Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:34

Жавдат Шарифхўжаевга 16 йил берилди. МХХнинг яна 8 зобити қамалди


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг собиқ бошлиғи, 51 яшар МХХ собиқ полковниги Жавдат Шарифxўжаев қайта судланиб, қамоқ жазоси 16 йилга узайтирилди. Ўтган йили қамоққа олинган Шарифхўжаев дастлаб 4 йил қамоқ жазосига маҳкум этилган эди.

МХХ собиқ полковниги Шарифхўжаев ноқонуний тадбиркорлик, коррупция, таъмагирлик ва ўта катта миқдорда давлат маблағларини ўзлаштиришда айбли деб топилди.

Озодликнинг Ўзбекистон давлат тизимларидаги бир-биридан мустақил манбаларига кўра, МХХ собиқ мулозими Жавдат Шарифxўжаев устидан иккинчи ҳукм ўтган йил охирида Ўзбекистон Ҳарбий судининг ëпиқ мажлисида ўқилган.

Собиқ полковник Жавдат Шарифхўжаев жазони ўташ учун Бекободдаги УЯ 64/21 колониясига олиб кетилган.

Жавдат Шавкатович Шарифxўжаев 2009 йилнинг 28 августида Ўзбекистон мустақиллигининг 18 йиллиги арафасида "Шон-шараф" ордени билан тақдирланган эди. У МХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари генерал Ҳаёт Шарифхўжаевнинг туғишган укасидир.

Озодлик манбасининг айтишича, Ўзбекистон Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди махсус ажрим чиқариб, Жавдат Шарифхўжаевни барча орден, медаль ва бошқа унвонлардан маҳрум қилган.

Бу Жавдат Шарифхўжаев устидан кейинги бир ярим йил ичида ўтказилган иккинчи маҳкамадир.

Ўлганнинг устига тепишми ëки адолатни тиклашми?

Озодлик манбасининг айтишича, Миллий Хавфсизлик Хизмати раисининг собиқ ўринбосари генерал Ҳаëт Шарифxўжаев ишдан олиниб, устидан жиноий иш очилганидан кейин унинг қамоқдаги укасини “раскрутка” қилиш “эҳтиëжи” пайдо бўлган.

МХХ ва Хавфсизлик кенгашида у Афғонистон ва Тожикистон бўйича мутахассис ҳисобланган МХХ генерали Шуҳрат Ғуломовнинг ўтган йил июлдаги оғзаки буйруғи билан МХХ полковниги Жавдат Шарифхўжаев Бекободдаги колониядан "раскрутка" қилиш учун Тошкентга олиб келинган эди, дейди манба.

Жавдат Шарифхўжаев 2014 йил декабрида ишдан олинган ва ноқонуний тадбиркорликка алоқадорликда айбланиб, Ўзбекистон Ҳарбий суди тарафидан нисбатан юмшоқ 4 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У Тошкент вилояти Бекобод туманида хавфсизлик идоралари собиқ ходимлари сақланадиган УЯ 64/21-сонли жазони ижро этиш муассасасида ўтаëтган эди.

Озодликка маълум бўлишича, собиқ МХХ полковнигининг ўша пайтда қудратда бўлган акаси МХХ раисининг биринчи ўринбосари генерал Ҳаëт Шарифxўжаев ўз укасини номигагина қаматиб, йил охирида амнистия қилиш режасида бўлган.

Яна бир маълумотга кўра¸ Жавдат Шарифхўжаевга Бекобод қамоғида яхши шароит яратиб берилган. Бошқа манбалар тасдиқламаган маълумотга кўра, Жавдат қамоқда қўл телефонидан фойдаланган ва у камерада эмас қамоқдаги учрашувлар учун ясатилган хонада истиқомат қилган. Айни маълумотни ва Шарифхўжаевга оид бошқа тафсилотларни Жазони ижро этиш бош бошқармаси изоҳламади.

