Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:55

Мирзиёев бутун Фарғонани "дабдала қилиб кетган каламушлар"ни фош қилди (ВИДЕО)


Шавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев

Президент Мирзиёев Ўзбекистондаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи - ФНҚИЗ ва бутун Фарғонани “дабдала қилиб кетган”лар ҳақида гапирар экан уларни “фарғоналик келинлар”,"тўдалар" ва "каламушлар" дея атайди.

11 сентябрда Озодлик ихтиёрига Telegram мессенжери орқали Ўзбекистон ҳукуматига яқин икки манбадан президент Мирзиёевнинг Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги аҳволни кескин танқид қилган бир ярим дақиқалик аудио файл етиб келди. Озодлик манбаларига кўра, бу аудио Шавкат Мирзиёевнинг 12 июнда Фарғона вилоятига иш сафари чоғида вилоят фаоллари билан учрашуви пайтида ёзиб олинган.

Шавкат Мирзиёев мамлакат бош вазири бўлатуриб унинг ўзи ҳам Фарғонадаги нефтни қайта ишлаш заводи ишларига аралаша олмаганини тан олган.

Ўзбекистон Президенти жумладан шундай дейди:

27 йилда Фарғонада битта янги корхона пайдо бўлгани йўқ. Ўша эски ФНПЗни шундай таги билан металлоломга ташласак, бизга фойда бўлади мен сизларга айтайин. Бу чиқараётган маҳсулота бир тийинга қиммат. Агар бу зўр ишлаганда, бу маҳсулотни ўша одинги бу ердаги, кечирасизлару қўпол бўлсаям,каламушлар эгаллаб олмаганида эди... Бу заводни дабдала қилиб кетган фарғоналик келинлар. Қўпол бўлсаям. Ҳаммаларинг тушунаяпсизлар ким тўғрисида айтганимни.Мен ўзимга ваъда берганман бир оғиз ҳам буюк инсонларга ном келтирмасликка. Нима десангиз, Шароф Рашидовичнинг ҳаёти менга жуда катта ўрнак бўлган. Ўзимизни ўзимиз кўмганмиз бир пайтлари. Мен ундан йироқман. Ҳеч қачон бу нарса бўлмайди. Лекин у каламушлар қилган Фарғонани. Эгаллаган, ҳамман нарсани дабдала қилган. Буям ҳақиқат. Шу Фарғона ФНПЗни ҳам улар эгаллаган эди. Мен бош вазир бўлиб аралашмаганман. Аралашганимда бу ерда ўтира олмас эдим. Хиёнат қилган халққа нисбатан улар. Ҳаммаси бир бўлиб.Тўда бўлиб, тўда бўлиб хиёнат қилган. Биронта депутат ҳам, биронта... айтолмасдик, нимага десангиз, айтиш мумин эмас эди. Униям мен бугун айтишим керак. Бировга ёқадими ёқмайдими виждоним олдида тозаман. Тўда ўғирлаган Фарғона вилоятини. Ким тўғрисида айтганимни мен ҳаммаларинг биласизлар! У замон тугади энди.

Мажлисда Шавкат Мирзиёев “фарғоналик келинлар” ва "тўда" аъзоларини асл номларини тилга олмайди.

Озодлик Шавкат Мирзиёвнинг Фарғонадаги мазкур маърузаси юзасидана изоҳ сўраб Президент Матбуот хизматига боғланди. Бироқ Озодлик билан суҳбатда бўлган мулозим бу борада изоҳ беролмаслиги ва кўрилган чоралардан бехабар эканини айтди.

Аммо таҳлилчиларнинг ишонишича, президент танқиди Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини назорат қилгани ишонилган собиқ президент Ислом Каримовнинг оиласига қаратилгандир.

Президент Каримов оиласининг камида бир аъзоси, Акбарали Абдуллаев, Фарғондаги энг йирик ишлаб чиқариш корхоналари шу жумладан Фарғона нефтни қайта ишлаб заводи билан боғлиқ жиноятларда айбланиб ҳукм этилган.

Абдуллаевнинг шахсий адвокати: Ўзбекистон ишончга лойиқ мамлакат эмас
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:56 0:00

Акбарали Абдуллаев президент Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримованинг опаси Тамара Собированинг ўғлидир. Татьяна Каримова ва Тамара Собировалар асли фарғоналикдир.

