Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:58

А. Мансур: Мадрасага 9-синф битирувчисини олмасликка жиддий сабаблар бор!


Шайх Абдулазиз Мансур
Шайх Абдулазиз Мансур

Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур 9-синф битирувчиларини ўрта махсус ислом билим юртига қабул қилмаслик таклифи ҳақида Озодлик муштарийлари саволларига жавоб берди. Мулозимга кўра, ҳануз муҳокама қилинаётган бу таклифнинг бир сабаби мадраса битирувчиси - бўлғуси имом ва отин ойиларнинг ёшини оширишдир. Айни пайтда, республикадаги мадрасаларда иш бошлаган қабул ҳайъатлари 9-синф битирувчилари ҳужжатларини қабул қилмаётир.

"20 яшар имомлар ҳақида шикоятлар бўлди"

Ўзбекистондаги мадрасаларга 9-синф битирувчиларни қабул қилмасдан, коллеж ва лицей битирувчиларини қабул қилиш таклифи Вазирлар Маҳкамасига киритилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Бу хабардан сўнг тингловчилардан келган шарҳ ва мактубларда - бу ҳолда диний таълим олишни истаган ёшларга икки марта ўрта махсус таълим босқичини ўқишга мажбур бўлишидан эътироз билдирилмоқда ва бунинг сабаб нимада, дея савол ташланмоқда.

Бу каби саволлардан баъзиларига жавоб берган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур ҳали бу таклиф борасида якуний қарор қабул қилинмаганини алоҳида урғулади:

- Бунинг кўплаб сабаблари бор ва мен булардан биттасини аниқ биламан. Мадрасани битирганлар 20 ёшда бўлади ва жойларга бориб, ёш-ёш болаларнинг имомлик қилиши, насиҳат қилиши ҳақида халқдан шикоятлар тушган. Энди 23-24 ёш бўлади ва бу орада илми ошади, дунёқараши ҳам кенгаяди. Битта сабаби шу. Албатта, бунинг бошқа сабаблари ҳам бор ва ҳали муҳокалара давом этаяпти, тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз. Якуний қарор қабул қилинсин! Ўшандан кейин ҳамма жиҳатларини изоҳлаб, айтаман сизларга, - деди, жумладан, Мусулмонлар идораси мулозими.

Қуйида шайх Абдулазиз Мансур билан суҳбатни тингланг:

А.Мансур: Мадрасага қабул ёшини ўзгартиришга жиддий сабаблар бор!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:44 0:00
Бевосита линк

"9-синф битирувчиларини қабул қилмаймиз"

Тошкентдаги ўрта махсус ислом билим юртларида эса 20 июндан иш бошлаган қабул ҳайъатлари 9-синф битирувчиларининг ҳужжатларини қабул қилиш тўхтатилганини айтмоқда.

Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасидан олинган маълумотга кўра, ўрта махсус таълим бўғинидаги ислом билим билим юртлари - мадрасаларга ўрта махсус таълим босқичи - коллеж ва лицейларни битириб келганларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳақида кўрсатма берилган.

"9-синф битирувчиларининг ҳужжатларини қабул қилмаймиз. Фақат коллеж ва лицейларни битирганларнинг ҳужжатини оламиз. Бу йилги қабул учун ҳозирча тартиб шунақа, лекин қабул 10 июлгача давом этади, бирор янгилик бўлиб қолса, айтамиз", деди таълим масканининг мухбир билан микрофонсиз гаплашган ходими.

Бу таклиф Вазирлар Маҳкамасига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тақдим қилинган.

"Қонунга зид таклиф"дан шикоят

Ўзбекистондаги бир қатор Интернет нашрларида 3 та идора томонидан илгари сурилган таклиф ҳам таълим, ҳам диний-фуқаровий эркинликларга зид экани айтилган шикоят мактуби чоп этган.

Ўзбекистон Ислом институти жамоаси номидан эълон қилингани айтилган бу мактуб муаллифлари - таклифни "диний таълим ёшининг кечиктирилиши ва таълим қонунчилиги бузилиши" сифатида баҳолаган.

"Вазирлар Маҳкамасига таклиф қилинган ҳужжатда ўрта махсус ислом билим юртларига коллеж ва академик лицейларни битириб, яъни 18 ёшдан кейин яна қайтадан ўрта махсус таълимга қабул қилинсин, дейилган. Бу эса таълим қонунчилиги бузилганлигидир. Чунки, бу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгилаб қўйилган узлуксиз таълим тизимига қарши ўлароқ, икки бор ўрта махсус таълимининг такрорланишига олиб келади", дейилади жумладан ушбу мактубда.

Озодлик Тошкент Ислом институтига боғланганида институт жамоаси номидан эълон қилинган шикоят мактуби ҳақида эса бирор маълумот олишнинг имкони бўлмаган.

Шу пайтгача республикада мавжуд 9 та мадрасадаги таълим мажбурий бўлган ўрта махсус таълим босқичига тенглаштирилган ва бу даргоҳларга умумий таълим мактабларининг 9- синфини тугатган битирувчилар қабул қилинар эди.

Мадраса битирувчиси - имом, отин ойи, маслаҳатчи

Ҳозир Ўзбекистон Мусулмонлари идораси қошида Тошкент Ислом институти ёки Олий Маъҳад ҳамда 7 июнда расман очилган Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси бор.

Ўрта махсус ислом билим юртлари - мадрасалар сони эса 9 та: Тошкентда "Кўкалдош", Бухорода "Мирараб", Андижонда "Саййид Муҳйиддин Махдум", Наманганда "Мулла Қирғиз", Китобда "Хожа Бухорий", Урганчда "Фахриддин ар-Розий", Нукусда "Муҳаммад ал-Беруний", шунингдек, Тошкентда "Хадичаи Кубро", Бухорода "Жўйбори калон" аёл-қизлар билим юртларидир.

Мадрасаларни битирган битирувчилар илм даражасига кўра, имом-хатиб, имом, имом ноиби ёки отин ойи бўлиб, ёҳуд турли давлат идоралари, таълим муассасалари, Маҳалла қўмиталаридаги "Маънавият марказ"ларида диний маслаҳатчи бўлиб ишлаши мумкин.

Расмий маъулмотларга кўра, республикадаги диний таълим масканларида билим оладиган жами талабалар сони 250 нафарга яқиндир ва йиллар давомида бунинг 32 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган мусулмон Ўзбекистонда мавжуд эҳтиёжни қопламаслигидан тингловчилар шикоят қилади.

Ўзбекистонда хусусий тартибда диний таълим бериш эса 1998 йилда қайта таҳрирда қабул қилинган "Виждон эркилиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун билан тақиқланган.

XS
SM
MD
LG