Назарга тушган ака-укалар

Жавдат Шарифхўжаевнинг “ишдан қувилгани" ҳақидаги илк маълумот Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага нисбат берилган мактубда ҳам келтирилган эди.

Бу мактуб 2014 йилнинг июль ойида “The Russian Times” Интернет нашрида ўзини Асқар Қосимов деб атаган блоггер томонидан чоп этилган “Ўзбекистон президенти тўнғич қизининг ҳаëти ва саломатлиги хавф остида” номли мақолага илова қилинган эди.

Манбаларнинг айтишича¸ Жавдат Шарифxўжаев қамалишидан сал олдин унинг қўл остида ишлаган 12 нафар МХХ зобити қўлга олинган эди.

Бу 12 нафар МХХ xодими ўтган йили судга тортилиб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақида Озодлик маълумот берган эди.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, ака-ука Шарифхўжаевлар бошчилигидаги гуруҳ МХХ ва бошқа куч ишлатар тизимлар мулозимларидан тортиб, уюшган жиноий гуруҳ вакилларидан иборат бўлган. Мазкур гуруҳнинг хорижда, хусусан Латвияда катта бизнес манфаатлари бўлган.

Мазкур гуруҳнинг асосий фигурантларидан бири МХХ полковниги ва Интерполнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Юрий Савинков ҳам ўтган йили қўлга олиниб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

МХХ ичида давом этаётган ов натижасида яна 8 зобит қамалди

Ўзбекистон махсус хизматларига яқин манбанинг Озодликка айтишича¸ шу кунларда яна 8 нафар МХХ зобити қамоққа олинган.

"Қамалганларнинг ҳаммаси катта рутбали ва МХХнинг Тошкентдаги марказий идорасида ишлайдиган зобитлардир. Булар Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раисининг ишдан олинган ўринбосари собиқ генерал Ҳаëт Шарифxўжаев билан боғлиқ коррупция жиноятларини текшириш доирасида қўлга олинди", деди Озодлик манбаси.

Унинг яна айтишича¸ ўтган ойда Ҳаëт Шарифxўжаевнинг қариндошлари чет элга учиб кетаëтганида учоқдан тушириб қолидирилган.

"Уларга “Ўзбекистонни тарк этиши мақсадга мувофиқ эмаслиги” тушунтирилганидан кейин уйига қўйиб юборилган “Қариндошларга ОВИР визасини расмийлаштирган мулозимга интизомий чора кўрилган”, деди манба.

Ўтган йили Ҳаëт Шарифхўжаевнинг "туғишган жияни" Ўзбекистон Адлия вазирлиги Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ғуломов ҳибсга олинган эди.

Озодлик 2014 йилда қамоққа олинган ўндан ортиқ МХХ зобитларининг ҳозирда ишдан четлаштирилган МХХ генерали Ҳаёт Шарифхўжаевга алоқадор эканига доир қатор мақолаларни ўз вақтида эълон қилган.

Қийноқ қўллаган генерални қарғиш урдими

Озодликнинг яна бир манбаси эса “Ҳаëт Шарифхўжаев ва унга тобеъ ходимлар турма лохмачлари кўмагида маҳбусларни ўта ноинсоний тарзда қийнагани фактлари очилганлигини” таъкидлади.

Унга кўра¸ генерал Ҳаёт Шарифхўжаев ишдан олиниши кейинги бир йил ичида Миллий Хавфсизлик Хизматининг ўнлаб нуфузли зобитлари ишдан олиниб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилиши ортидан кутилган табиий жараëндир.

"Жиноят оламида Ҳусан Московский дея танилган авторитет ҳам қамоққа олингач, энг аввало Ҳаëт Шарифхўжаевга қарши кўрсатма берган", деди бу манба.

Генерални қия қилган "қахрамон" генерал

Озодлик манбаларининг айтишича¸ бу воқеани МХХнинг яна бир генерали Шуҳрат Ғуломов бошқараётган гуруҳнинг ғалабаси сифатида малакалаш мумкин.

