Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:46

Ўзбекистонда хорижлик инвесторларга имтиёзлар ваъда қилинмоқда


Ўзбекистон ҳукумати чет эллик сармоядаорларни мамлакатга жалб этиш мақсадида уларга қатор имтиёзларни ваъда қилмоқда. Лекин кейинги 20 йил давомида Ўзбекистон иқтисодига сармоя қилиб, "оғзи куйган" инвесторлар бу ваъдалар амалга кўчишига ишонмаётир.

Ўзбекистонга камида беш миллион долларлик сармоя киритмоқчи бўлган инвесторлар ўн йил мобайнида фақат давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлар ва қоидалар асосида солиқ тўлайдилар.

Ўзбекистон солиқ қонунчилигида рўй бериши мумкин бўлган ўзгаришлар бундай ширкатларга таалуқли бўлмайди.

10 апрел куни Ўзбекистон президенти имзолаган “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда бу ҳақда таъкидланган.

Ҳужжатда айтилишича, жаҳон молиявий инқирози давом этаётганлиги, жаҳон ва минтақавий бозорларда рақобат кучайиб бораётганлиги мамлакатда яна ҳам қулайроқ инвестиция муҳитини яратишни тақозо этган.

Президент фармонига кўра, хорижий инвесторларнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган корхоналар рўйхатдан ўтган кундан бошлаб ўн йил ичида мамлакат солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз бергани тақдирда ҳам фақат мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлар ва қоидалар асосида солиқ тўлайдилар.

Фармонда, шунингдек, давлат мулозимларининг хорижий сармоядорлар ишига умуман аралашмаслиги кафолатланган.

Президент фармонида инвесторлар учун мамлакатга кириш визаларини олиш тартибининг ҳам енгиллаштирилиши, хорижий инвесторлар иштирокидаги корхоналар фаолиятига аралашувлар олдини олиш, инвесторлар фаолиятига тўсқинлик қилувчилар эса жазоланиши таъкидланади.

Сармоядорлар чўчиб қолган

Ўзбекистон президенти фармонида Ўзбекистон иқтисоди сўнгги йилларда барқарор ўсишда давом этгани таъкидланса-да, хорижий инвесторлар бу мамлакатга сармоя киритишга ошиқаётганлари йўқ.

Ўзбекистонда сўнгги ойларда қатор йирик хорижий ширкатларнинг беркитилиши, айрим чет эллик ишбилармонларнинг маҳкамага тортилиши ва уларга тегишли мол-мул тортиб олиниши сармоядорларни бу мамлакат бозорига киришдан чўчитиб қўйгани айтилади.

90-йилларда Ўзбекистон иқтисодига миллионлаб доллар сармоя ëтқизиб, мамлакатда илк супермаркетлар тизимини жорий қилган, аммо 2000 йиллар ўртасига келиб Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган туркиялик тадбиркор Ражаббой Шириннинг айтишича, сўнгги ҳодисалар сабаб чет эллик инвесторлар Ўзбекистонга сармоя олиб киришга эхтиёткор бўлиб қолишган.

- Кўр хассасини бир марта йўқотади. Нафақат Ўзбекистонда куйган, балки бу мамлакатга сармоя ётқизмоқчи бўлиб турган тадбиркорлар ҳам сўнгги ҳодисалар сабаб ўз аҳдидан қайтмоқда, Ўзбекистонни четлаб Қозоғистонга йўл олмоқда,- дейди Ўзбекистондаги бир неча миллион долларлик бизнеси тортиб олинган турк тадбиркори Ширин.

1994 йилда Ўзбекистонда иш бошлаб, ҳукумат фармони ортидан 2004 йилда мамлакат банкларига қўйилган қарийб икки миллион долларидан ажраган даниялик сармоядор Пол Ян ҳам шу фикрда.

- Ўзбекистонда ўн йил тадбиркорлик қилдим ва миллионлаб сармоя киритдим, ҳайрия фаолияти билан ҳам шуғулландик. Оқибатда нима бўлди, миллионлаб маблағим, мулкимни уч марта судлашиб ҳам қайтариб ололганим йўқ. Мулкимдан умидимни узиб, Ўзбекистонга қўлимни силтаб чиқиб кетганман,- дейди Пол Ян.

Даниялик тадбиркорнинг айтишича, мана шу хол Ўзбекистонга миллионлаб доллар сармоя ётқизмоқчи бўлган кўплаб скандинавиялик тадбиркорларни аҳдидан қайтарган.

Жаноб Пол Ян Ўзбекистон чет эллик сармоядорлар ишончини тиклаш учун амалий ислоҳотларга қўл уриши керак деб ҳисоблайди.

-Ўзбекистонда қонунлар ишламаслиги кўпчиликка аён. Бу мамлакатда ҳамма нарса президент идорасида ҳал этилади. Ҳукумат сармоядорларни ишончини қозониши учун туб ислоҳотлар қилиниши керак, - дейди даниялик тадбиркор.

2011 йилда ҳам Ўзбекистонда солиқ тўламаганлик ва контрабанда билан шуғуллаганликда айбланиб ўнлаб хориж ширкатлари мол-мулки ҳукумат фойдасига мусодара қилинди.

Улар орасида ўнлаб турк, немис ва Ўзбекистондаги ярим миллиард долларлик бизнесидан ажраган Британиянинг Oxus Gold ширкати бор.
XS
SM
MD
LG