Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:36

Пахтаобод “ГАИ”си бошлиғи пахтанинг навбатдаги қурбони бўлди


Ўзбекистонда аксарият тракторлар ва прицепларнинг ташқи ёритгичлари ишламаслиги айтилади.
Ўзбекистонда аксарият тракторлар ва прицепларнинг ташқи ёритгичлари ишламаслиги айтилади.

Андижон вилоятининг Избоскан туманида 23 сентябрь куни содир бўлган автоҳалокатда Пахтаобод тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи оғир жароҳат олиб, уч кундан сўнг касалхонада жон берди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, “ДАН” бошлиғи бошқараётган Нексия автомобили пахта ортиб кетаётган, ташқи чироқлари ишламайдиган трактор прицепига тунда бориб урилган. Айни шундай воқеа 17 сентябрь куни Олтинкўл туманида содир бўлган ва бир киши вафот этган эди.

23 сентябрь куни кечқурун Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги Чувама қишлоғида Пахтаобод тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи, 30 ёшли Бегали Эргашев ўз бошқарувидаги Нексия автомобилида ҳалокатга учради.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган избосканлик манбага кўра, автомобиль пахта ортиб кетаётган таркторнинг прицепига бориб урилган:

“Бизнинг қишлоқнинг яқинида бўлди бу воқеа. Кечаси соат 10-11лар орасида бўлган. ГАИ бошлиғи олдинда кетаётган пахта ортган трактор прицепнинг орқасидан бориб урган. Ўша ерда йиғилган шофёрларнинг айтишларича, трактор прицепида ҳеч қандай чироқ ишламагани учун, катта тезликда келаётган ГАИ бошлиғи уни кўрмай қолган. Яна ўша пайтда, қарши тарафдан келаётган мошинани свети ҳам кўзини қамаштирган бўлса керак, дейишяпти", деди избосканлик манба.

Андижон вилояти прокуратурасида ишлайдиган Озодлик манбаси шундай воқеа содир бўлганини тасдиқлади:

“Ҳа, бу воқеалар ўша тракторларнинг чироқлари ишламагани учун содир бўлаяпти. Одатда пахта кундуз куни терилади, кечқурун эса пахта пунктларига ташилади. Бирорта трактор прицепининг чироғи ишламайди. Бегали Эргашев яқинда ГАИ бошлиғи бўлган, яхши бола эди. Уч кун касалхонада оғир аҳволда ётиб, ўзига келмади, кеча 26 сентябрь куни узилди”, деди манба.

Бундан 10 кун олдин Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида худди шундай воқеа бўлган эди. Тунда пахта ортиб кетаётган тракторнинг прицепига Нексия автомобилининг келиб урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган, уч киши оғир жароҳат билан касалхонага ётқизилганди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, трактор шатакка олган прицепларда тунда ташқи ёритгич чироқлари ёнмаган.

Ўзбекистондаги пахта мавсумида терилган пахта ҳар куни кечқурун пахта пунктларига топширилади.

Пахта ташийдиган тракторларнинг аксарият қисми эскирганлиги ва прицепларнинг ташқи ёритгичлари ишламаслиги оқибатида тунда авариялар содир бўлиши кўпроқ кузатилади.

Айниқса, қарши томондан келаётган автомобилнинг фаралари кўзни қамаштирганда олдинда кетаётган чироқсиз транспорт воситасини пайқаш қийин бўлади.

Бу ҳалокат жорий йил пахта мавсумига оид Озодликка маълум бўлган бешинчи авариядир.

17 сентябрь куни Қашқадарёдаги Чироқчи Саноат коллежининг ўқувчилари ЗИЛ юк машинасида пахта теримига олиб кетилаётган пайти аварияга учради. Юк машинасида бўлган 39 боладан 29 нафари авария оқибатида жароҳатланиб шифохонага ётқизилди.

14 сентябрь куни Тошкентдан Жиззах вилоятига кетаётган пахта колоннаси Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида аварияга учраши натижасида ҳайдовчи ва ҳашарчилардан бир неча киши жароҳат олган.

Шунингдек, айни шу куни Тошкентдан Сирдарёга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус колоннаси уриб юборган йўловчи шифохонада вафот этди. Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлган фуқаро бойсунлик мардикор бўлиб, уни милиция ходими қувлаган пайти ушбу ҳалокат содир бўлган.

XS
SM
MD
LG