Озодлик тасаруфидаги ҳужжатларда Шуҳрат Ғуломов Ўзбекистон МХХсини тамсил қилган раҳбар сифатида Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Абдил Сегизбаев билан учрашгани ҳақида маълумот берилади.

Бу эса бир вақтлар Ҳаёт Шарифхўжаев билан ëвлашиб, мартабаси пастлатилган мулозимнинг Ўзбекистон МХХ тизимининг энг қудратли мулозимига айланганидан далолат.

Собиқ МХХ ходимига кўра¸ кейинги бир йилдан ортиқ вақт ичида МХХнинг икки генерали – Ҳаёт Шарифхўжаев ва Шуҳрат Ғуломовлар бошқараётган икки гуруҳ МХХда устувор мавқега эга бўлиш учун кураш олиб борган.

Иддао қилинишича, Ҳаёт Шарифхўжаев гуруҳи Ўзбекистон Республикаси бош вазири, Шавкат Мирзиёевнинг манфаатларини тамсил этган.

Яна бир МХХ генерали Шуҳрат Ғуломов эса, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова тарафдори экани айтилади.

Ëвлашаëтган бу икки генералнинг 2005 йил 13 май куни Андижонда юз берган исëнни бостириш пайтида раҳбарият назарига тушиб¸ мансаб зинапояларидан кўтарилгани ҳақида маълумотлар бор.

Ҳаëт Шарифхўжаев Ўзбекистон мустақиллигининг 16 йиллиги арафасида “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган эди.

У МХХ зобитлари ва турли поғонадаги раҳбарлар ҳақида компроматларга эга бўлган иккинчи раҳбар ҳисобланган.

Ўз исми сир қолишини истаган МХХ собиқ ходимларидан бирининг айтишича¸ хавфсизлик хизматининг барча ходимлари, биринчи навбатда, Шарифхўжаевдан, ундан кейин эса МХХ Раиси Иноятовдан қўрққанлар.

Озодлик суҳбатдошлари назарида, “қудратли” Шарифхўжаев МХХнинг яна бир генерали Ғуломов тарафидан “усталик билан олиб борилган тактик” кураш қурбони бўлган.

МХХ генерали Шуҳрат Ғуломов ўз фаолиятини Сурхондарё вилояти МХХ бошқармаси бошлиғи лавозимидан бошлаган.

МХХ ва Хавфсизлик кенгашида у Афғонистон ва Тожикистон бўйича мутахассис ҳисобланган.

2005 йилда Андижон шаҳрида норозиликни бостириш амалиëтидан сўнг Ғуломов Ислом Каримовнинг эътиборига тушгани айтилади.

Генерал Ғуломов Андижон фожиаларидан сўнг "Ўзбекистон қаҳрамони" унвонига сазовор бўлган.

Ортиқча ғайрат

2014 йилда президентнинг қизи, Гулнора Каримова, Туркиянинг “Ҳуррият” нашрига берган интервьюсида Ҳаёт ва Жавдат Шарифхўжаевларнинг коррупцияга арлашганини таъкидлаган эди.

Сал ўтиб Гулнора Каримова Bilan журналига берган интервьюсининг тўлиқ варианти деб тақдим қилинган матн ҳам МХХ раисининг ўринбосари Ҳаёт Шарифхўжаевнинг коррупцион олди-бердиларини “фош қилади”.

Озодлик манбалари Гулнора Каримова Twitter орқали эълон қилган ёзувлар ва матубуотга берган интервьюларида исми зикр бўлган мулозимларнинг иши “чаппа кетëтгани”га эътибор қаратади.

МХХ собиқ ходимига кўра¸ Ўзбекистон президентининг қизига тегишли мол-мулкларни мусодара қилиш жараëнида қатнашган мулозимнинг қамоққа олингани кўп нарсага ишора қилади.

XS
SM
MD
LG