Акбарали Абдуллаев Фарғона вилоятида, жумладан нефтни қайта ишлаш заводида коррупция, товламачилик ва пул ювиш каби йирик иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Акбарали Абдуллаевни 2014 йилнинг 20 октябрида 56 кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳнинг раҳбари сифатида айблаган.

Озодлик ихтиёрида мавжуд 114 саҳифалик тергов хулосаларига кўра, собиқ президентнинг қайинжияни Фарғонадаги ўнлаб йирик ширкатлардан 800 миллион доллардан кўпроқ маблағни ноқонуний ўзлаштирган ва бу нақд пулни мамлакат тақшқарисига олиб чиққан.

Акбарали Абдуллаев шахсан Ислом Каримовнинг буйруғи билан ҳибсга олинган ва 2014 йил ноябрида дастлаб 15 йилга озодликдан маҳрум этилган, бироқ бир ярим йил ўтиб озодликка чиққан.

2016 йил август ойи охирида (Ислом Каримов вафоти арафасида) берилган муддатни ўтаб бўлди¸ деган асосда озодликка чиқарилган Акбарали Абдуллаев¸ Каримов ўлимидан кўп ўтмай¸ октябрь ойида янги паспорт билан Ўзбекистондан чиқиб кетган.

Мамлакатни тарк этишидан бир ой ўтиб-ўтмай¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси Абдуллаевни Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича давлат мулкини ўзлаштириш, чет эл валютасини яшириш, мансабга совуққонлик билан қараш ва жиноий фаолиятдан олинган юзлаб миллион долларни ювишда айблаб¸ унга қарши янги жиноий иш очди.

2017 йил 26 январь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ана шу иш асосида Киевда ушланган Абдуллаевни топширишни сўраб¸ Украина Бош прокуратурасига расмий сўровнома юборди.

Шундан сўнг Киев суди Бош прокуратура экстрадицион текширув масаласида узил-кесил қарор бергунга қадар¸ Абдуллаевни бир йилгача ҳибсда сақлаш ҳақида ҳукм чиқарди.

Абдуллаев Киевда бўлиб ўтган экстрадицион суднинг сўнгги кунида агар Ўзбекистонга экстрадиция қилсалар, уни ўлдиришлари мумкинлигидан огоҳлантирди.

14 июнь куни Украина Миграция хизмати¸ ўтмишда кўрилмаган тезлик билан¸ Абдуллаев иши юзасидан қарор чиқарди ва унга қочқин мақомини берди.

Ўз ватанида ҳаëти хавф остида деб ишонилган хорижликларга бериладиган бу мақом¸ Абдуллаевнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш эҳтимолини деярли йўққа чиқарди.

Озодлик қочқин мақомини олишидан кўп ўтмай Акбарали Абдуллаевнинг Украинадан ғойиб бўлганини аниқлади.

Алексей Волосевич Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига боғлиқ жиноий ишлар ҳақида қатор мақолалар ёзган мустақил журналистдир.

Унинг ишонишича, 20 га тўлар-тўлмас "бизнес" бошлаган Акбарали Абдуллаев оила аъзолари дастагисиз кўп ишларга қодир бўлмасди. ​

"Фарғона водийсидаги аксар ширкатларни ўз назоратига олишга бу ёш йигитнинг қурби етмасди." дейди Алексей Волосевич.

Лондондаги SOAS - Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти тадқиқотчиси Алишер Илоҳомовнинг ишонишича, Ислом Каримов оиласига қаратилган Шавкат Мирзиёев танқиди Ўзбекистонда марҳум президент оиласини танқид қилишга яшил чироқ ёқиб беради:

"Кўраяпмизки, Мирзиёев танқидида ўқ Каримов оиласи аъзоларига қаратилган. Энди танқид объекти нафақат Гулнора Каримова, балки Ислом Каримов оиласининг қолган аъзолари ҳам бўлиши мумкин," деди Алишер Илҳомов.

Айни дамда қатор иқтисодий жиноятларда айбланган собиқ президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова қамоқда қолмоқда.

Аммо Гулнора Каримова барча айбловларни рад этган ва унга қўйилган айбловлар сиёсий важларга асосланганини айтади.

XS
SM
MD
LG