Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:21

Ақтўбе фожиаси ортидан самолёт ва поезд қатнови кўпайтирилади


Ақтўбеда ўзбекистонликлар чиққан автобус ёниб кетиши оқибатида 52 нафар Ўзбекистон ватандоши ҳалок бўлди.
Ақтўбеда ўзбекистонликлар чиққан автобус ёниб кетиши оқибатида 52 нафар Ўзбекистон ватандоши ҳалок бўлди.

Ўзбекистон ҳукумати Ақтўбе фожиаси оқибатлари бўйича қарор қабул қилиб, бундан кейин бу каби фожиалар такрорланишига йўл қўймаслик мақсадида қатор тадбирлар белгилади. Эндиликда автотранспортда хорижга чиқаётган фуқаролар хавфсизлиги кучайтирилади. Шунингдек, давлат шартномалари асосида хорижга кетаётган меҳнат муҳожирлари учун самолёт ва поездлар чипталари арзонлаштирилиб, рейслар сони кўпайтирилади.

Ақтўбе оқибатларига доир қарор

Ўзбекистон Адлия вазирлиги маълумотига кўра, янги қарор Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида содир бўлган фожиали воқеалар такрорланишига йўл қўймаслик, давлат чегарасидан ташқарига чиқаётган фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Қарор ҳақида Адлия вазирлигининг телеграмдаги Ҳуқуқий ахборот каналида эълон қилинди. Бироқ ҳозирча ушбу қарор қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси - lex.uz сайтида ёки ҳукумат портали- gov.uz сайтига ҳам жойлаштирилмади.

Адлия вазирлигининг ўзини таништирмаган масъулига кўра, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган №42-сонли қарор "Йўловчи транспортда фавқулодда вазиятлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан ташқарига чиқадиган фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида" дея номланади. Вазирлик масъулига кўра, ҳозирча расмий сайтлар қарор нусхасини эълон қилишга улгурмаган бўлиши мумкин.

Махсус комиссия тузилади

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, янги қарорда хорижга йўловчи ташувчи транспортларда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус комиссия тузилиши белгиланган.

Бу комиссия аҳоли ўртасида йўловчи автомобиль транспортида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳақида тушунтириш ишларини кучайтиради. Шунингдек, ушбу комиссия зиммасига йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш, хорижга чиқадиган фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш ҳам юклатилади.

Хорижий рейслар сони кўпайтирилади

Қарорда "бир ой муддатда чартер қатновларни амалга ошириш, ҳаракатдаги темир йўл таркиби сони шу жумладан, плацкарт вагонлар улушини кўпайтириш, бюджети паст бўлган хорижий авиа ва темир йўл компаниялари, шу жумладан, “Россия темир йўллари” билан ҳамкорлик масалалари бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқиш режаланган".

“Ўзтемирйўлйўловчи” ширкати ушбу қарордан келиб чиқиб, Россияга поезд қатнови кўпайтирилишини маълум қилди.

Ширкат ходимининг Озодликка айтишича, янги ўзгаришлар жорий йил 1 февралидан бошлаб амалга оширилади.

Ҳозирги кунда Тошкент-Москва, Тошкент-Уфа ва Андижон-Москва йўналишларида ҳафтада бир маротаба ҳаракатланаётган йўловчи поездлари 1 февралдан бошлаб ҳафтада икки маротаба ҳаракатлана бошлайди. Тошкент-Волгоград йўналишидаги йўловчи поезди эса ҳафтада 3 марта қатнайдиган бўлади.

Ҳозирча “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати янги қарорга доир ўзгаришлар борасида бирор маълумот эълон қилганича йўқ.

Ширкат ходимларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, қўшимча рейслар ва чартер қатновлари ташкил қилиш бўйича яқин кунларда янгиликлар эълон қилинади. Бироқ суҳбатдошга кўра, арзон хорижий авиа компанияларининг Ўзбекистонга кириб келиши масаласи энг баҳсли масалалардан бири бўлиб турибди. Бугунги кунда маҳаллий ва хорижий йўналишлар бўйича “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ягона монополист ҳисобланди.

Самолёт ва поезд чипталари арзонлаштирилади

Янги қарорга кўра, самолёт ва поезд чипталари арзонлаштирилади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимига кўра, давлат шартномалари асосида хорижга кетаётган меҳнат муҳожирлари учун имтиёзли тарифлар белгиланади. Суҳбатдошга кўра, бунинг учун идоралараро битим тузилиб, имтиёзли чипталар учун махсус буюртмалар берилади.

Озодлик ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияга бориши неча пулга тушишини ўрганди. Қуйида Тошкент-Москва йўналиши бўйича самолёт, поезд, автобус ва таксилар нархи белгиланган: (Нархлар сўм ва рублда бўлгани боис уларнинг доллардаги тахминий нархини келтирамиз)

Самолёт чиптаси: 200 доллар

Поезд чиптаси: 150 доллар

Такси нархи: 90 доллар киши бошига

Микроавтобус чиптаси: 75 доллар

Автобус чиптаси: 45 доллар

Меҳнат муҳожирларига кўра, самолёт ва поезд чипталари нархлари мавсумга қараб ўзгариб туради. Масалан, байрам кунлари ва муҳожирларнинг оммавий қайтиш пайтлари (баҳор ва куз) чипталар анча қиммат бўлади.

“Лекин автобус нархи ҳеч қачон ўзгармасдан, бир хилда тургани учун кўпчилик автобусларни танлайди. Кейин автобус ҳайдовчилари ҳужжатида муаммоси борларга қўшимча пул эвазига ёрдам бериши учун ҳам кўпчилик автобусларда кетишни маъқул кўради”, деди Москвада меҳнат қилаётган ўзбекистонлик йигит.

Мунтазам автобус қатновлари бўлади

Қарорга кўра, чегарадош давлатлар билан халқаро йўлларда мунтазам автобус қатновлари ташкил этилади.


Автобуслар техник кўрикдан ўтказилади

1 февралдан бошлаб, йўловчилар билан Давлат чегарасидан ташқарига чиқадиган автобуслар ва микроавтобуслар йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан ўтказилади.

Элчихоналар ёрдами ташкил қилинади

@huquqiyaxborot ёзишича, янги қарорда хорижда бирор ҳодиса рўй берган пайтда жабрланган фуқароларга хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари томонидан шошилинч ёрдам кўрсатиш механизми ишлаб чиқилади.

Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорлик

Вазирлар Маҳкамасининг меҳнат муҳожирларига доир янги қарори қабул қилинган бир пайтда Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, 23 январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Халқаро миграция ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё масалалар бўйича минтақавий катта маслаҳатчи Манфред Профази бошчилигидаги делегация билан учрашиб, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган.

Ўзбекистон ҳозирча Халқаро Миграция ташкилотига аъзо эмас.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG