Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:51

Тошкентда "пахта колоннаси" уриб юборган мардикор вафот этди


Якшанба куни Тошкентдан Сирдарёга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус колоннаси уриб юборган йўловчи шифохонада вафот этди. Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлган фуқаро бойсунлик мардикор бўлиб, уни милиция ходими қувлаган пайти ушбу ҳалокат содир бўлган.

Ҳалокат 14 сентябрь куни эрталаб Тошкент шаҳри Сирғали туманида содир бўлган. Воқеага гувоҳ бўлган Озодлик манбасига кўра, Сирғалининг Ўзгариш мавзесида Uzgazoil АЁҚШ яқинида милиция ходими қувлаган мардикор йўлга югуриб чиққан пайти уни “пахта колоннаси” уриб юборган:

“Сирдарёга пахтага кетаётган автобус колоннаси одам уриб юборди. Сирғалидаги мардикорлар "пятак"идан югуриб йўлга чиққан йигит ҳалок бўлди. Бу ишда милиция ходими айбланмоқда. Милиция мардикорни қувлаган ва йигит йўлга қарамасдан югуриб чиққан”, деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба.

Тошкент шаҳар ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, Сурхондарёнинг Бойсун тумани Ҳўжатоҳир қишлоғидан бўлган мардикор йигит -- 45 яшар Искандар Соатқулов ҳалокат пайти олган жароҳатлари натижасида шифохонада вафот этган.

“Тошкент ҳалқа йўлидаги Uzgazoil заправкаси қаршисида кўприк олдида Исузу русумли автобус уриб юборган 1969 йилда туғилган Соатқулов Искандар 16-шаҳар шифохонасига етказилди. Лекин у жароҳатлари натижасида касалхонада ўлди. Автобус ҳайдовчиси Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи фуқаро бўлади”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси.

Лекин манба милиция ходими нима сабабдан мардикорни қувлагани сабабларини очиқламади.

Ҳалокат пайти автобус ичидаги ҳашарчиларга шикаст етмагани айтилаяпти.

Ҳозирда ушбу ҳалокат бўйича тергов-суриштирув ишлари давом этаяпти.

14 сентябрь куни пахта теримига ҳашарчиларни олиб кетаётган бошқа бир колонна ҳам ҳалокатга учради. Тошкентдан Жиззах вилоятига кетаётган пахта колоннаси Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида аварияга учраши натижасида ҳайдовчи ва ҳашарчилардан бир неча киши жароҳат олгани айтилмоқда.

Сирғалидаги бойсунлик мардикорнинг ўлими жорий йил пахта мавсумида Озодликка маълум бўлган илк қурбондир.

Ўтган йилги пахта мавсумида Озодлик 11та ўлим ҳолати ҳақида хабар берган эди.

Жумладан, ўтган йилнинг 21 октябрь куни 16 ёшли Эркабой Йўлдошев Хоразм вилояти Урганч туманининг Ғалаба қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида пахта тераётган пайтда вафот этган.

18 октябрь куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Ёнбошқалъа массивида яшовчи 38 ёшли фермер Сафарбой Каримовнинг жасади ўз пахта даласидаги дарахтга осилган ҳолда топилган эди. Манбаларга кўра, фермер пахта режасини бажара олмаётгани учун мутасаддилар томонидан ҳақорат қилинганидан кейин ўз жонига қасд қилган.

30 сентябрь куни Наманган Давлат Университети талабалари пахта тераётган Мингбулоқ туманининг Гулбоғ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги талабалар ётган 52-боғчада 22 ёшли 4-курс талабаси Ж.И. Уйчи туманида яшаган курсдоши Нуриддин Холдоровни калтаклаб ўлдирган эди.

XS
SM
MD
LG