Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:36

NYT: Соипов муқаддам АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари назарига тушган


АҚШ матбуоти Нью-Йорк шаҳрида юк автомобилини пиёдалар ва велосипедчиларнинг устига қасддан ҳайдаб, саккиз одамни ўлдирган ва 11 одамни жароҳатлагани айтилаётган ўзбекистонлик Сайфулло Соипов шахсига оид айрим маълумотларни эълон қилди. Жумладан, The New York Times газетаси Соипов муқаддам АҚШ ҳуқуқ тартибот идоралари назарига тушгани ҳақда ёзди. Нашрга кўра, аллақандай тергов доирасида полиция у ҳақда маълумот тўплаган. Лекин ҳуқуқ-тартибот идораларини нима қизиқтиргани маълум эмас.

АҚШ матбуоти Сайфулло (Ҳабибиллаевич) Соипов 1988 йилда Ўзбекистонда туғилгани, АҚШга 2010 йилда боргани ва яшаш манзили Флорида штатидаги Тампа шаҳрида бўлгани ҳақида ёзди.

The New York Times нашрига кўра, АҚШдаги етти йиллик ҳаёти давомида Соипов Американинг турли штатларида яшаган.

Аввалига у Флорида штатида юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган.

Кейинчалик, 2011 йилда Соипов Sayf Motors Inc. ва 2013 йилда Bright Auto LLC деб номланган ширкатларни очиб ўз бизнесини йўлга қўйган.

АҚШдаги мустақил Conflict Intelligence Team вакили Руслан Левиев Facebook саҳифасида Соиповнинг Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги ўзбеклар билан алоқаси кучли бўлгани ҳақда ёзди.

"У террорчига ўхшамасди..."

Соиповнинг танишларидан бири 37 ёшли Қобилжон Маткаров исмли ўзбекистонлик муҳожир The New York Times мухбирига у "Америкадаги ҳаётидан мамнун" экани ва жуда ўзини "АҚШда бахтиёр хис қилгани"ни айтган.

"У террорчига ўхшамасди. Ҳаётидан мамнун эди. Балки уни ичидан билмагандурман", - деб айтган Маткаров The New York Times мухбирига.

Соипов сўнгги йилларда Ню Жерси штатидаги Патерсон шаҳрида яшаган.

У ерда Соипов сўнгги олти ой давомида Uber ширкати билан ҳамкорликда киракашлик қилган. Associated Press хабарига кўра, Соипов бу даври ичида Uber ҳайдовчиси сифатида 1400та йўловчини манзилига элитган.

Икки фарзанднинг отаси

Матбуотда Соиповнинг АҚШдаги оилавий ҳаётига доир маълумотлар ҳам эълон қилинди.

Reuters хабарига кўра, Соиповнинг АҚШда рафиқаси бор. Никоҳ 2013 йил 12 апрелда Оҳайо штатида қайд этилган.

Соипов рафиқасининг исми Нозима Одилова. У Соиповдан 6 ёш кичкина. Улар никоҳ пайти Тошкентда туғилганликларини айтишган. Эр-хотинларнинг икки фарзанли ҳам борлиги айтилади.

Reuters хабарига кўра, АҚШда Соиповнинг камида икки марта йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганликда айбланиб, жаримага тортилганини ҳисобга олмаганда маҳаллий қонунчилик билан унинг муаммоси бўмаган.

Ҳозирда Соипов яшаган Патерсон шаҳридаги уйни полиция тинтув қилмоқда.

XS
SM
MD
LG