Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:40

Президент Мирзиёев Трампга йўллаган хатида теракт бўйича терговда барча ёрдамни таклиф қилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркдаги терактдан кейин Америка раҳбари Дональд Трампга ҳамдардлик билдирди.

Президент ҳамдардлиги битилган матнни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги расмий сайти эълон қилди.

"Биз Америка Қўшма штатлари халқи билан ҳамдардмиз. Қурбонларнинг яқинларига таъзия сўзларимизни етказишингизни сўраймиз, барча жабрланувчилар тез орада соғайиб кетишини тилаймиз", дейилган Ўзбекистон президентининг АҚШ раҳбарига йўллаган ҳамдардлик хатида.

Ўзбекистон раҳбари терроризм ва экстремизмнинг ҳар қандай шаклини қоралаган ва Ўзбекистон ушбу теракт бўйича текширувларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган.

"Ўзбекистон ўз томонидан мазкур террористик актни тергов қилишда кўмаклашиш учун барча куч ва воситаларни ишга солишга тайёр", ғ дейилган президент Мирзиёевнинг мактубида.

31 октябрь, сешанба куни Манхэттенда юк машинасини бошқарган шахс одамларни қасддан уриб юбориши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди, 12 киши жароҳатланди.

Юк машинасини 29 ёшли Сайфулло Соипов бошқаргани, у ҳибсга олингани хабар қилинди. Дастлабки маълумотларга кўра, у бир неча йил муқаддам АҚШга Ўзбекистондан келган ва аввалига Флоридада, сўнг Нью-Жерси штатининг Патерсон шаҳрида истиқомат қилган. Айни шу шаҳарда юк машинасини ижарага олиб терактни уюштирган. Хабарларга кўра, ҳайдовчи юк машинасини мактаб автобусига олиб бориб урган. Шундан сўнг у қўлида иккита тўппонча билан автомобилдан чиққан. Унга қарши полиция ходими югуриб келган ва унга қарата ўқ отган. Ҳужум қилган шахс қорнидан жароҳат олган. Соипов шифохонага олиб борилган ва операция қилинган. Унинг ҳаёти хавф остида эмас.

Ҳужум қилган шахснинг автомобилидан ёзув топилган. Ёзувда унинг “Ислом Давлати” террор гуруҳига содиқлиги маълум бўлган. Ҳодиса ФТБ томонидан тергов қилинмоқда.

2016 сайлов компанияси даврида Трамп хавфсизлик нуқтаи назаридан ноқонуний муҳожирларга қарши кескин зарба беришни ваъда қилган эди. У АҚШга келувчи хорижликлар “ҳаддан зиёд” текширилиши кераклигига чақирган эди.

XS
SM
MD
LG