Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:13

OzodDayjest: Ҳоким Ортиқхўжаев бошқарувининг мусбат ва манфий жиҳатлари маълум қилинди


Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш жараёни суст кетаётгани сабаби ва уни жадаллаштириш йўли айтилди. Авиаширкат фуқаролар тушиб қолган мураккаб вазиятдан инсофсизларча фойдаланмоқда. Ҳоким Ортиқхўжаев бошқарувининг мусбат ва манфий жиҳатлари маълум қилинди.

________________________________________________________

“Аҳоли ва ҳокимлик ўртасида муросасизлик мавжуд” – Ортиқхўжаевнинг 3 йиллик фаолиятига баҳо берилди

26 апрель куни “Akfa” ширкатлари гуруҳи муассиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳри ҳокими лавозимига тайинланганига 3 йил тўлди. Qalampir.uz нашри бизнесмен-ҳокимнинг 3 йиллик фаолиятига баҳо берди.

“Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳар ҳокими бўлгач, шаҳарда ижобий ўзгаришлар бўлди. Аввало, одамлар ҳокимликка арзини айтиб борганида, уларга жавоб бўла бошлади. Ҳокимлик мурожаатларни кўриб чиқиши жонланди. Шунингдек, қатор қаровсиз ҳудудлар тозаланиб, сайлгоҳларга айлантирилди”, деб ёзади нашр.

Таъкидланишича, Ортиқхўжаев даврининг ўзига яраша манфий жиҳатлари ҳам талайгина.

“Пойтахтда 3 йилдирки, уй ва хусусий мулкларнинг “жамоат эҳтиёжи” учун бузиш тўхтамаётир. Шаҳар бош режаси эса йилдан йилга кечикиб келмоқда. Тошкентда инфратузилма янги қурилаётган турар жойлар даражасида ўсмаяпти. Ички йўллар ҳам ҳавас қилгулик аҳволда эмас”, деб ёзади Qalampir.uz.

Хавотир билан қайд этилишича, қисқа муддатда пойтахтдаги ўнлаб тарихий бинолар вайрон қилинди, улар ўрнида эса замонавий шаҳарчалар бунёд этилмоқда. Қолаверса, Жаҳонгир Ортиқхўжаев даврига келиб, уйсизлик, ишсизлик масалалари кун тартибига чиқди. Бу муаммолар аввалги ҳокимлар даврида ҳам бўлган, бироқ ошкора айтилмаган. Тошкентда аҳоли ва ҳокимлик ўртасида муросасизлик мавжуд.

“Тошкент шаҳар ҳокими ҳақида гап кетганда унинг яхши тадбиркор экани биринчилардан бўлиб айтилади. Бироқ у ўзи каби тадбиркорлар етишиб чиқишига қанчалик йўл очмоқда, муҳитни қанчалик ривожлантирмоқда, буниси ҳали мавҳум. Негаки сўнгги уч йилда Ортиқхўжаев каби катта тадбиркорлар чиққани йўқ. Кичик бизнес хусусида гап кетганда эса Ортиқхўжаев даврида катта бизнес янада ривожланиб, ўрта ва кичик бизнес қолоқ ҳолда қолаётганини кўриш мумкин. Тадбиркорларнинг аксари эса ҳозирги ҳокимиятдан норози”, деб ёзади интернет нашр.

Бош вазир ўринбосари: Аҳоли коронавирусга қарши вакцинага ишончсизлик билан қарамоқда

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев коронавирусга қарши эмлаш жараёни суст кетаётгани асосий сабабини маълум қилди (www.daryo.uz, 27 апрель). Қайд этилишича, 65 ва ундан катта ёшдаги фуқаролар орасида эмланишга рози бўлаётганлар сони камлиги вакцинага нисбатан ишончнинг пастлиги билан боғлиқдир.

Бош вазир ўринбосарининг айтишича, қўшимча вакцина партиялари келтирилиши билан эмлаш жараёнига олий таълим ва соғлиқни салқаш тизими ходимлари жалб қилинади ҳамда кунлик эмланганлар сони бир неча бараварга ошишига эришилади.

Ўзбекистонда 1 апрелдан тиббиёт ходимлари ва 65 ёшдан катта шахсларни коронавирусга қарши оммавий эмлаш жараёни бошланди. Кузатувчиларнинг фикрича, агар эмлаш суръати ҳозиргидек суст қолса, бутун мамлакат аҳолисида коронавирусга қарши иммунитет ҳосил қилишга бир неча йил керак бўлади.

Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров жараённи тезлаштириш учун эмлашга хусусий ширкатларни ҳам жалб этишни таклиф этди.

“Давлат бу йил 7 млн ўзбекистонликни эмлашни режа қилмоқда, унинг ёнига яна қўшимча шартли 3 млн ўзбекистонлик тижорий йўл билан эмланса ёмонми? Тушунишимиз ва қабул қилишимиз лозим, токи вакцинациялаш мантиқий якунланмас экан, мамлакат тўлақонли очилмайди, иқтисодиёт доимий стресслар ортида депсиниб тураверади, таълим ва медицина каби ижтимоий хизматларнинг сифати ҳаминқадарлигича қолаверади”, деб ёзади О.Бакиров.

Туризм вазири: Бизда авиачипталар нархи қўшниларимиздан каррасига қиммат

Ўзбекистон бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов авиачипталар нархи қўшни давлатларга қараганда бир неча баравар қиммат эканини тан олди (www.kun.uz, 26 апрель).

“Буни кўриш учун узоққа бориш шарт эмас. Масалан, Ўзбекистондан учадиган самолёт чипталари нархи билан Чимкент (Қозоғистон) ва Ўш (Қирғизистон) шаҳарларидан учадиган рейслар нархини солиштириш кифоя. Интернетга кирасиз ва солиштирасиз – бизда нархлар қанчадир фоизга ҳам эмас, бараварига қимматроқ. Бу эса мамлакатимизга сайёҳларни таклиф қилишда бошқалар билан рақобатлаша олмаслигимизга сабаб бўляпти”, дейди бош вазир ўринбосари.

А.Абдуҳакимов “Qanot Sharq”, “Humo” каби хусусий авиаширкатлар фаолияти йўлга қўйилиши ортидан чипта нархи арзонлашишини таъкидлаган.

Жорий йил 16 апрель куни Олий Мажлис Сенати айрим йўналишлардаги самолётлар тури бир хил бўлса ҳам авиачипталар нархи ҳаддан зиёд қимматлигини танқид қилган ва ҳолат юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитасига сўров юборган эди.

Сенатга кўра, парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган Тошкент–Олмаота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи фақат бир тарафга 4,7 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Ҳолбуки, парвоз вақти 3 соат 40 дақиқадан иборат Тошкент–Москва йўналиши бўйича авиачипта нархи 4,2 миллион сўм, Тошкент–Рига йўналиши бўйича 2,8 миллион сўм (парвоз вақти 5 соат 30 дақиқа), Тошкент–Нью-Йорк йўналиши бўйича эса 6,5 миллион сўм (парвоз вақти 12 соат) этиб белгиланган.

Аҳоли билан жойларда ўтказилган мулоқотлар ва таҳлиллар шуни кўрсатганки, масъуллар нарх белгилашда фуқаролар тушиб қолган танловсиз, мураккаб вазиятдан инсофсизларча фойдаланмоқда.

XS
SM
MD
LG