Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:45

ФНҚИЗ: Олтиариқда юзлаб ишчи йўл тўсмоқда - улар қисқартиришлардан норози (ВИДЕО)


Ишчилар турли хил шиорлар ёзилган плакатларни кўтариб чиқишган.
Ишчилар турли хил шиорлар ёзилган плакатларни кўтариб чиқишган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи - ФНҚИЗ Олтиариқ бўлимининг юзлаб ишчиси 10 январдан буён муддатсиз норозилик акцияси ўтказмоқда.

Заводда қисқартириш бошланганидан норози ишчилар ҳар куни ишдан сўнг завод олдидаги йўлни тўсиб қўйяпти.

ФНҚИЗ маъсулининг Озодликка айтишича, Олтиариқдаги заводда қисқартириш бўлмайди, бироқ заводда иш ҳажми камайгани сабаб ишчилар ойлигини қисқартириш режаланган.

Сўнгги қарийб бир йил давомида ФНҚИЗ ишчилари бир неча бор норозилик чиқишлари ўтказди.

Ишчилар ФНҚИЗнинг Jizzakh Petroleum МЧЖ бошқарувига берилганидан сўнг бошланган ўзгаришларга норозилик билдириб келмоқда.

10 январда бошланган норозилик

ФНҚИЗнинг Олтиариқ тумани Тинчлик шаҳарчасида жойлашган ёқилғи ишлаб чиқариш заводининг бир гуруҳ ишчилари 10 январдан бошлаб ҳар куни норозилик чиқишлари ўтказмоқда.

Бу ҳақда Озодликка гапирган завод ишчиларидан бирининг айтишича, улар заводда қисқартириш бошланганига норозилик билдирмоқда.

“Заводда 900 одам ишлайди. Шундан фақат 120 одам қоларкан икки ойдан кейин. Шунга норози бўляпмиз. 10 январдан бери ҳар куни ишдан кейин соат 5ларда кўчага чиқяпмиз. Завод олдидаги кўчани тўсиб, норозилигимизни билдиряпмиз. Лекин дарров милиция ходимлари келиб, бизни ҳайдаб, кўчани очишади”, - деди исмини очиқламасликни сўраган завод ишчиси.

Озодликка воқеа жойидан йўлланган видеоларда ўнлаб ишчиларнинг завод олдидаги кўчада тўпланиб, норозилик билдираётгани акс этган.

ФНҚИЗда ишчилар норозилиги
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:17 0:00

“Завод Jizzakh Petroleum бошқарувига берилганидан бери ишсизмиз. Ободонлаштириш ишларига олиб чиқишяпти. Завод деярли ишламаяпти. Нефть йўқлиги учун ишлаб чиқариш ҳам бўлмаяпти. 9 ойдан бери завод нормал ишлагани йўқ. Агар завод тўхтаса, биз бола-чақамизни қандай боқамиз. 800га яқин одам ишсиз қоляпти. Уларнинг барчасининг кредити бор, болалари контрактга ўқийди. Қаердан пул топамиз, ишдан ҳайдашса?”, - дейди шу заводда ишловчи аёл аноним қолиш шарти билан.

Завод ишчиларининг норозилик чиқишларини ёритиб келаётган Youtube тармоғидаги “XALQ OVOZI 24” канали маълумотига кўра, ҳар куни юзлаб ишчи норозилик намойишида қатнашмоқда. Канал блогерлари ҳисоб-китобича, жумладан, 15 январь куни 300дан зиёд олтиариқлик ишчи норозилик билдириб, кўчага чиққан.

Воқеа жойидан олинган видеоларда, ишчилар “Бизга ёрдам беринг”, "Бизга иш беринг", “Бизга нефть беринг” шиорларини кўтариб олганини кўриш мумкин.

Расмий изоҳ

Завод ишчиларининг айтишича, 17 январь куни ФНҚИЗ бошлиғи Ҳабиб Латипов норози ишчилар билан учрашиб, уларнинг иш ўрнини қисқартирмасликка ваъда берган.

“Ҳеч ким сокрашениега тушмайди, Олтиариқ заводи ёпилмайди”, - дея ваъда беради норозилар билан учрашган Латипов воқеа жойидан олинган видеода.

