Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:56

Ўзбекистонда имомлар “динийлар” хонадонларида суҳбатлар ўтказмоқда


Диний экстремистликда айбланиб, Москва округ ҳарбий суди томонидан 2016 йилнинг ёзида озодликдан маҳрум этилган ўзбекистонликлар.
Диний экстремистликда айбланиб, Москва округ ҳарбий суди томонидан 2016 йилнинг ёзида озодликдан маҳрум этилган ўзбекистонликлар.

Андижон вилояти туманларидан бири бош имом хатибининг Озодликка билдиришича, диний мотивлар билан қамалган ёки ҳорижга чиқиб кетган ва экстремистликда гумон қилинаётганларнинг хонадонларида қарийб бир ойдан буён профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда.

Тошкентнинг Олмазор туманидаги масжид имомининг айтишича, бундай суҳбатлар мамлакат бўйлаб ўтказилмоқда.

Баъзи жойларда бундай суҳбат ўтказишга жалб этилганлар хонадон эгаларига “динийларга Мирзиёев амнистия бериши кутилаяпти”, деган гапни айтгани Озодликка маълум бўлди.

Олий Мажлис Сенати мулозимининг Озодликка билдиришича, унинг "диний амнистия"дан хабари йўқ”.

Андижоннинг "қора рўйхати"

Андижон вилояти туманларидан бирининг исми ҳам, тумани номи ҳам айтилмаслиги шарти билан Озодликка суҳбат берган бош имом- хатибининг айтишича, шу кунда вилоят бўйлаб диний мотивлар билан қамалган ва ҳорижга чиқиб кетган ва экстремистликда гумон қилинаётганларнинг 5 минг кишилик “қора рўйхати” бор.

- 5 минг кишининг 2 минг нафари Андижон шаҳрида эканлигини мажлисда айтишди. Уларнинг баъзилари акрамийлар, баъзилари ваҳҳобийлар, кўплари қамалган. Чет элга чиқиб кетганлари, қидирувда юрганлари, ўз уйида яшаб турганлари ҳам бор, деди имом.

Айтишича, у ўз қавми яшайдиган ҳудуддаги оилаларга маҳалла фуқаролар йиғини вакили, “Нуроний” жамғармаси вакили билан биргаликда бориб, оиланинг ҳолидан хабар олаяпти, суҳбатлар ўтказаяпти. Баъзи жойларда имомлар суҳбат ўтказиш учун “рокировка” ҳам қилинаяпти: бу ҳудуднинг имоми у ҳудудда, у ҳудуднинг имоми бу ҳудудда суҳбат ўтказмоқда.

Суҳбат асосида хулосалар ёзилмоқда

Тошкентнинг Олмазор туманидаги масжидлардан бири имомининг Озодликка айтишича, (у ҳам исми ва масжиди номи тилга олинмаслигини сўради) “қора рўйхат”га тушганлар билан суҳбатлар бутун республика бўйлаб ўтказилмоқда. Хусусан, суҳбатдошимиз ўзига қарашли ҳудудда суҳбатларни ўтказиб бўлди.

Имомнинг айтишича, бундай суҳбатларни ўтказиш Президент Мирзиёевнинг Олмазор туманига ташрифидан сўнг бошланган.

Имомнинг айтишича, “ бундай суҳбатларни ўтказишни Олмазорга келганида Мирзиёев буюрган, экстремистик ғоялардан воз кечганларни “қора рўйхат”дан чиқариш кераклигини айтган. Токи улар ҳам бемалол яшасин деган”.

Президент Мирзиёев Олмазор туманига ташрифи давомида имом айтган баёнотни қилгани тўғрисида оммавий ахборот воситаларида хабар қилингани Озодликка маълум эмас.

Олмазорлик имомнинг Озодликка айтишича, ўтказилган суҳбатлар асосида ўрганилган шахсларнинг ҳар бири бўйича улар “зарарли ғоялардан қайтган ёки қайтмаган”, деган маънода хулоса ёзиб берган.

Қанча ижобий ва қанча салбий хулоса ёзиб берганини олмазорлик имом айтишни истамади.

Шу гапдан сўнг андижонлик имом билан қайта боғландик. У “Йўқ, биздан бундай хулоса ёзиб беришни талаб қилишгани йўқ”, деди.

"Таниқли имомлар "диний"ларнинг жиноят ишларини ўрганмоқда"

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакили, мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг Озодликка билдиришича, Тошкентдаги баъзи нуфузли имомлар озодликдан маҳрум қилинганларнинг жиноят ишларини ўрганмоқда.

- Кеча бир таниқли олим ва диний идорага яқин шахс билан суҳбатлашдим. Унинг айтишича, ҳозирда унинг қўлида қамоқда бўлган 21 кишининг жиноят иши бор, у ва у каби олимлар диний радикал оқимларга аъзоликда айланиб, қамалган диндорларнинг конституциявий тузумга хавф солмайдиган, тузалиш йўлига кирган ва озодликка чиқишни истовчи каттагина қисмининг ишларини ўрганмоқда, - деди Абдураҳмон Ташанов.

Отинойилар "диний" ўғли бор онани умидвор қилди

21 май, якшанба, куннинг биринчи ярмида чинозлик А. Б. нинг хонадонига 4 аёлдан иборат бир гуруҳ кириб келди. Хонадон эгасинининг 1983 йилда туғилган ўғли бундан 11 йил олдин диний мотивлар билан 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган, жорий йил январида яна 3 йилга “раскрутка” қилинган.

Она келган 4 аёлдан 2 нафари: чинозлик отинойиларни таниган, лекин қолганларини танимаган. Улар онадан ҳол-аҳвол сўраган, “яхшилик билан келганларини, яқин орада ўғли қамоқдан чиқишини, чунки Мирзиёев динийларни амнистия қилганини”, айтган.

Сенат ва Диний идора мулозимлари "диний амнистия" тўғрисидаги миш-мишларни рад этди

Биз чинозлик аёлнинг уйига келган отинойиларни излаб топа олмадик ва амнистия тўғрисида қарор қабул қилиш ваколати берилган Олий Мажлис Сенатининг матбуот хизмати билан боғландик.

Ўзини “Ахборот бўлимидан” эканлигини айтган, лекин исмини айтмаган мулозим (аёл киши) 27 май куни Олий Мажлис сессияси бўлишини, сессияда Конституцияга ўзгартишлар киритилиши кутилаётганини, лекин тафсилотлар ўша куни очиқланишини айтди. “Динийларга амнистия” масаласидаги саволга “Йўқ, бундан хабарим йўқ”, деб жавоб берди.

“Диний амнистия”дан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг ҳам хабари йўқлигини Озодлик идора раиси муовини, шайх Абдулализ Мансурдан сўраб билди.

XS
SM
MD
LG