Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:51

Қашқадарёда “Пахта штаби” бошлиқларидан бири юрак хуружига учради


Ўзбекистондаги пахта далаларидан бири.
Ўзбекистондаги пахта далаларидан бири.

5 октябр куни Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида “Пахта штаби” бошлиқларидан бири, 63 ёшли Абдураззоқ Худойбердиев юрак хуружи туфайли оламдан ўтди. Бу билан жорий йил пахта мавсумида Озодликка маълум бўлган ўлимлар сони ўнтага етди.

Нишон тумани суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Худойбердиев юрак чап қоринчасининг ёрилиши (инфаркт) натижасида вафот этган.

Бу хусусдаги хабар “Озодлик” манбалари орқали етиб келди ва суриштирув натижасида ўз тасдиғини топди.

- Абдураззоқ ака жонкуяр бир инсон эди. У кейинги пайтларда юрак хасталигидан кўп азоб кўрди ва ҳатто кунига 3-4 тадан нитросорбит таблеткаларини ичарди. Лекин пахта терими пайтида ҳам унинг дам олишига қўйишмади. Уни ўзи бошлиқ қурилиш отрядлари, бошқа қурилиш монтаж бошқармаларидан иборат гуруҳ бўйича тузилган штабга жавобгар қилишганди. 5 октябрь тонгида у киши оламдан ўтибдилар, ҳозирда Нишон тумани суд-тиббий экспертизасига юборишибди. Эртага пешинда чиқаришади, - дейди Озодликнинг Қашқадарёдаги манбаси.

Абдураззоқ Худойбердиев Талимаржон шаҳар қурилиш монтаж бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритаётганди. Бунга қадар у киши 15 йил давомида Талимаржон шаҳар ҳокими бўлиб ишлаган, воҳада таниқли шахс эди.

Бу билан жорий йил пахта мавсумида Озодликка маълум бўлган ўлимлар сони ўнтага етди.

Икки кун муқаддам Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидаги Тоза-Амиробод овул фуқаролар йиғинига қарашли “Истам-Туркман” фермер хўжалигига пахта теримига мажбуран сафарбар этилган аёлнинг икки фарзанди ёнғиндан чиққан тутунга димиқиб ҳалок бўлди.

2 октябрь куни эса Гулистон Давлат университети Физика-математика факультетининг пахта теримига сафарбар этилган иккинчи курс талабаси, 19 ёшли Шамсиддин Бобосаидов Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманида вафот қилди.

28 сентябрь куни Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида пахта теримига сафарбар этилган Тахиатош касб-ҳунар политехника коллежининг учинчи курс ўқувчиси, 18 ёшли Мажид Ўтеганов ўзини осди.

25 сентябрь куни Фарғона вилояти Данғара туманининг Қиёли қишлоғида яшовчи 57 ёшли Мурод Мелиқўзиев мактабда ўқиётган невараси ўрнига пахтага чиққан пайти далада жон берди.

23 сентябрь куни Андижон вилоятининг Избоскан туманида содир бўлган автоҳалокатда Пахтаобод тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи оғир жароҳат олиб, уч кундан сўнг касалхонада жон берди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, “ДАН” бошлиғи бошқараётган Нексия автомобили пахта ортиб кетаётган, ташқи чироқлари ишламайдиган трактор прицепига тунда бориб урилган.

Айни шундай воқеа 17 сентябрь куни Олтинкўл туманида содир бўлган ва бир киши вафот этган эди.

20 сентябрь куни Шаҳрисабз тумани Духчи қишлоғидаги касб-ҳунар коллежининг Муборак туманига пахтага сафарбар қилинган директори Ибодулла Бобоев ҳам автоҳалокатда нобуд бўлди.

14 сентябрь куни Тошкентдан Сирдарёга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус колоннаси уриб юборган йўловчи шифохонада вафот этди. Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлган фуқаро бойсунлик мардикор бўлиб, уни милиция ходими қувлаган пайти ушбу ҳалокат содир бўлган.

XS
SM
MD
LG