Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:24

Мирзиёев зиёлиларни ўзбекистонликнинг АҚШдаги ҳужуми ҳақда ёзмагани учун танқид қилди


Нью-Йоркда полицияси ўтказган матбуот анжуманида тақдим қилинган Сайфулло Соиповнинг сурати, 1 ноябрь, 2017-йил.
Нью-Йоркда полицияси ўтказган матбуот анжуманида тақдим қилинган Сайфулло Соиповнинг сурати, 1 ноябрь, 2017-йил.

Президент Мирзиёев жиноятчиликка қарши кураш мавзуида ўтган видеселекторда ўзбекистонликнинг АҚШда террор ҳужуми содир этгани ҳақда ёзмаган давлат, жамоат ташкилоти расмийларини кескин танқид қилди.

Мирзиёевнинг сўзларидан у 31 октябрь куни Нью-Йорк шаҳрида юк машинаси билан йўловчиларни бостирган 29 яшар ўзбекистонлик Сайфулло Соипов​ни назарда тутганини тушуниш мумкин.

Соиповнинг исмини тилга олмаган президент уни "бизнинг элимизга мансуб эмас", деб таърифлади ва ҳуқуқ-тартибот идоралари, "Маҳалла", "Нуроний" каби жамоат ташкилотларини ўз вақтида ўзбекистонликнинг ота-онаси билан ишламагани учун қоралади.

Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш масалаларига бағишланган ва президент Мирзиёевнинг ўзи ўтказган видеоселектор йиғини 15 ноябрь куни бўлиб ўтган.

Аммо, ушбу видеонинг узун версияси куни кеча Youtube порталига жойлаштирилди.

Йиғилишда президент ўзбекистонликларнинг мамлакат ичида ва хорижда содир этаётган жиноятларининг олдини олиш ҳамда бу масалага, нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари, балки жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари ҳам эътибор қаратиши шартлигини таъкидлади.

Хусусан, Сурия ва Ироқдан қайтаётган радикал кайфиятдаги Ўзбекистон ватандошлари ва АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида террорлик ҳужумини содир этган ўзбекистонлик масаласига тўхталди.

"Ироқдан қаерга кетади улар? Мана Америкага бориб, террорист бўлди, бизнинг Ўзбекистон фуқароси. Бошқа жойларда бўлаяпти мана. Шунча масжидларни нима учун қилаяпмиз? Масжидга бориб ибодат қилганнинг дунёқараши ўзгариши керак... Биронта бегона одам, биронта боламиз қаерда юргани, четда нимага юрибди? Уни мана Америкаuа 2010 йил кўчиб кетганди, ота-онаси Ўзбекистонда-ку?! Қаёққа қараяпмиз?!" деди матндан чиқиб гапирган президент.

Сўнгра у мамлакатдаги ОАВ ва жамоат ташкилотлари раҳбарларига юзланаркан, уларни бу масалага эътибор қаратмаганлик, бу ҳақда мақола ёзмаганликда айблади:

"Биронта зиёли, биронта "Маҳалла", биронта "Нуроний" (вакили) мақола ёзмади-я, "бизнинг элимизга мансуб эмас", деб?! Қани "Маҳалла", қани "Нуроний", қани зиёли? Битта масжидда имом-хатиблар хулоса қилса бўларди, буни!", деди ҳис-ҳаяжонга берилиб, мажлисда йиғилганларга танбеҳ берган президент.

Шу йилнинг 31 октябрь куни Нью-Йорк шаҳрида 29 яшар ўзбекистонлик Сайфулло Соипов террорчилик амалини содир этди ва натижада 8 киши қурбон бўлди, 12 одам жароҳатланди.

Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, ҳодиса жойида қўлга олинган 29 яшар Сайфулло Соипов Қўшма Штатларга 2010 йилда борган.

Полициянинг айтишича, бу шахс кирага автоулов олиб, уни Менхэттендаги велосипед ҳайдовчилари ва пиёдалар устига ҳайдаган, сўнгра мактаб автобусига бориб урган. Қўлида пэйнтбол қуроли ва пневматик тўппонча билан воқеа жойидан қочишга уринган кезда, полиция уни ҳибсга олган. Айни пайтда, унга нисбатан тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Бу АҚШда автоуловни одамлар устига ҳайдаш йўли билан амалга оширилган биринчи террор ҳаракати бўлди. Бунга қадар бундай ҳужумлар Европанинг қатор давлатларида амалга оширилган эди.

Бундан ташқари, бу ҳужум Нью-Йоркда 2001 йил, 11 сентябрида Жаҳон Савдо марказининг эгизак бинолари қулаганидан бери амалга оширилган энг қонли террор ҳужуми, деб қайд этилди.

Озодлик бу ҳодисадан сўнг Сайфулло Соиповнинг Тошкентдаги яқинларини топишга муваффақ бўлган ва хусусан, Соиповнинг Тошкентда яшайдиган 27 яшар синглиси Умида Соипова хорижда акасининг “миясини заҳарлашган”, деб ҳисоблашини айтган эди.

Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлиги Нью-Йоркдаги терактни содир этган Соипов “радикал гуруҳлар таъсирига АҚШда тушиб қолган”, деб баёнот тарқатган, айни мазмунда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳам баёнот берган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG