Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:38

Интерпол Тошкент ваколатхонасининг собиқ раҳбари Юрий Савинков қўлга олинди


Юрий Савинков Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати зобити бўлган
Юрий Савинков Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати зобити бўлган

Интерполнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси собиқ бошлиғи¸ МХХ полковниги ва тадбиркор, 56 яшар Юрий Николаевич Савинков Тошкент талаби билан Россияда қўлга олинди. Савинков Ўзбекистон бош прокуратураси тарафидан қидирувга берилган эди. Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига кўра¸ Юрий Савинков ноқонуний тадбиркорлик¸ катта миқдордаги валютани давлат чегарасидан изнсиз ўтказиш¸ ҳизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ва коррупцияда айбланмоқда.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати полковниги ва мамлакатни Интерполда тамсил этган мулозимнинг қидирув ортидан Москвада қўлга олинганлиги тўғрисидаги иддаоларни бир-биридан мустақил бир нечта манба Озодлик билан ўзаро суҳбатда илгари сурди.

"Юрий Николаевич Савинков 17 август, душанба куни Москвада қўлга олинди. Ўзбекистон Бош прокуратураси Минск келишуви бўйича Россия ҳуқуқ-тартибот органларига экстарадиция сўрови юборган. Сўров ҳужжатига Савинковнинг Ўзбекистонга ускуналар жўнатиш ниқоби остида пул ювиш билан шуғулланганлиги ва катта миқдордаги валютани ўзлаштирганига оид айбномалар илова қилинган. Бу ҳужжатлар асосида Россия ҳуқуқ-тартибот органларни Савинковни ҳибсга олди. Яна бир нарсани ҳам қўшиб қўйсам¸ Савинков Интерполнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида ишлаган пайтида ҳизмат ваколатини суиистеъмол қилганликда ҳам айбланмоқда. Бу жиддий айблов”¸ деди Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси.

Озодликнинг бир-биридан мустақил икки манбаси Савинковнинг Россияда ҳибсга олинганлигини тасддиқлади. Аммо унинг ҳозир қаердалиги ҳақидаги маълумот турлича қолмоқда.

Битта манба иддаосига кўра “Савинков аллақачон Ўзбекистонга депортация қилинган ва Гвардейский, деб ном чиқарган МХХ ертўласида кўрсатма бермоқда”.

Бошқа манба эса¸ қўлга олинган Савинковнинг ҳали Ўзбекистонга жўнатилмаганлигини айтади:

- Душанба куни Россияда қўлга олинган Савинков ҳали депортация қилинмади. Минск келишувида зудлик билан депортация қилинсин, деган банд йўқ. Россия ҳуқуқ-тартибот органлари Ўзбекистон тарафи тақдим қилган айблов ҳужжатлари ва исбот-далилларни синчиклаб ўрганиб чиққанидан кейин Савинков Тошкентга юборилиши мумкин. Билишимча, ҳали Савинков Россияда анча қолса керак¸ деди манба.

Озодликнинг Москвадаги мухбири Россия ҳуқуқ-тартибот органларидан Савинков қўлга олинганлиги ва депортация қилинганига оид тасдиқ ҳам, инкор ҳам ола олмади.

Мулозимлар “тергов сири” боис, бу борада сукут сақлашини билдиришган.

Дубайдан қидирилган Савенковнинг дараги Москвадан чиқди

Шу пайтгача Савинков Дубайда яшириниб юрибди, деган маълумот мавжуд эди. Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасининг айтишича Ўзбекистон Бош прокуратураси мулозимлари ҳам бу “соҳта из” кетидан тушиб, Дубайга боришган:

- Унинг Дубайдаги уйига кейинги уч ой давомида чақрирув қоғози юборилганига қарамасдан Савинков тергов идоралари билан контактга чиқмаган. Ўзбекистондан Дубайга махсус борган Бош прокуратура вакиллари Савинковнинг ўз уйида истиқомат қилмаëтганлигини аниқлашганидан сўнг у қидирувга берилган эди "¸ дейди Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси.

Озодликнинг бошқа манбаси иддаоларига кўра, Савинков ўзиниинг пул ювиш схемаларини Латвиядаги ўзбек тадбиркорлари билан “жиноий ҳамкорликда” амалга ошириб келган.

"Мамлакат ташқарисидаги турли холдинг¸ кўчмас мулк ва фойда келтирувчи бизнеслар Савинковнинг қизи Юлия Савинкова ва унинг эри Евгений Хахальков номига ўтказилган. МХХ соябони остида туризм соҳасидаги ишлайдиган Савинковнинг ўғли Игорь Савинков эса ўз хизмат вазифасидан фойдаланиб, корупцион схемаларнинг хамирдан қил суғургандек амалга оширилишига кўмаклашган", дейди манба.

Савинковга қарши Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ҳуқуқий келишув бўйича тергов эксперименти ўтказиш учун Ригага олиб борилган ва жиноят оламида Ҳусан Московский, деган ном билан танилган, бир қатор жиноятларни содир этганликда гумонланиб, ҳибсга олинган 58 яшар Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг 31 май куни кўрсатма берганини Озодлик маълум қилган эди.

Гулнора изи

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Туркиянинг “Hurriyat” ва Британиянинг “Guardian” нашрларига берган суҳбатида Юрий Савинковни “МХХ зобити”, деб атаган эди. Яна бир манбага кўра, Юрий Савинков Ўзбекистон МХХси полковниги рутбасига эга шахс сифатида Ўзбекистоннинг Инетрполдаги вакили ҳам бўлган.

Савинковнинг қўлга олинганига оид хабар ҳам АҚШ ҳукумати Гулнора Каримова учта йирик телеком ширкатидан пора олгани иддаоларига оид коррупция тергови доирасида 1 миллиард АҚШ долларига тенг маблағини музлатишни сўраб, Европанинг беш мамлакатига мурожаат қилганидан сўнг ўртага чиқди.

Савинков қўлга олингани айтилаëтган 17 август куни Гулнора Каримованинг бизнес шериклари бўлган Нурмуҳаммад Содиқов (Нурик) дохил 9 киши ҳибсга олиниб Тошкент вилоят жиноят ишлари судида маҳкамага тортилди.

Юрий Савинковнинг қўлга олиниши ¸ МХХ генерали Ҳаëт Шарифхўжаевнинг ишдан олиниши ва унинг укаси Жавдат Шарифхўжаев устидан жиноят иши очилиб, қамоққа олиниши "Гулнора Каримова можароси" билан боғлиқ тадбир сифатида ҳам кўрилмоқда.

Гулнора Каримова 2013 йилда матбуот орқали қилган чиқишларида Юрий Савинков ҳамда Ҳаёт ва Жавдат Шарифхўжаевларга қарши баёнотлар қилган эди.

Жумладан, Туркиянинг “Ҳуррият” нашрига берган интервьюсида Гулнора Каримова Савинков ва ака-ука Шарифхўжаевларнинг коррупцияга аралашганини билдирган эди.

Бу ëзувлардан бир йилдан кўп вақт ўтиб Гулнора Каримова Twitterда қолдирган ёзувлар ва матбуотга берган интервьюларида исми зикр бўлган мулозимларнинг иши бирин кетин “чаппа кетаëтгани”ни кузатиш мумкин.

МУҲАРРИРДАН: Ушбу мақола 2016 йилнинг 21 июль куни ўзгартирилди ва Овик Мкртчян тўғрисидаги ОЕР/ОР асослаб беролмаган баёнотлар олиб ташланди. ОЕР/ОР бу маълумот бу мақоланинг илк версиясига киритилганидан афсусда.

XS
SM
MD
LG