Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:40

OzodDayjest: Вазир Назарбеков мусиқани ҳаром деб баҳолаётганларни “ҳовлиқмалар” деб атади


Озодбек Назарбеков
Озодбек Назарбеков

Маданият вазири О. Назарбеков баъзи санъаткорларнинг санъатни ҳаром деб атаётганига муносабат билдирди. Маҳаллий депутат ўқувчиларга жамоат транспортидан текин фойдаланиш ҳуқуқини беришни таклиф қилди. Олимлар “Ёзёвон қумлари” ва “Мингбулоқ” табиий ёдгорликлари хавф остида эканидан бонг урмоқда. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

“Мусиқа ҳаромми?” – Озодбек Назарбеков қизғин муҳокамадаги саволга жавоб берди

Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Тошкентда бўлиб ўтган ёшлар форумида сўнгги вақтларда баъзи санъаткорларнинг дин сабаб соҳани тарк этиб, санъатни ҳаром деб атаётганига муносабат билдирди (www.gazeta.uz, 24 май).

“Динни яхши билмасдан туриб, динни яхши тушунмасдан туриб, жамоат олдига чиқиб, халқ олдига чиқиб, минбардан туриб диндан гапириш учун, кечирасиз-у, менинг назаримда, камида 25 йиллик билим олган бўлиш керак. 25 йиллик, камида, энг камида… Етарли даражада билим олиб, ундан кейин дин номидан гапириш, менимча, сал ярашади”, деди вазир.

О. Назарбеков инсон ўзи эътиқод қилган тушунчасини ҳаммага қабул қилдиришга уринишини нотўғри, деб атади.

“Ўзи куни кеча умуман бошқа ҳаёт тарзини бошидан кечириб турган одам бир кунда минбарга чиқиб, диндан гапириши ғалатироқ, менимча. Лекин, албатта, ҳар бир инсонни эътиқодига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Нима бўлган тақдирда ҳам ўзи эътиқод қилаётган тушунчани ҳаммага қабул қилдиришга уриниш ҳам сал нотўғрироқ нарса”, дейди у.

Қайд этилишича, “мусиқа ва санъатни ҳаром деб аташ – динни яхши тушунмаслик, ҳовлиқмаликдан”.

“Мусиқа ёки санъат динимизда ҳаром бўлганида бугунгача етиб келмас эди. Амир Темурни ўзи қириб юборарди. Бизда диний билим уфурган бир даврда санъат қолмаган бўларди. Ўзбекистонни санъати йўқ бўлиб кетган бўларди. Мусиқа санъати мутлақ бугун бизгача келмас эди”, деди санъаткор-вазир.

Депутат ўқувчиларга жамоат транспортини текин қилишни таклиф этди

“Миллий тикланиш” партияси вакили, Мирзо Улуғбек туман кенгаши депутати Жаҳонгир Зиёев ўқувчиларга жамоат транспортидан текин фойдаланиш ҳуқуқини беришни таклиф этди (“Миллий тикланиш” газетаси, 26 май).

“Кеча жамоат транспортида юз берган воқеадан ҳали ҳам ўзимга келолганим йўқ. Кондуктор аёл эрталаб мактабга кетаётган 9-10 яшар болани 1000 сўм йўлкира бергани учун гап билан шунчалик саваладики... Ҳатто бир автобус йўловчиларнинг “қўйинг, 400 сўмни мен бераман” деган гапига ҳам қулоқ солмади. Аксинча, “Менда ҳам план бор”, дея қолганларга ҳам заҳрини сочди. Албатта, бундай ҳолат илк бор содир бўлаётгани йўқ, охиргиси ҳам эмас. Ўқувчиларга йўлкира бепул бўлмас экан, яна давом этаверади”, деб ёзган депутат.

Қайд этилишича, жамоат транспорти шундоқ ҳам зарарга ишлаётган, харажатлар субсидия, имтиёзли кредит билан қопланаётган бир пайтда ўқувчиларга шаҳар транспортида бепул юриш ҳуқуқини бериш билан кўп нарса йўқотилмайди.

“Дунё тажрибасида йўлкирани бепул қилиш янгилик эмас. Люксембургда барча учун жамоат транспорти бепул. Ҳатто Эстония пойтахти Таллинда ҳам қарийб ўн йилдан бери йўлкира сўралмайди. Швейцария, Австралия, Франция, АҚШ, Хитой, Малайзия... Мутахассислар бундай имтиёз шаҳарда тирбандликнинг олдини олиши, ҳатто солиқ тўловчилар сонининг кескин кўпайганини ҳам аниқлаган”, деган Ж.Зиёев.

Аввалроқ ушбу депутат Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жорий этилган жарималар миқдорини аҳоли даромадига мувофиқ равишда кескин камайтириш таклифи билан чиққан эди.

Олимлар Фарғона водийсидаги ноёб табиий мажмуа йўқолиб кетишидан хавотирда

Фарғона водийсидаги “Ёзёвон қумлари” ва “Мингбулоқ” табиий ёдгорликлари хавф остида, деб ёзади “Рост24” нашри. Наманган ва Фарғона вилоятидаги мазкур қумлоқ ва адирларда дунёнинг бошқа жойларида учрамайдиган 14 та тор диапазонли эндемиклар ва бошқа кўплаб ноёб турлар яшайди. Эндиликда ноёб эндемикларга уй бўлган қумлоқларда тадбиркорлар балиқчилик хўжаликлари барпо этмоқда. Яқингача саҳро биотопини намоён қилган ҳудудларда ҳозир қурбақалар сайрамоқда, қумлоқ ҳудудлар ботқоқ ёки тўқайларга айлантирилмоқда. Бу эса фаоллар ва экологларнинг хавотирига сабаб бўлмоқда. Жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология давлат қўмитаси, Фанлар академияси Зоология институти вакиллари ҳам табиий мажмуаларни сақлаб қолиш, бунинг учун у ерда қўриқхона ташкил этилиши керак, деб ҳисоблайди.

“Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасида давлат табиат ёдгорликларининг режими аниқлаштирилган. Унга кўра, “Табиат давлат ёдгорликлари ҳудудида уларнинг хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳар қандай фаолият тақиқланади” деб аниқ ёзиб қўйилган. “Ёзёвон қумлари” ва “Мингбулоқ” табиий ёдгорликлари хавфсизлигига таҳдидлардан ким ҳимоя қилади?” дея мутасаддиларни саволга тутган нашр.

XS
SM
MD
LG