Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:32

С. Соиповнинг қариндошлари у нега бундай қилганини тушуна олмаяпти


Сайфулло Соипов
Сайфулло Соипов

"Сайфулло Соиповнинг қариндошлари: “Ҳаммамиз шокка тушиб қолдик. Худди ёмон тушдаги каби. Нега бундай қилганини тушуна олмаяпмиз”. Шу сарлавҳа остидаги мақолани Fergana.ru сайти эълон қилди. Муассиси ва бош маҳаррири таги фарғоналик журналист Даниил Кислов бўлган сайт мақоласини эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Мақола таржимаси, фотолар ҳам Fergana.ruники.

***

Сайфулло Соиповнинг сўнгги манзили – Тошкент, Белтепа кўчаси, Шайхонтоҳур тумани. Бу ердан у 2011 йилда Америкага кетганидан бир йил ўтиб пропискадан ўчирилган. “Фарғона” журналистлари ва уларнинг москвалик ҳамкасби манзилга қараб эртароқ отландик: балки қўшниларидан бирортаси Соиповлар ҳақида эслаб қолади, деган ниятда.

Тошкент четидаги кичикроқ даҳа, советлар даврида қурилган кўп квартирали уй. Ҳовлида машиналар, болалар ва катталар мактабга, ишга шошилиб кетяптилар. Квартира биринчи қаватда, балкондан кўчага эшик очилган, қопламаси яхши, пластик деразалар. Квартирада кимдир бор, лекин тақиллатишимизга қарамай очишмади.

Ўша заҳоти ёши элликка борган, сочига оқ тушганига қарамай кўринишидан бақувват қўшниси югуриб чиқиб: “Кимсизлар? Қаердан? Паспортларингни кўрсатасизларми? Ҳозир милиция чақираман!” – дея бақира кетди. Муштини ўқтагани билан муштлашишга ботина олмаяпти.

Хотиржам, мулойимлик билан тушунтирганимиз билан ҳовуридан тушмаяпти, деразалардан бошқа қўшнилар мўралай бошладилар: “Ҳа, участкавойни чақир”, дея икки эркак бири-бирини қўллаяпти. Бироқ ҳеч ким унинг телефон рақамини билмайди, оддийгина милицияга, 02 рақамига телефон қилишга ҳеч кимнинг ақли етмаяпти.

Машинага ўтирдик, бироқ бу одам бизнинг яхшилик билан кетишимизни истамаяпти. Ёши улуғ ҳайдовчига: “йўловчиларингни тушир, бўлмаса номерингни милицияга топшираман!” дея бақиради. Ҳайдовчи ҳайрон, на бизни туширшни ва на машинасини ҳайдашга ботина олмайди. Яна бир қўшни маҳалла фуқаролари йиғини аъзоси экан, жанжалкашга эринибгина: “ҳа булар журналист экан, ўзини ишини қилаверсинда, сани нима ишинг бор?” – дея тинчлантиришга уринади.

Ҳайдовчи жойидан жилди. Биринчи уринишимиз самарасиз кечди.

Кечга яқин ота-онаси яшайдиган уй манзилини топдик – Учтепа туманидаги Хондемир маҳалласи. Маҳалла бой, бир нечта “пряник” услубида(“пряничных домик”) қурилган янги уйлар, бир нечта чанг босган қурилишлар. Уйлар олдида яхши мошиналар, болалар ўйнаган, қизлар дарз кетган асфальтга сув сепишган.

Соиповлар уйининг дарвозаси маҳкам ёпилган. Уй янги, қимматбаҳо, ҳатто ҳашаматли деса ҳам бўлади. Кўчага қараган деразалар йўқ. Эшикни ҳеч ким очмаяпти. Уйда бирор жонзотнинг ҳаракати билинмаяпти.

Қўшнилар истамайгина жавоб бериб, гапни қисқа қилишмоқда. Ёши улуғроқ аёл бу оилани унчалик яхши билмаслигини айтяпти. Улар кетишган. Кеча уйга қандайдир одамлар келиб, кириб-чиқиб юришган. Йўқ. Соиповлар эмас.

Узоқдан шошилмай, қийналиб яна бир тўладан келган, сумка кўтарган аёл келяпти. “Мен маҳалланинг нариги чеккасида тураман, уларни яхши танимайман”. Кенжа Соиповнинг қилмиши ҳақида эшитиб чинакамига қўрқиб кетди. Шошилганича бизни тарк эта бошлади, ҳатто йиқилиб тушишига оз қолди.

Яна бир қўшни аёл кўпроқ гапирди: “Яхши бола, ҳушмуомала, фарзандларимни ўзининг машинасида мусиқа мактабига ташлаб қўярди. Ҳеч қанақа соқол, ҳеч қанақа диний суҳбатлар бўлмаган”. “Америкада унинг бошини айлантириб қўйдилар, унга ўхшаганлар одамларни ҳафа қилишмайди, одам ўлдиришмайди. Жуда ачиндим унга”. “У уйига қайтмоқчи эди. Онаси ёзда бориб келган унинг олдига, тез орада қайтиб келади деганди”.

Хондемир маҳалласидаги Соиповлар уйи.
Хондемир маҳалласидаги Соиповлар уйи.

Соиповнинг отаси ипподром орқасидаги қурилиш материаллари бозорида дўкон очган.

Эрталаб бозорда одамлар кам, суриштиришлардан фойда кам: “Ҳабибулло деган биттаси бор, лекин унинг фамилияси Соиповми-йўқми билмадим”, дейди сотувчилардан бири. Ламинатлар дўконига жўнатишди, йўқ, Соипов эмас. ичкарироққа киринг, иккинчи қатордан ўнгга қараб боринг.

