Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:45

Террорчиликда айбланаëтган Сайфулла Соиповга ўлим жазоси берилиши мумкин


29 яшар асли тошкентлик Сайфулла Соипов.
29 яшар асли тошкентлик Сайфулла Соипов.

21 ноябрь куни Нью-Йоркнинг Манҳеттен федерал маҳкамасида ўзбекистонлик муҳожир Сайфулла Соиповга нисбатан расмий айблов эълон қилинди.

22 та оғир жиноят¸ хусусан¸ "Ислом давлати" гуруҳига моддий ëрдам кўрсатиш¸ саккизта қотиллик¸ 12 марта қотилликка уриниш каби айблар маҳкамада ўз тасдиғини топса¸ Соиповга ўлим жазоси тайинланиши мумкин.

АҚШнинг Патерсон шаҳарчасида яшаб келган Сайфулла Соипов 31 октябрь куни Нью-Йоркнинг одам гавжум кўчаларидан бирида ҳаракатланаëтганларга юк машинаси билан ҳужум қилган эди.

Саккиз одам ўлими ва яна ўнлаб одамнинг жароҳатланишига сабаб бўлган бу ҳужум дарҳол террорчилик деб баҳоланди ва Соипов воқеа жойида қўлга олинди.

Соипов ҳужуми муносабати билан эълон қилинган махсус баëнотида АҚШ Бош прокурори Jeff Sessions уни “АҚШнинг буюк шаҳри юрагига совуққонларча уюштирилган ҳужум” дея баҳолаган эди.

АҚШ президенти Дональд Трамп эса 1 ноябрь куни Твиттер саҳифасида “Нью-Йорк террорчиси ўзини бахтиёр ҳис қилмоқда экан... у 8 одамни ўлдирди, 12 одамни оғир жароҳатлади. У ўлим жазосига ҳукм қилиниши керак”, деб ёзган эди.

Маҳкамага Соиповга қарши расмий айбловни тақдим қилган прокурорлар¸ ҳужум гувоҳларининг телефонларига ëзиб олинган видео ва суратларнинг айбланувчига қарши ашëвий далил сифатида ишлатилишини билдирди.

"Ўзигача бўлган кўплаб бошқа террорчилар каби Соипов ҳам Америка маҳкамасида адолат олдида жавоб беради. Нью-Йорк шаҳри унинг ҳужумига қарши қандай кескин муносабат кўрсатган бўлса¸ адолат ҳам унга нисбатан кескин ва қатъий бўлишини кутаяпмиз”¸ деди айбловни тақдим этган АҚШ прокурори Joon H. Kim.

АҚШ Федерал тергов бюросининг Нью-Йорк бўйича раҳбари William F. Sweeney Jr., Соиповга қўйилган айблов “қонун устуворлиги ҳамиша ғолиб бўлажагидан берилган мужда” эканини таъкидлади.

"Ўтган ой шавқатсиз ҳужумни амалга оширар экан¸ Сайфулла Соиповнинг нияти имкон қадар кўпроқ одамни ўлдириш¸ жароҳатлаш¸ бегуноҳ қурбонларга имкон қадар кўпроқ зиëн етказиш ва шаҳримизни террор домига ташлаш бўлган. Биз бугунги айбловни эълон қиларканмиз¸ фожиали кун воқеаларини ортга қайтариб бўлмаслиги¸ қурбонлар оилаларига етказилган оғриқ ва мусибатни ҳеч нарса енгиллата олмаслигини англаб турибмиз”¸ деди Федерал тергов бюроси расмийси маҳкамадаги чиқишида.

Полициячилар билан юзага чиққан отишма оқибатида енгил яраланган 29 яшар тошкентлик Сайфулла Соипов икки кунлик тиббий муолажадан сўнг Манҳеттен қамоғида сақланмоқда.

2010 йили Green Card лотереяси ютиб Ўзбекистондан АҚШга кўчиб келган Соипов¸ тергов ҳужжатларида қайд этилишича¸ "Ислом давлати" етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг интернетдаги ваъз ва чақириқларидан илҳомланган.

Хусусан¸ Соиповга кўра¸ у Бағдодийнинг “АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларида яшаëтган мусулмонлар Ироқда мусулмонларнинг ўлдирилаëтганига қандай жавоб қайтарадилар”¸ деган даъватига жавоб тариқасида Нью-Йоркдаги ҳужумни амалга оширган.

Соиповга қўйилаëтган оғир айбларни қувватловчи ашëвий далиллар орасида¸ маҳкама ҳужжатларига кўра¸ унинг иккита мобил телефонидан топилган материаллар ҳам бор.

Терговчиларнинг айтишича¸ телефонлардан бирида "Ислом давлати" мафкурасини тарғиб қилувчи 90 та видеоматериал¸ хусусан¸ одамнинг калласини чопиш ва тутқунларни танк билан босиб ўлдириш тасвирланган видеолар бор.

Иккинчи телефондан Соиповнинг юк машинасини ижарага олиш учун қилган Интернет қидирувлари тарихи топилган.

2010 йилда Оҳаë штатида юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган Соипов¸ сўнгра Флорида штатига кўчиб ўтган. Ҳужум арафасида у хотини ва уч нафар боласи билан Нью Жерсидаги Патерсон шаҳарчасида яшаб¸ Uber ширкатида такси ҳайдовчи бўлиб ишлаган.

Унинг Тошкентдаги оиласи Соиповнинг қачон ва қайси сабабларга кўра исломий экстремистлар сафига қўшилганидан бехабарлигини айтмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG