Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:27

МХХ генерали Ҳаëт Шарифхўжаев ишдан олинди


Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раисининг ўринбосари¸ МХХ шахсий таркиб хавфсизлигини таъминловчи назорат хизматининг бошлиғи Ҳаëт Шавкатович Шарифxўжаев ишдан олингани айтилмоқда. Мамлакат бошқарув элитасига яқин ва бир-биридан мустақил икки манбанинг Озодликка маълум қилишича¸ 52 ёшли генерал Ҳаëт Шарифxўжаев ўтган ойда ишдан олиниб, Тошкент Олий МХХ мактабига оддий ўқитувчи қилиб юборилган. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ёки бошқа расмий идоралардан бу маълумотни тасдиқлаш ëки инкор қилиш имкони бўлмади.

Ўзбекистон МХХсининг ўз исми сир қолишини истаган собиқ ходимларидан бирининг Озодликка микрофонсиз суҳбатда айтишича, “генералнинг ишдан олинишини Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашиджон Қодировнинг ишдан олиниши билан деярли бир вақтда бўлганига эътибор қаратиш керак”.

Унга кўра¸ генерал Ҳаёт Шарифхўжаев ишдан олиниши “кейинги бир йил ичида Миллий Хавфсизлик Хизматининг ўнлаб нуфузли зобитлари ишдан олиниб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилиши ортидан кутилган табиий жараëндир”.

Ўтган ҳафта Ҳаëт Шарифхўжаевнинг "туғишган жияни" Ўзбекистон Адлия вазирлиги Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ғуломов ҳибсга олинганди.

Аввалроқ генерал Ҳаëт Шарифхўжаевнинг туғишган укаси Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи, МХХ полковниги Жавдат Шарифxўжаев ноқонуний тадбиркорлик, коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Озодлик ўтган йили қамоққа олинган ўндан ошиқ МХХ зобитларнинг ҳозирда ишдан четлаштирилган МХХ генерали Ҳаёт Шарифхўжаевга алоқадор эканига доир мақолани нашр этган эди.

Генерал Шуҳрат Ғуломовнинг қўли баланд келдими?

Озодлик манбаларининг айтишича¸ бу воқеани МХХнинг яна бир генерали Шуҳрат Ғуломов бошқараётган гуруҳнинг ғалабаси сифатида малакалаш мумкин.

Собиқ МХХ ходимига кўра¸ кейинги бир йилдан ортиқ муддат ичида МХХнинг икки генерали – Ҳаёт Шарифхўжаев ва Шуҳрат Ғуломовлар бошқараётган икки гуруҳ МХХда устувор мавқега эга бўлиш учун кураш олиб борган.

Иддао қилинишича, Ҳаёт Шарифхўжаев гуруҳи Ўзбекистон Республикаси бош вазири, Шавкат Мирзиёевнинг манфаатларини ҳимоя қилган.

Яна бир МХХ генерали Шуҳрат Ғуломов эса, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова тарафдори экани айтилади.

Ëвлашаëтган бу икки генералнинг 2005 йил 13 май куни Андижонда юз берган исëнни бостириш пайтида раҳбарият назарига тушиб¸ мансаб зинапояларидан кўтарилгани ҳақида маълумотлар бор.

Ҳаëт Шарифхўжаев Ўзбекистон мустақиллигининг 16 йиллиги муносабати билан “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган эди.

Ҳаёт Шарифхўжаев МХХ зобитлари ва турли поғонадаги раҳбарлар ҳақида компроматларга эга бўлган иккинчи раҳбар ҳисобланган.

Ўз исми сир қолишини истаган МХХ собиқ ходимларидан бирининг микрофонсиз суҳбатда айтишича¸ хавфсизлик хизматининг барча ходимлари, биринчи навбатда, Шарифхўжаевдан, ундан кейин эса МХХ Раиси Иноятовдан қўрққанлар.

Озодлик суҳбатдошлари назарида, “қудратли” Шарифхўжаев МХХнинг яна бир генерали Ғуломов тарафидан “усталик билан олиб борилган тактик” кураш қурбони бўлган.

МХХ генерали Шуҳрат Ғуломов ўз фаолиятини Сурхондарё вилояти МХХ бошқармаси бошлиғи лавозимидан бошлаган. МХХ ва Хавфсизлик кенгашида у Афғонистон ва Тожикистон бўйича мутахассис ҳисобланган.

2005 йилда Андижон шаҳрида норозиликни бостириш амалиëтидан сўнг Ғуломов Ислом Каримовнинг эътиборига тушгани айтилади.

Генерал Ғуломов Андижон фожиаларидан сўнг Ўзбекистон қаҳрамони унвонига сазовор бўлган.

Гулнорани ранжитганлар жазоланмоқдами?

Президент қизи Гулнора Каримова Ҳаёт ва Жавдат Шарифхўжаевларнинг коррупцияга арлашганини таъкидлаган эди.
Президент қизи Гулнора Каримова Ҳаёт ва Жавдат Шарифхўжаевларнинг коррупцияга арлашганини таъкидлаган эди.

Ўтган йили Гулнора Каримова Туркиянинг “Ҳуррият” нашрига берган интервьюсида Ҳаёт ва Жавдат Шарифхўжаевларнинг коррупцияга арлашганини таъкидлаган эди.

Сал ўтиб Гулнора Каримова Bilan журналига берган интервьюсининг тўлиқ варианти деб тақдим қилинган матн ҳам МХХ раисининг ўринбосари Ҳаёт Шарифхўжаевнинг коррупцион олди-бердиларини “фош қилади”.

Озодлик манбалари Гулнора Каримова Twitter-да қолидирган ёзувлар ва матубуотга берган интервьюларида исми зикр бўлган мулозимларнинг иши “чаппа кетëтгани”га эътибор қаратади.

МХХ собиқ ходимига кўра¸ Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага оид мол-мулкларни мусодара қилиш жараëнида қатнашган мулозимнинг қамоққа олингани кўп нарсага ишора қилади:

“Қамоқда сўроқ қилинаëтган Жаҳонгир Ғуломов ака-ука Ҳаëт ва Жавдат Шарифxўжаевлар билан биргаликда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли мол-мулкларни мусодара қилиш жараëнида қатнашгани бир факт. Яна бир факт - Жаҳонгирнинг Ҳаëт Шарифхўжаевга қариндош бўлгани. Қаранг, бу қариндошлар атиги бир йилча олдин Гулнора Каримовани жазолашда иштирок этганди. Бугун бу қариндошлардан иккитаси қамоқда, бири эса ишдан олинди. Дарвоқе, ўтган ой ишдан олинган Рашиджон Қодиров (собиқ бош прокурор-таҳр.) Ўзбекистон президентининг тўнғич қизини уюшган жиноятчилика алоқадор, деган ҳужжатларни чиқарганди”, - дейди Озодлик манбаси.

Унинг тахминича, Гулнора Каримовага қарши тадбирларда иштирок этган мулозимларнинг ортиқча ғайрат кўрсатгани “кимгадир ëқмаган бўлиши мумкин”.

XS
SM
MD
LG