Иккинчи қаторда ҳам бошқа одам экан. Бозорқўм идорасига боришга тўғри келди. Унинг ўрнига қўриқлаш бўлими бошлиғи югуриб чиқди, ҳушмуомалалик билан кабинетга таклиф қилди. Сўроққа тутиб, бошини қимирлатиб қўйди. Чой таклиф қилди. Паспорт ва гувоҳномаларимизни сўради. Ксеронусхасини олиш учун котиба қизга узатди. Кимгадир телефон қилди, чиқиб эшикни ёпиб қўйди.

Бозорқўм кириб келди: “Йўқ, Соипов дўкон хўжайини эмас. Қариндошига ёрдам беради. Узоқ қариндош. Афтидан у милицияда. Ҳеч ким уни танимайди. Ҳеч ким билан гаплашиш керак эмас. Видеосъемкага рухсат бермаймиз”.

Кабинетдан чиқамиз. Қабулхонада Москвада ишлайдиган америкалик журналист ўтирибди. Қўриқчиларнинг эътибори унга чалғигани боис биз Соиповнинг дўконига етиб олишга эришдик. Кичкина, бўёқ сотишга ихтисослашган хона. Бунақа кичкина дўконда катта, ҳашаматли уй қурилишига етарли пулни қандай қилиб ишлаб топса бўлар экан дея ҳайрон қолдик.

Ҳабибулло Соиповнинг дўкони
Ҳабибулло Соиповнинг дўкони

Соипов ўқиган дея тахмин қилганимиз мактаб унинг уйига яқин, юз метрга бормаган масофада жойлашган. Мактабдан бир тўда болалар чиқишмоқда. Фотоаппаратларимизни кўриб қолган қоровул олдимизга югуриб келди. Директорнинг олдига олиб киришини сўрадик.

Директор йўқ, қаёққадир кетган. Мактаб директорининг беҳаловат муниса ўринбосари бизларни яхши таъмирланган кабинетга олиб кириб, Каримов портрети остидаги стол олдига ўтқазди. Содир этилган терактдан даҳшатга тушди. Айтишича, ўқитувчилар Соиповни портретидан танишибди.

Худди Алоуддиннинг чироғидан чиққандек кабинетда қадди-қомати келишган, амр-фармо, сочлари қарға қаноти рангига бўялган хоним -мактаб директори пайдо бўлди ва қатъий тарзда Соипов унинг мактабида ўқимаган деб билдирди. Столга коробкада шоколадлик конфет қўйиб, суҳбатга қўшилди, аммо ҳар бир сўзини айтишидан олдин етти бор ўлчаб, ўзини қандайдир сунъий тарзда тутиб ўтирди.

Унинг ортидан юмалоқ юзли яшил форма кийган милиционер кириб келди. Яна ҳужжат текширувлари, ксеронусха олиш ва ҳушмуомалалик билан сўроққа тутишлар бошланди. “Шу ерда бироз ўтириб туринг. Чой ичасизларми?”

МФЙ мутасаддиси етиб келди. Соиповларни билади. Яхши оила, меҳнаткаш. Энди бўлса уларга ҳамма лаънат тошини ёғдирмоқда. Маҳалламизда улар ҳақида ҳамма нарсани билишади, ҳеч қанақанги соқол ёки диний ақидапарастлик эътибордан четда қолмайди.

Охирида жиноят қилдирув бўлими терговчиси келди. Яна сўроққа тутиш, бироқ ҳеч қанақа босимларсиз. Яна бир чойнак чой. Ҳа, шоколад мазали экан. Бўлди, энди кетаверишинги мумкин, яхши боринг, омадингизни берсин.

75- мактаб
75- мактаб

Соиповнинг синглиси бир нечта саволга жавоб беришга рози бўлди, фақат телефон орқали.

“Америка унга ёқарди. Аммо Ўзбекистонни соғинарди. Об-ҳавони, димоққа уриладиган ҳидларни, уйни. Қайтиб келиш тараддудини қилиб юрарди. Америка тўғрисида ҳеч қачон ёмон гапирмаган”.

“Янги дўстлари бўлмаган. Фақат эски дўстлари, қўшнилари, ҳамкасблари билан гаплашиб юрарди”.

“Интернетдаги янгиликларни бизга кўрсатишганида ишонмадик. Ойим ҳушидан кетиб қолдилар. Ойим унинг олдига бориб келганларида ҳеч қанақа шубҳали нарсаларни сезмадилар, яхши кайфиятда қайтиб келдилар. Агар шубҳа туғилганида, албатта текширардилар”.

“Ҳаммамиз шокка тушиб қолдик. Даҳшатли тушдаги каби. Нега бундай қилганини тушуна олмаяпмиз”.

“Тошкентда у ҳатто масжидга ҳам бормасди. Вақти йўқ эди, ўқиш, ўқиш ва ундан кейин иш. Доим жентлменларга ўхшаб сипо юрарди. Туфлиси ялтиратиб тозаланган, галстук, оқ кўйлак. Футбол ўйнарди. Сочини доим парвариш қилиб юрарди”.

“Қалбларимизни қўрқув эгаллаган. Оиламиздагиларнинг ҳаммаси у билан гаплашишни истайди. Бутун дунё олдида товба қилсин деймиз”.

Тошкент Молия институти. Бу ерда С. Соипов ўқиган.
Тошкент Молия институти. Бу ерда С. Соипов ўқиган.

Андрей Аджамов, “Фергана” (Москва-Тошкент-Москва)

XS
SM
MD
LG