Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:13

OzodDayjest: Ортиқхўжаевнинг янги солиқ жорий этиш таклифи эътироз уйғотди


Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев
Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Ўзбекистон ташқи сиёсатида “катта сакраш” рўй бераётгани айтилди. Ҳоким Ортиқхўжаев илгари сурган таклиф мулкдорлик ҳуқуқига зид дея баҳоланди. Мактаб дарсликларини хатолар билан чоп этиш танқид қилинди ва ХТВ бу муаммога жиддий ёндашишга чақирилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Ўзбекистон ташқи сиёсатда “шляпа”дан воз кечиб “дўппи”га қайтди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Қуддусда вазиятнинг кескин тус олиши сабабли чуқур хавотир изҳор этилган баёноти мамлакат ташқи сиёсатида юз берган ўзига хос янгилик, “катта сакраш” бўлди, деб ҳисоблайди “Рост24” нашри.

“Авваллари ТИВ жаҳондаги муҳим вазиятлар бўйича бу каби лўнда, халқнинг қалбига яқин ва ёрқин позицияларимиз акс этган баёнотларни камдан-кам берар эди. Мисол учун, Қримни Россия босиб олганда берилган баёнот шу қадар мавҳум, шу қадар силлиқ ва шу қадар тушунарсиз чиққан эдики, уни яхшиси бермаса ҳам бўлар эди. Ёки Тоғли Қорабоғ бўйича ҳам жуда кўп йиллар сукут сақлаб келинди”, деб ёзган нашр.

Қайд этилишича, халқаро майдонда “мен сенга тегмай, сен ҳам мен билан ишинг бўлмасин” қабилида ўзини ўзи яккалашга ўхшаш бир сиёсат олиб борилди.

“Рост24”га кўра, жорий йил март ойида расмий Тошкентнинг Озарбайжонни тарихий адолатни тиклагани билан қутлагани ва Тоғли Қорабоғдаги тиклаш ишларига кўмак таклиф этгани мисли кўрилмаган ҳолдир. Тожикистон ва Қирғизистон чегарасидаги қирғинда ҳам айнан Ўзбекистон етакчисининг икки қўшни мамлакат президентлари билан тезкор телефон мулоқот зиддият тезда барҳам топишида ҳал қилувчи роллардан бирини ўйнади, деб ёзган интернет нашр.

“Рост24” Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон президенти отаси вафоти муносабати билан ҳамдардлик изҳор этиш мақсадида Ашхободга боргани ва ифторлик дастурхонида иштирок этганини ҳам ташқи сиёсий сакраш деб атаган.

“Каримовнинг “советча шляпаси” дўппига айланиб, миллий етакчимиз тимсолида ниҳоятда ажойиб ғурурбахш этадиган ҳодисага айланиб кетди”, деб ёзган нашр.

“Истаса қулф осиб қўяди, истаса сотади!” – Ортиқхўжаев илгари сурган таклиф мулкдорлик ҳуқуқига зид дея баҳоланди

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев президент Шавкат Мирзиёевнинг Учтепа тумани Тепақўрғон маҳалласига ташрифи давомида олти ой мобайнида мол-мулкдан фойдаланилмаган ёки ижарага берилмаган тақдирда мулк эгасига пеня ҳисоблашни таклиф қилди (www.gazeta.uz, 15 май).

“Ҳозир қурилаётган кўплаб кўп қаватли уйларнинг, ундан ташқари олдинги уйлар биринчи қаватларининг кўп қисми бўш ётибди. Уларнинг эгаларига бинони ижарага беришни таклиф қиламиз. Агар ўзи 6 ойдан ортиқ фойдаланмаса ёки ижарага бермаса, прогрессив [оширилган] солиқ қўллаймиз. Ахир бино қурилганидан кейин фойдаланилиши керак-ку. Шундай қилсак, пойтахтда ижара нархлари тушади, тадбиркорларга ҳам кенг имкониятлар яратилади”, деган Ж. Ортиқхўжаев.

Таклиф маъқулланган ва мазкур тартиб бир йил давомида Тошкентда тажриба тариқасида қўлланиши, кейинроқ бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилиши маълум қилинган.

Ижтимоий тармоқларда ушбу таклиф мулкдорлик ҳуқуқига зид дея баҳоланди.

“Жаноб Артикходжаев қонунларимизда мулкдор ўз мулкини ўз истаганича тасарруф этишини биладими? Истаса ижарага беради, нархи тўғри келмаса қулф осиб қўяди, истаса сотади. Қонуларимизда ҳарқалай шунақа, жаноб Артикходжаев! Пойтахтдаги минглаб тадбиркорлар мулкларини пешона териси билан топган. Текинга, ноль қийматда ё имтиёз билан олмаган айрим кабинетларни тепиб кирадиган корчалонларга ўхшаб.

Жаноб Артикходжаев мулк эгалари мулк солиғи ва ер солиғи тўлашидан хабари бўлса керак. Давлатнинг ҳақи фақат мана шу тўлов. Солиқ тўловлари вақтида тўланмасагина, пеня ундирилиши мумкин”, деб ёзган иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров.

Мактаб дарсликларининг хатолар билан чоп этилиши – миллатга хиёнат

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Миллий тикланиш” партияси фракцияси томонидан “Китоб ва босма маҳсулотларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш тизимидаги мавжуд муаммолар” мавзусида тадбир ўтказилди. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари хабар берди.

Тадбирда маълум қилинишича, нашриётлар фаолиятида мазмунан саёз, амалдаги стандарт талабларига мос келмайдиган, менталитетга ёт қарашларни ифода этувчи, ёшлар онгига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган китоблар нашр этилиши кузатилган. 2019-2021 йиллар давомида ваколатли агентлик томонидан нашриёт-матбаа корхоналарига жами 166 та кўрсатма, тақдимнома ва огоҳлантириш хати киритилган.

Шунингдек, йиғилишда бозорлар ва савдо шохобчаларида сотилаётган контрафакт ва ностандарт матбаа маҳсулотлари мониторинги хусусида ҳам маълумот берилган. Аниқланишича, энг кўп контрафакт ва ностандарт матбаа маҳсулотлари Тошкент шаҳри, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона вилоятларида сотувга чиқарилган. Мазкур контрафакт китоб маҳсулотларининг асосий қисмини умумтаълим мактабларига мўлжалланган ва сотуви тақиқланган дарсликлар ташкил этади.

“Адолат” газетасининг жорий йил 20-сонида ҳам мактаб дарсликларидаги хатолар таҳлил-тафтиш этилган мақола чоп этилди. Газета бу борада аниқ мисоллар келтирган ҳолда дарсликларни хатолар билан чоп этиш миллатга хиёнат эканини таъкидлаган ва Халқ таълими вазирлигини дарслик чоп этишга жиддий ёндашишга чақирган.

XS
SM
MD
LG