Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:18

Хўжайлида пахта теримига юборилган коллеж талабаси ўзини осди


Ўзбекистон туманларидаги барча коллежларнинг юқори курс талабалари пахта теримига мажбурий сафарбар этилган.
Ўзбекистон туманларидаги барча коллежларнинг юқори курс талабалари пахта теримига мажбурий сафарбар этилган.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида пахта теримига сафарбар этилган Тахиатош касб-ҳунар политехника коллежининг учинчи курс ўқувчиси, 18 ёшли Мажид Ўтеганов 28 сентябрь куни ўзини осди. Озодлик манбасига кўра, воқеа пахта терими мавсумида ўқувчилар вақтинча яшаб турган маҳалла хонадонларидан бирида содир бўлган.

Хўжайли туманига пахта теримига сафарбар этилган Тахиатош касб-ҳунар коллежининг ўқувчиси ўзини осгани ҳақидаги хабарни Озодликка хўжайлилик манба етказди:

“Коллеж ўқувчилари “Бойниҳол Саройкўл” фермер хўжалигида пахта тераётган бўлган. Ҳашарчиларни қишлоқдаги ҳар бир хонадонга 4-5тадан қилиб тақсимлашган. Бу бола ҳам тўрт нафар курсдоши билан шу фермер хўжалиги раиси Толташ Ҳайитбоевнинг уйида ётиб юрган. 28 сентябрь эрта тонгда Мажид деган ўқувчи бола газнинг трубасига ўзини осиб қўйган, деди манба.

Суҳбатдошга кўра, ўқувчининг нима сабабдан ўз жонига қасд қилгани ҳозирча маълум эмас:

“Милиция бу воқеани бости-бости қилишга ҳаракат қиляпти. Баъзилар, домласи кам пахта тергани учун изза қилган, баъзилар эса курсдошлари билан урушиб қолган дейишяпти”, деди манба.

Қорақалпоғистон Бош прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодликка ўқувчи ўз жонига қасд қилганига доир воқеа рўй берганини тасдиқлади. Бироқ, прокуратура ходими бу воқеа пахтада содир бўлганини инкор қилди:

“Мажид Ўтеганов 18 ёшда бўлган. Коллеж ўқувчиси. Саройкўл овул фуқаролар йиғинига қарашли Саройкўл қишлоғидаги қариндошиникига меҳмонга борган. Ўша қариндошининг уйида ўзини осиб қўйган. Бу иш юзасидан Хўжайли тумани прокуратураси жиноят иши очган ва ҳозир тергов давом этмоқда”, деди прокуратура мулозими.

Мажид Ўтегановнинг вафоти жорий йил пахта мавсумида Озодликка маълум бўлган олтинчи ўлим ҳолатидир.

25 сентябрь куни Фарғона вилояти Данғара тумани Қиёли қишлоғида яшовчи 57 яшар Мурод Мелиқўзиев мактабда ўқиётган невараси ўрнига пахтага чиққан пайти далада жон берди.

23 сенятбрь куни Андижон вилоятининг Избоскан туманида содир бўлган автоҳалокатда Пахтаобод тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи оғир жароҳат олиб, уч кундан сўнг касалхонада жон берди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, “ДАН” бошлиғи бошқараётган Нексия автомобили пахта ортиб кетаётган, ташқи чироқлари ишламайдиган трактор прицепига тунда бориб урилган.

Айни шундай воқеа 17 сентябрь куни Олтинкўл туманида содир бўлган ва бир киши вафот этган эди.

20 сентябрь куни Шаҳрисабз тумани Духчи қишлоғидаги касб-ҳунар коллежининг Муборак туманига пахтага сафарбар қилинган директори Ибодулла Бобоев ҳам автоҳалокатда нобуд бўлди.

14 сентябрь куни Тошкентдан Сирдарёга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус колоннаси уриб юборган йўловчи шифохонада вафот этди. Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлган фуқаро бойсунлик мардикор бўлиб, уни милиция ходими қувлаган пайти ушбу ҳалокат содир бўлган.

XS
SM
MD
LG