Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:52

Гулнора Каримова МХХ даги “ғаним”ларининг қочиб кетганини иддао қилди


Ўзбекистоннинг қудратли Миллий хавфсизлик хизмати¸ хусусан¸ унинг раҳбари Рустам Иноятовга қарши Twitter орқали уруш очган президентнинг тўнғич қизи “Иноятов тўда”сининг Латвияга қочиб кетгани ҳақида хабар тарқатди.

Айни пайтда¸ МХХ таркибида жиддий кадр ўзгаришлар бошлангани¸ хусусан¸ раис Иноятовнинг ишдан бўшатилганига оид норасмий хабарлар тарқамоқда.

Ўз муридларидан бирининг “Президент сиз билан бўлаëтган воқеалардан хабар топгач¸ Иноятов гуруҳи ўз оиласи билан қочиб кетгани ҳақида миш-мишлар юрибди”¸ деган луқмасига жавобан Гулнора Каримова:
“Уларнинг АПОҚ-ЧАПОҚ тўдаси Латвияга қочиб кетди. Қизиқ¸ Латвия қонли МХХ пулларини яна қанча яширар экан! Ҳар қалай Европаку!”¸ дея жавоб қайтарди.

Бу твитга нисбатан ëзилган¸ “Бу шунчаки миш-мишми ëки бор гап?” деган саволга Каримова муридларидан бири “ Гулнора Исломовна айтаëтган экан¸ демак бу бор гап. Менга буни давлат идорасида ишлайдиган болалар ҳам айтишган эди” деб ëзди.

Гулнора Каримова бу ëзишмаларга жавобан:

“Уларнинг бари гўëки дам олишга кетган. Ишдан бўшатилган Жавдат Шарифхўжаев ҳам¸ Савиньков ҳам¸ бошқалар ҳам. Оилалари билан...” деб ëзди.

Кейинги кунларда Гулнора Каримованинг ҳақоратли баëнотлари нишони бўлиб қолаëтган МХХ даги бундай “қочиш”лар ва ишдан бўшатишлар ҳақида ҳозирча ишончли маълумот йўқ.

Озодликнинг кучишлатар тизимларига яқин манбасига кўра¸ жорий ҳафта давомида¸ “контора”даги Гулнора Каримова одами деб таърифланган МХХ раисининг 1-ўринбосари генерал Шуҳрат Ғуломовга нисбатан ўз хизмат фаолиятини суистеъмол қилганлик юзасидан ички тергов жараëни бошланган.

Бу манба¸ Шарифхўжаевнинг ишдан олинганини тасдиқлай олмаслиги¸ ўзидаги сўнгги хабарларга кўра¸ ака ука Ҳаëт ва Жавдат Шарифхўжаевларнинг ўз вазифасида қолаëтгани ва Тошкентда эканини қўшимча қилди.

“Ўзбекистон Интерполи раҳбари Савинковнинг Тошкентда кўринмай қолганига эса анча бўлади. Лекин бу унинг ишдан олинганини англатишидан хабарим йўқ. Гулнора Twitterда ўзи хоҳлаган нарсасини ëзаяпти. Уларнинг кўпи инжиқ қизнинг хоҳиши¸ реаллик эмас” дея таъкидлади Озодликнинг бу манбаси.

Айни пайтда¸ кейинги кунларда Гулнора Каримова томонидан “чичқоқ Фантомас” дея таҳқирланган МХХ раиси Рустам Иноятовнинг ишдан олинганига оид миш-мишлар тарқашда давом этмоқда.

Uznews.net Интернет агентлиги Тошкентдаги ўз манбалари¸ Гулнора Каримова тарқатаëтган бу хабарни тасдиқлаганини ëзди.

Ҳозирча Озодлик бу хабарни мустақил манбалар томонидан тасдиқлатишга муфаввақ бўла олмади.
XS
SM
MD
LG