Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:42

Наврўзни танқид қилган Исҳоқжон домла “сиёсий сабаб билан” имомликдан четлатилди


"Тўхтабой" масжиди имоми Исҳоқ Бегматов
"Тўхтабой" масжиди имоми Исҳоқ Бегматов

Тошкентдаги машҳур “Тўхтабой” жоме масжидининг ишдан бўшатилган имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов, Озодлик манбаларига кўра, диний таълим ёшини 18 ёшга кўтариш таклифига қарши чиққани учун босимга учраган. Бу ҳақда аниқ жавоб бермаган Мусулмонлар идораси мунозарага сабаб бўлаётган диний таълимга оид таклиф бўйича ҳали якуний қарор қабул қилинмаганини билдирди.

90-йилларнинг ўрталарида таниқли уламо Обид қори Назаров имомлик қилган Тошкентдаги машҳур "Тўхтабой" масжидининг имом-хатиби Исҳоқ Муҳаммад домла - Исҳоқжон Бегматовнинг яқинлари Озодлик билан суҳбатда¸ унинг ишдан олинишига Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Диний қўмита ва диний идора босими сабаб бўлганини иддао қилди.

Наврўз байрами ва унинг теграсидаги урф-одатларни кескин танқид қилгани учун ижтимоий тармоқларда қизғин мунозара уйғотган Исҳоқжон домла июнь ойининг охирги кунларида ишдан олинди. Ўзбекистондаги Интернет нашрлари имомнинг "соғлиги тўғри келмагани боис, ўз хоҳиши билан ишдан бўшагани"ни хабар қилди.

Мусулмонлар идорасининг масжидлар бўлими ва идоранинг Тошкент шаҳар вакиллик идорасининг Озодлик гаплашган ходимлари Исҳоқжон домланинг ишдан бўшаши сабабларини "номаълум", деб изоҳлади.

Имомни яқиндан таниган манбаларнинг ёзишича, “Исҳоқжон домла Ўзбекистонда диний таълим ёшини 15-16 ёшдан 18 ёшга кўтариш таклифига қарши чиққани учун” босимга учраган ва шу босим туфайли ишдан бўшашга мажбур бўлган.

"Диний қўмита маъҳад устозларини, Тошкент Ислом университетини¸ ҳатто диний идорани ҳам кучли босим остига олибди. +18 диний таълим диний қўмитанинг топшириғи бўлган. Масалан¸ Исҳоқжон домлани ишдан олишди¸ диний идорага чақириб¸ сўкишибди. Бу одам "Тўхтабой ота" масжиди имоми. Бу Обид қорининг масжиди. Диний қўмитанинг махсус комиссияси давлатга қарши¸ деб хулоса берган¸ шунга ишдан олинган. 6 ойдан бери текширув бўлган¸ ҳаммасини текширган экан. Бир ой олдин зўрға жарима билан қутулган экан"¸ деб ёзди исми сир сақланишини сўраган Озодлик манбаси.

Ўтган ой Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Дин ишлари бўйича қўмита Вазирлар Маҳкамасига мамлакатдаги ўрта махсус диний билим юртларига 9-синф битирувчиларини қабул қилмаслик ҳақида таклиф киритди.

Бу таклиф¸ коллеж-лицейларга тенглаштирилган ўрта-махсус ислом билим юртларига коллеж-лицейларни битирганларни қабул қилишни кўзда тутади.

Тошкент Ислом институти ўқитувчилари жамоасига тегишли, дейилган норозилик мактубининг мамлакат ичкарисидаги Интернет нашрларида чоп этилгани¸ бу таклифнинг эътирозларга сабаб бўлаëтганини кўрсатди.

Ўзбекистонда мустақил равишда диний таълим бериш тақиқлангани боис, расман фаолият юрғизувчи 9 дона мадрасага шу вақтгача 9-синф битирувчилари қабул қилинар эди.

Шу тартиб сақланиб қолиши тарафдори бўлган Исҳоқжон Бегматов, Озодликнинг яна бир манбасига кўра, бу фикрини президент Шавкат Мирзиёевга ҳам очиқ айтган.

"Яқинда Шайҳонтоҳур тумани имомлари билан бўлган учрашувда Исҳоқжон домла Мирзиëевга болаларга ëшликдан исломий билимлар беришни таклиф қилган. Мирзиëевга бу таклиф маъқул келган. Лекин кимларгадир бу фикр ëқмаган ва имомлар билан учрашувга Исҳоқжон домлани таклиф қилишмаган ва қисқа вақт ичида у кишини ишдан олиб ташлашган. Диний идорага президент девонидан домлани ишдан олиш ҳақида топшириқ берилган", деб ёзди Исҳоқ Бегматов билан бир маҳаллада яшашини айтган яна бир тошкентлик манба.

Озодликка бир-биридан мустақил ҳолда келган бу жараëнга оид хабарларда яна бир имом - ўғил фарзандларини гинеколог касбига ўқитмасликка чақириб, жамоатчилик орасида шов-шув уйғотган Раҳматуллоҳ Сайфитдинов номи ҳам тилга олинган. Бу имомнинг ҳам таълим ёшини 18 га кўтариш таклифига қарши чиққани учун Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари қўмитаси босимига учраётгани иддао қилинмоқда.

Озодлик бу иддаолар ортидан номи тилга олинган иккала имом билан боғланишга уринди, аммо ҳозирча бунга муваффақ бўлмади. Шунингдек, бу борада Диний қўмитадан ҳам бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Диний идора раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур бу борадаги саволга қисқа жавоб берди:

"Диний идора бошқарув органи бўлгани учун ўзининг имомлари, ходимларига ҳар қандай масалада маслаҳат, буйруқ бериши мумкин, тавсия беради. Сал чалғиб кетса, тўғирлаб қўяди. Лекин, мен диний таълимга оид таклифлар билан шуғулланмаяпман. Жуда кўп нарсадан хабарим йўқ. Аммо, бу таклиф бўйича ҳали якуний қарор қабул қилингани йўқ", деди шайх Абдулазиз Мансур.

Босимга учрагани айтилаëтган Исҳоқжон Бегматов ва Раҳматуллоҳ Сайфитдиновлар ўз вақтида марҳум президент Ислом Каримов назарига тушган имомлардир.

Раҳматуллоҳ Сайфутдинов марҳум президент Ислом Каримовнинг чап ёнида, 2014 йил, октябр ойи
Раҳматуллоҳ Сайфутдинов марҳум президент Ислом Каримовнинг чап ёнида, 2014 йил, октябр ойи

Иккала имомнинг ҳам тақиқланган диний оқимларга қарши қаттиқ курашган ва бу борада ҳукумат сиёсатини маъқуллаб келган шахслар экани айтилади.

Шавкат Мирзиëев президентликка келишидан кўп ўтмай бу имомларнинг жума маърузаларида, диний идора берадиган тезисдан чиқиб, эркин фикр билдиргани ижтимоий тармоқларда мунозаралар уйғотди.

Исҳоқжон Бегматовнинг Наврўз байрами билан боғлиқ урф-одатларни кескин танқид қилгани, Раҳматуллоҳ домланинг эса ўғил болаларни дояликка ўқитмаслик чақириғи тармоқларда ёйилди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG