Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:33

OzodDayjest: Монопол автоширкат сотаётган “ажаларава”ларнинг хавфсизлик даражаси эътирозли саволлар туғдирмоқда


Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар

Таниқли шифокор тиббиёт институтларига суперконтракт асосида қабулларни бас қилишга чақирди. ХДП ёшлар учун имтиёзли кредит бериш тўхтатилаётганидан норози. GM автомобилларининг автоҳалокатларда ёниб кетаётгани қатор саволларни пайдо қилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

“90 фоизи – илмсиз!” – Таниқли профессор олий таълим муассасаларга қабул жараёни ҳақида

Профессор, невролог Зарифбой Ибодуллаев олий таълим муассасаларига ўқишга киришда берилаётган имтиёзларни танқид қилди (www.kun.uz, 25 май).

“Суперконтракт деган бало тиббий таълимнинг оёғига ҳақиқий тушов бўлди. Суперконтрактга 250 млн сўм тўлаб кирадиганларнинг 90 фоизи – илмсиз талабалар. Оддий анатомияни билишмайди. Фурсатдан фойдаланиб, соғлиқни сақлаш вазирлиги, олий таълим вазирлигига таклиф киритмоқчиман: суперконтрактдан воз кечиш ёки уларга бир марта имконият бериб, ундан фойдалана олишмаса, ҳайдаб юбориш керак”, деган профессор Ибодуллаев.

Қайд этилишича, суперконтракт тизими соғлиқни сақлаш соҳасида мутлақо ўзини оқламайди.

“Суперконтракт бўйича ўқишга кирган талабалар декабрдан қабул қилинмоқда. Бу қанақаси? Ўтиб кетган цикллар нима бўлади? Боринг, прокурор бўлинг, бошқа касб эгаси бўлинг, аммо шифокорлик сизларга ўйин эмас!” деган у.

Мутахассис айни пайтда Вазирлар Маҳкамасидан шу каби имтиёзларни бекор қилишни сўраган.

“Яна айтаман, хориждан шифокорларни олиб келаман дейишдан олдин ўзимизнинг врачлар ўқиши учун шароит яратинглар. Кафедрага келинглар, битта ҳам лаборатория йўқ. Аппаратура йўқ. Қанақа ўқитиш мумкин? Ўзбек талабаларига ўзбек институтларида хориж шароитини яратиб беринг. Беш йилдан кейин биз сизларга натижа берамиз. Телевизорга чиққанингизда Беруний, Навоий, Мотуридий авлодимиз, деб доим айтасизлар-ку! Авлоди бўлсак, шароит яратиб беринглар, ўқишга ҳам халақит берманглар, кўрасизлар натижани”, деган профессор З.Ибодуллаев.

“Кредитларни ёшлар эмас, масъуллар талон-торож қилмаяптими?” – Портфелсиз вазирга эътироз билдирилди

Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаевнинг ёшлар учун имтиёзли кредит бериш амалиёти тўхтатилиши хусусидаги фикри эътирозларга сабаб бўлди (“Ўзбекистон овози” газетаси, 26 май).

“Биз ёшлар учун кредитлар беришда биринчи навбатда имтиёзлардан воз кечишни режалаштиряпмиз. Имтиёзсиз кредит бўлса, талон-торож кам бўлади”, деган эди А.Саъдуллаев “Тошкент беш ташаббус” ҳаракати доирасида ташкил этилган анжуманда.

Ўзбекиcтон Халқ демократик партияси марказий кенгаши бўлим бошлиғи Аброр Қурбоновга кўра, бугун ижтимоий тармоқларда имтиёзли кредитлар ажратилишидаги нохолисликлар ҳақида аҳоли томонидан кўплаб фикрлар билдирилмоқда.

“Имтиёзни бекор қилиб юбориш осон, лекин барчаси назорат остида амалга оширилса, бу кўплаб янги иш ўринлари дегани, аслида. Ахир имтиёзли кредитлар ёшлар эмас, унинг ажратилишига масъул бўлганлар томонидан талон-торож қилинмаяптими?..

Бугун катта ҳаётга кириб келаётган ёшларга имтиёз бермасак, ёрдам қўлини чўзмасак, ёшлар келажагимиз, деб ҳайқиришдан не наф? Савол туғилади: ҳурматли Саъдуллаев ёшларга хайрихоҳми ёки банкларнинг манфаатларини ҳимоя қиладими?” дея мақомига кўра портфелсиз вазир саналган А.Саъдуллаевни саволга тутган ХДП вакили.

“Ўзбекистон овози” газетасида, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг кўплаб мамлакатларда иш ўрнини давлат яратмаётгани хусусидаги фикри юзасидан ҳам эътироз чоп этилган.

Монопол автоширкат қачонгача “ажаларава” сотади?

Жорий йилнинг 4 ойида Ўзбекистонда рўй берган йўл-транспорт ҳодисаларида 557 киши қурбон бўлган, 1684 киши жароҳатланган. Ушбу аварияларда 32 ёшгача бўлган ҳайдовчиларнинг улуши катта (“Оила даврасида”, 27 май).

Носоз йўллар – автоҳалокатларга олиб келаётган сабаблардан бири.

“Йўл ҳам носоғлом жусса каби кемшик оғзини очиб дудуқланади. Гапира олмай сарсон. Қариб қолган, 80-йилларда ётқизилган қопламалари билан уят жойини ёпишга беҳуда уринаётган чорасиз кампирни ҳам эслатади. Рулдаги мардум йўлдаги “уят жой”дан айланиб ўтаман, деб рўпарадаги яна бир сарсон билан “пешона уриштиради”, дея вазиятни образли ифодалаган муаллиф.

Мақолада ҳайдовчиларни ўқитиш тизимида пора ёки таниш-билишчилик иллати урчигани, автомактаб тизими таназзулга яқинлашиб қолганига ҳам эътибор қаратилган.

Қайд этилишича, авария рўй берган пайтда маҳаллий заводда ишлаб чиқарилаётган машиналарда хориж брендларига қараганда қурбонлар кўпроқ бўлмоқда.

“Нега эски иномаркадан ҳам тирик чиқилади-ю, янги GM бошқарувни йўқотса ҳам камида икки қурбон? Аввало нега “Nexia 3” ва “Lacetti” русумли автоларимиз тез-тез бошқарувни йўқотиб туради? Муайян тезликка чиқилса, фақатгина тажрибали ҳайдовчигина уларни эплаши мумкин, нега? Камида 10 минг АҚШ долларига яраша ҳаётига хавф ҳам бироз кам бўлиши керак эмасмикан? Ёки бу пул монопол луқмага бўкиб қолганлар учун кичкина суммами, одам ҳаёти унинг олдида ҳам сариқ чақами?.. Одамлар умрбод йиққанига ўзи учун “ажаларава” сотиб олишдек тавқи лаънатдан қачон озод қилинади? Йўлларда ёнаётган яқинини кўриб, қўлидан ҳеч нима келмай бўзлаб қолишларнинг охири борми? Ўзи нега GM автомобиллари ЙТҲга учраса, кўп ҳолларда ёниб кетади?” дея мутасаддиларни саволга тутган муаллиф.

XS
SM
MD
LG