18 январь куни Озодлик мухбири ФНҚИЗнинг кадрлар бўлими билан боғланиб, Олтиариқдаги завод ишчилари тақдири борасида маълумот сўради.

Телефон гўшагини кўтарган ходим Олтиариқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводида ишчиларни эмас, иш ҳақини қисқартириш режаланганини айтди.

“Заводда хомашё етишмаслиги сабаб иш ҳажми кескин камайиб кетди. Бундай ҳолатда Меҳнат кодексининг 100-моддасига кўра, ишчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳаққимиз бор. Лекин биз ишчиларни ўйлаб, 89-моддани қўллаяпмиз яъни иш вақтларини қисқартириб, шунинг ҳисобига иш ҳақини ҳам камайтиришни

режалаганмиз. Ҳозир ишчиларга огоҳлантириш бериб, март ойидан бошлаб янги тартибда ишлашга ўтамиз”, - дея ФНҚИЗнинг кадрлар бўлими ходими мавзуга оид расмий ҳужжатни Озодликка йўллади.

Олтиариқлик ишчилар норозилигига изоҳ сифатида тақдим қилинган ҳужжатда:

“Меҳнат шартларига ўзгартириш жараёнининг моҳиятини тушуниб етмаслик, сўнгги кунларда завод тассаруфидаги Олтиариқ ёқилғи ишлаб чиқаришнинг айрим ходимларида норозилик кайфиятининг юзага келишига, уларнинг асоссиз турли давлат идораларига мурожаат этишига сабаб бўлмоқда”, дейилган.

Норозиликлар

ФНҚЗ ишчиларининг ушбу норозилиги сўнгги бир йилда ишчилар ва завод раҳбарияти ўртасидаги биринчи можаро эмас.

2020 йилнинг 3 августида ФНҚИЗ ишчилари президент Мирзиёевга видеомурожаат йўллаб, завод раҳбариятини ёлғончиликда айблади.

ФНҚИЗ раҳбарияти Президентга арз қилган ишчиларга ҳайитлик берилмаганини пандемия билан изоҳлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:42 0:00

18 июнда ҳам ушбу заводнинг 280дан ошиқ ишчиси президент номига шикоят мактуби ëзганди.

Президент порталига 20 апрелда йўлланган хатда эса заводнинг Jizzakh Petroleum МЧЖга беш йиллик ишончли бошқарувга берилгани ортидан бошланган кескин ўзгаришлардан норозилик билдирилган.

ФНҚИЗ
ФНҚИЗ

Янги Ўзбекистон ва янги эгалар

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи¸ унинг ўз расмий сайтида ëзилишича¸ ëнилғи-сурков материаллари ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиëдаги энг йирик корхоналардан биридир.

Бу завод узоқ йиллар Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг қайинсинглиси Тамара Акбарова ва унинг ўғли Акбарали Абдуллаевлар орқали биринчи оила назоратида бўлиб келган. Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовага қўйган расмий айбловда айни заводнинг 40 миллиард сўмдан ортиқ пулини ўзлаштирганлик билан боғлиқ эпизод ҳам бор.

ФНҚИЗ ва бошқа муҳим стратегик объектлардан қарийб 1 миллиард долларга яқин давлат маблағини ўзлаштирганликда айбланган Акбарали Абдуллаев Мирзиëев ҳукумати томонидан қидирувга берилган. Унинг ҳозирда чет элда яшириниб юргани айтилади.

2020 йилнинг 7 февраль куни¸Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги ФНҚИЗ ва Jizzakh Petroleum МЧЖ билан уч томонла келишув тузди (рус тилидаги бу ҳужжат нусхаси Озодликда мавжуд). Мазкур келишувга кўра¸ ФНҚИЗ беш йиллик ишончли бошқарувга Jizzakh Petroleum МЧЖга олиб берилди.

Jizzak Petroleum МЧЖнинг кимга оидлиги¸ Ўзбекистондаги энг йирик ëнилғи заводининг қайси асос ва қандай йўл билан айнан ушбу МЧЖга берилганига оид саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG