Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:23

Акбарали ўзлаштиргани айтилаётган пулга бир ўзбек 652 минг 709 йил ишлаши керак


Ўзбекистон бу гал ҳам коррупция даражаси бўйича собиқ Совет Иттифоқи республикалари орасида энг ёмон кўрсаткични қайд этган мамлакатга айланди.

Дунё бўйлаб коррупция даражасини баҳолаб борувчи Transparency International ташкилоти бундай хулосага ўзининг 2016 йилга бағишланган янги йиллик ҳисоботида келди.

Ўзбекистон 176 мамлакат орасида қуйи йигирмаликдан жой олган ягона собиқ Совет давлати бўлди.

Transparency International Ўзбекистондаги коррупция индексини 1999 йилдан буён кузатади.

Ўзбекистон ташкилотнинг йиллик рўйхатларида ўшандан буён доимо энг паст ўринларни эгаллаб келмоқда.

Transparency International ҳар йили Ўзбекистон ҳукуматини коррупцияга қарши ҳеч қандай чора кўрмаганликда танқид қилади.

Маошларнинг озлиги, бошқарувнинг шаффоф эмаслиги, қариндош уруғчилик, маҳалчилик, касаба иттифоқларининг кучсизлиги, мустақил суд тизими ҳамда эркин матбуотнинг йўқлиги мамлакатда коррупциянинг чуқур илдиз отишига сабаб қилиб кўрсатилади.

Ҳар йили Ўзбекистон Бош прокуратураси порахўрлик ва коррупцияда айбланган ўнлаб мансабдор шахслар жазога тортилгани ҳақидаги ҳисоботни эълон қилади.

Аммо, шу йил бошида илк бор Ўзбекистон коррупцияга қарши одимлар ташлаётгани кўзга ташлана бошлади.

Президент Шавкат Мирзиёев "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги махсус қонунни имзолади.

Ўзбекистон Сенати томонидан 2016 йил 13 декабрида маъқулланган ушбу қонун доирасида Ўзбекистонда муассасалараро коррупцияга қарши комиссия ташкил этилди.

Марҳум президент қайинжияни "ўзлаштирган" пулга нима сотиб олиш мумкин?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:10 0:00

Коррупцияга яққол ўрнак

Transparency International ҳисоботидан бор-йўғи бир ҳафта муқаддам Киевда марҳум президентнинг қайинжияни Акбар Абдуллаев Ўзбекистон Бош прокуратурасининг талаби билан ҳибсга олинди.

Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан очилган жиной ишда 33 яшар Акбар Абдуллаев, Озодлик ҳисоб-китоби бўйича, жаъми 391 миллион 625 минг 122 АҚШ долларини ўзлаштиришда айбланаётгани қайд этилган.

Бу маблағ Ўзбекистонда коррупция нақадар чуқур илдиз отганига яққол ўрнак бўла олади.

Озодлик ҳозирги кунда 391 миллион 625 минг 122 долларга Ўзбекистонда нималар сотиб олиш мумкинлигини хомчўт қилиб чиқди.

391 625 122 долларга нима олса бўлади?

- Тошкентда ўрта нархдаги 2 хонали квартира - 15 665 та;

- Асакада ишлаб чиқарилган Chevrolet Spark русусмли автомобиль - 55 946 дона

- Google Chrome русумли лаптоп – 1 900 000 дона;

- Iphone 7 – 603 428 дона;

- қўй - 3 916 625 бош;

- товуқ - 78 325 024 дона;

Буни Ўзбекистон шароитида ҳисоблаганда кўпчиликни ҳайратга соладиган рақамлар келиб чиқди. Бу маблақ билан

-15 минг 665 дона квартирага аҳолиси 80 минг бўлган бир туманни тўлалигича уй-жой билан таъминлаш;

- 56 минг аҳолиси бўлган шаҳарда яшовчи чақалоқдан тортиб кексагача биттадан Chevrolet Spark автомобили сотиб олиш;

- Ўзбекистондаги бошланғич мактабларда ўқиётган болаларнинг деярли ҳар бирига биттадан лаптоп ҳадя қилиш;

- Самарқанд шаҳрида яшовчи ҳар бир одамни иккитадан Iphon 7 билан таъминлаш;

- Ўзбекистондаги ҳар бир хонадонни 13тадан товуқ билан бепул таъминлаш.

- Ўртача маош олувчи бир ўқитувчининг 88 минг 924 йиллик маошини тўлаш мумкин.

Ва ниҳоят, 391 625 122 доллар тўплаши учун Ўзбекистонда минимал маош оладиган одам ҳеч қандай харажатларсиз, емай-ичмай, уст-бош олмай, иморат солмай, тўй қилмай нақд 652 минг 709 йил (!) ишлаши керак.

Оддий бир илмий эслатма: 652 минг 709 йил муқаддам ер юзида ақлли жонзот йўқ эди.

XS
SM
MD
LG