Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:23

Мирзиёев ташаббуси билан очилган Мир Араб олий мадрасасига қабул бошланади


Бухоро вилоятидаги Баҳоуддун Нақшбандий зиëратгоҳи
Бухоро вилоятидаги Баҳоуддун Нақшбандий зиëратгоҳи

Бухорода янги очилаётган Мир Араб олий мадрасаси 2017-2018 йил ўқув йилида ўқиш учун абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилади. Мусулмонлар идорасининг Озодликка маълум қилишича, бу даргоҳга қанча талаба олинади, қанчаси давлат гранти, қанчаси контракт-тўлов асосида ўқиши ҳозирча номаълум, аммо тез орада белгиланади.

Мир Араб олий мадрасаси Бухоро вилоятидаги Баҳоуддин Нақшбандий зиёратгоҳида бўш турган бинолардан бирида иш бошлайди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Таълим ва кадрлар бўлими бошлиғи Акбар Дўсматовнинг айтишича, бу бинода 100 нафаргача талаба таҳсил олиши мумкин.

"Аммо, ҳозирча квота аниқ эмас. Лекин, тез орада квота ҳам аниқланади. Энди Низомни олдик, Адлиядан рўйхатдан ўтказдик, ҳозир тайёргарлик жараёни кетяпти. Абитуриентларнинг ҳужжатларини 15 июндан қабул қилишни бошлаймиз", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Акбар Дўстматов.

Бухорода олий мадраса очиш таклифи март ойида президент Мирзиёевдан чиққанди.

Президент вилоятга сафари чоғида Баҳовуддин Нақшбандий зиёратгоҳига борган ва ўша ерда туриб, Бухоро ва қўшни вилоятлардаги Ислом дини асосларини ўрганишни истовчи ёшлар учун билим даргоҳи очиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Орадан икки ой ўтар-ўтмас, бу таклиф амалга оширилди ва ошиғич тарзда, вилоятда Мир Араб олий мадрасаси ташкил қилинди.

Бу мадраса пойтахтдаги Тошкент Ислом институтининг вилоятдаги филиали бўлади ва бу даргоҳда, асосан, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Қашқадраё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасидан борган абитуриенларнинг ҳужжатлари қабул қилинади.

Аммо, мадрасага кирувчилар республикада мавжуд ўрта-махсус диний таълим даргоҳларини битирган бўлиши лозим.

"Мадрасаларимизни битирган битирувчиларнинг ҳужжатлари қабул қилинади. Бу олий мадрасада 4 йиллик таълим, даражаси магистрлик даражасига тенг бўлади. Олий мадрасани битирганлар имом-хатиб, исломшунос ва араб тилидан дарс берувчи ўқитувчи бўлади. Кейин халқаро илмий-тадқиқот марказларида ҳам ишлаши мумкин", деди Мусулмонлар идораси мулозими.

У Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий меъморий комплекси қошида очилиши айтилган халқаро илмий-тадқиқот марказини тилга олди.

Бундай марказни очиш ташаббуси ҳам президентдан чиққан ва унинг Саудия Арабистонига сафари чоғида Ислом тараққиёт банки раҳбарияти бу марказга сармоя киритишини билдирган ва ўзаро Англашинув меморандуми имзоланган эди.

Шу пайтгача Ўзбекистон Мусулмонлари идораси қошида Тошкент Ислом институти ёки Олий Маъҳад ҳамда 9 та ўрта махсус таълим муассасаларига тенглаштирилган мадраса ишлаб келмоқда.

Булар: Тошкентда "Кўкалдош", Бухорода "Мирараб", Андижонда "Саййид Муҳйиддин Махдум", Наманганда "Мулла Қирғиз", Китобда "Хожа Бухорий", Урганчда "Фахриддин ар-Розий", Нукусда "Муҳаммад ал-Беруний", шунингдек, Тошкентда "Хадичаи Кубро", Бухорода "Жўйбори калон" аёл-қизлар билим юртларидир.

Ўзбекистонда “Имом ал-Бухорий” номидаги имомларни қайта тайёрлаш маркази ҳам бор.

Бу мадрасаларнинг аксарияти 1991 йилда Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин очилган.

Жумладан, Ўзбекистондаги энг йирик ва нуфузли саналган Тошкентдаги "Кўкалдош" мадрасаси 1999 йилда иш бошлаган. Расмий манбаларда бу мадрасада 100га яқин талаба таълим олиши айтилади. Бухоро вилоятдаги қадимий Мирараб мадрасасида ишлаётган ўрта-махсус таълим даргоҳида ҳам 100га яқин талаба таҳсил олади.

Мадрасаларни битирган битирувчилар илм даражасига кўра, имом-хатиб, имом, имом ноиби ёки отин ойи бўлиб, ёҳуд турли давлат идоралари, таълим муассасаларидаги "Маънавият марказ"ларида мутахассис бўлиб ишлаши мумкин.

Ихтисослар уларнинг дипломида ёзилади. Бундан ташқари, айрим мадрасаларда йигитлар ва қизларга хос ҳунарлар ҳам ўргатилади.

Ўзбекистондаги мадрасаларда таълим 4 йиллик ва муҳими, бу мадрасаларнинг ҳаммаси пуллик - контракт-тўлов асосида билим берилади.

2015-2016 ўқув йили учун контракт-тўлов миқдори 3 миллион 200 000 сўм бўлган эди.

Расмий маъулмотларга кўра, республикадаги диний таълим масканларида билим оладиган жами талабалар сони 250 нафарга яқиндир ва йиллар давомида бунинг 30 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган мусулмон Ўзбекистонда мавжуд эҳтиёжни мутлақо қопламаслигидан тингловчилар шикоят қилади.

Ўзбекистонда хусусий тартибда диний таълим бериш 1998 йилда қайта таҳрирда қабул қилинган "Виждон эркилиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун билан тақиқланган.

XS
SM
MD
LG