand Mir (аввалги Россия) меҳмонхонасининг очилишида шахсан қатнашган ва Demir Holding ишига “энг юқори баҳо – 10 балл” берганини айтган эди.

Demir¸ кейинчалик Mir Store бўлиб номланган супермаркетлар 2010 йил охирида назорат тизимлари текшируви баҳонасида ëпилиб¸ қайта очилмади.

XS
SM
MD
LG