Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:41

Пахтага сафарбар қилинган коллеж директори аварияда ўлди


Шаҳрисабз тумани Духчи қишлоғидаги касб-ҳунар коллежининг Муборак туманига пахтага сафарбар қилинган директори Ибодулла Бобоев автоҳалокатда нобуд бўлди.

Гувоҳларга кўра, ҳодиса Қарши-Шаҳрисабз йўлининг Яккабоғ туманидаги тоғли қисми Тўқбой қишлоғига яқин жойда содир бўлган. Озодликнинг Қашқадарëдаги манбасига кўра, авария жумадан шанбага ўтар кечаси юз берган:

- 20 сентябр тунги соат бир яримда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги Духчи касб-ҳунар коллежи директори Бобоев Ибодулла Яккабоғ тумани ҳудудида вилоятдаги Муборак туманидан пахтадан кайтаётиб автоҳалокатга учради.

Оқибатда Духчи коллежи директори Бобев Ибодулла воқеа жойида вафот этди. Аварияга учраган Нексияни бошқарган Ҳолис Обиджон эса эса ўта оғир аҳволда шифохонага ётқизилди.

Нексия автомашинаси бошқа машина билан тўқнашди, - дея маълум қилган Озодликнинг Қашқадарë вилоятдаги манбаси авария ўқитувчилар Шаҳрисабзга кетаётган пайтда содир бўлганини қўшимча қилди.

Айни пайтда мазкур автаҳалокат борасида турли тахминлар ўрганилмоқда.

Воқеадан хабар топган маҳаллий журналистлардан бирининг иддаосига кўра¸ ҳайдовчининг маст бўлгани авария сабабларидан бири сифатида кўрилмоқда.

Бу автоҳалокат жорий йил пахта мавсумига оид Озодликка маълум бўлган бешинчи авариядир.

Ўзбекистондаги пахта сафарбарлиги мобайнида юз бераëтган автоҳалокатлардан бири ўтган ҳафта Андижонда содир бўлган эди.

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида тунда пахта ортиб кетаётган трактор прицепига Нексия автомобилининг келиб урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган ва уч киши оғир жароҳат билан касалхонага ётқизилган эди.

Воқеа гувоҳларининг айтишларича, трактор шатакка олган прицепларда тунда ташқи ёритгич чироқлари ёнмаган.

Жорий йил пахта мавсумига оид Озодликка маълум бўлган авариядан яна бири Қашқадарëда содир бўлган эди.

17 сентябрь куни Қашқадарёдаги Чироқчи Саноат коллежининг ўқувчилари ЗИЛ юк машинасида пахта теримига олиб кетилаётган пайти аварияга учради. Юк машинасида бўлган 39 боладан 29 нафари авария оқибатида жароҳатланиб, шифохонага ётқизилди.

14 сентябрь куни Тошкентдан Жиззах вилоятига кетаётган пахта колоннаси Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида аварияга учраши натижасида ҳайдовчи ва ҳашарчилардан бир неча киши жароҳат олган.

Шунингдек, айни шу куни Тошкентдан Сирдарёга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус колоннаси уриб юборган йўловчи шифохонада вафот этди. Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлган фуқаро бойсунлик мардикор бўлиб, уни милиция ходими қувлаган пайти бу ҳалокат содир бўлган.

Мавзуга оид тафсилотлар билан кун давомида таништирамиз.

XS
SM
MD
LG