Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:23

Фарғона ҳокими 16 юртдоши Ақтўбеда ўлган тошлоқликларни "ҳароми", деб сўкди


Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев 23 январь куни ўтказган селектор йиғилишида Тошлоқ туман аҳолисини ҳақорат қилди. Ҳокимнинг айтишича, 16 нафар тошлоқлик Ақтўбеда ҳалок бўлиб, Фарғона вилоятини шарманда қилган. Шуҳрат Ғаниевнинг йиғилишда айтган гаплари аудиоёзуви ижтимоий тармоқларда тарқаб кетди.

Озодлик суҳбатлашган тошлоқлик маҳалла оқсоқоли ва ўқитувчи ҳокимнинг бу ҳақоратидан одамлар жуда дарғазаб бўлганини айтди.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бу ҳақда Озодлик билан суҳбатлашишдан бош тортди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:38 0:00
Бевосита линк

Миннат

Фарғона вилоят ҳокими 23 январда ўтказган селектор йиғилишида барча туманлар ҳокимликлари мулозимлари, корхона-ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла оқсоқоллари қатнашган.

Ижтимоий тармоқларда тарқаган қарийб беш минутлик аудиоёзувда, Ақтўбе фожиасида ҳалок бўлган 16 нафар тошлоқликлар ҳақида гап боради ва ҳоким ўлганлар оилаларига ҳомийлик қилишга мажбур бўлганини миннат қилади:

“Эшитиб қўйинглар, тошлоқликлар! Яна бечора вилоятликлар 80 миллион сўм ҳомийлик қилишга мажбур бўлди. Ҳар бири учун 5 миллион сўмдан. Буни таъна қилиш учун гапираётганим йўқ”, дейди Шуҳрат Ғаниев.

Тақиқ

Йиғилишда вилоят ҳокими Тошлоқ туман аҳолисини Фарғона вилоятини республикада шарманда қилишда айблаган. Ҳоким ўз айбловларини қўпол сўзлар билан ифодалаб, тошлоқликларни Ҳаж зиёратига боришдан маҳрум қилган:

“Қамариддин Абдуфаттоҳовичга (диний ишлар ва МФЙлар иши бўйича ҳоким ўринбосари - таҳририят)ҳам айтдим,Тошлоқдан биронта Ҳажга бормайди. Биронтаси Ҳажга бормайди, Ҳаж сафарига биронтаси бормайди! Тиригиям бормайди, бошқасиям бормайди. Тошлоқликларнинг биронтаси Ҳаж сафарига бормайди, тиригиям бормайди, отасиям бормайди”, дея бақирган ҳоким.

Шундан сўнг, ҳоким Қамариддин Абдуфаттоҳовичга “биронтаси ҳам Тошлоқдан ҳажга бормаслигини” қайта-қайта таъкидлайди у эса фақат, “тушунарли” деган жавоб билан чекланади.

Ҳақорат

Россияга йўл олган йигитларнинг ўлимида уларга иш топиб беролмаган ҳокимиятни эмас, балки тошлоқликларни айблаган ҳоким, қаттиқ ҳақоратга ўтади:

“Иккита-учтадан хотин қилганиям Тошлоқдан, шаръий никоҳ ўқиб берган мулласи ҳам Тошлоқдан, хотинларни қўйвориб, болfлар билан етим қилиб, алимент тўламай юрганиям Тошлоқда. Падаринга лаънат, сан тошлоқликларни, бир жойинг йўқ бўп кетган бўлса. ...ни юлиб олиш керак, Тошлоқдагиларни. Ҳокимдан бошлаб, ҳоромиларни. Бутун вилоятга шарманда қилиб, республикага, вилоятни шарманда қилган. Бозорни устидан ёзадиганларам Тошлоқда, бозорда бир-бирини эшак минди ўйнайдиганларам Тошлоқда”, деган Шуҳрат Ғаниев туман ҳокими Ҳалимжон Умаровга ишдан бўшашни таклиф қилади:

“Қўлингдан келмаса, ҳозир чиқиб кет залдан. Ҳоким бўлиб ўтирмасдан. Мард бўлсанг, шундай чиқиб кет”, дейди вилоят ҳокими.

Ов

Ҳоким вилоят "Дарё-транс" ташкилоти раҳбарига инспекторлар билан бирга юриб, Россияга кетаётганларни овлашни буюради:

"Вилоят Автодарёси, сиз ҳам Тошлоқдан чиққансиз оғайни, ман билмиман, мана вилоятда киракашлар борку, ўн мингта рўйхатда тургани бор, бошқаси бор, бошқаси бор. Тошкентга қатнаётгани бор. Тушунтиролдимми, булар ҳаммаси мошинада кетган. Поездда ҳам кетмаган, самолётда ҳам кетмаган. Бизда точкаларимиз бор. ГАИни раҳбари Раҳматжон Тошназарович билан бирга юриб, ҳар битта стоянкада, ўзи россияга кетаётган маълум бўлади. Қўлида юки катта бўлади", дейди вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев.

Ҳақир

Ҳоким тошлоқликларнинг 2005 йилда митинг қилганини ҳам эслаб ўтган.

“Митинг қилган ҳам шулар бўлади, 2005 йилда Ҳақир деган жойда ички ишлар ходимларига тош отиб, қувган шулар бўлади, шу ҳоромилар”, дейди ҳоким.

Ҳоким Ҳақир қишлоғи аҳолиси қайси нима учун митинг қилганини изоҳламаган. Озодлик билан гаплашган тошлоқлик ўқитувчилардан бирининг айтишича, Ҳақир қишлоғи тумандаги ижтимоий ҳолати жуда ҳам ёмон бўлган қишлоқлардан бири:

"Ҳақир қишлоғи жудаям оғир шароитда яшайди, деярли ҳамма ишсиз. Ичимлик суви йўқ. Ўзи туманда ичимлик сув муаммо, фақат икки жойда бор, у ҳам бўлса 80 фоиз талабга жавоб беради, холос. Ҳақирликлар ўз ҳаққи учун талашадиган, адолатсизликни қабул қилмайдиган халқ. Шунинг учун у ерда кўп норозилик чиқишлари бўлиб туради. 2005 йилда ҳам шундай воқеа бўлган бўлса керак", деди ўқитувчи.

Фарғона вилоят ҳокими Ақтўбе қурбонлари оилаларига кўрсатилган ёрдамни миннат қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Сукут

Озодлик Тошлоқ тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров билан боғланди, аммо ҳоким бу мавзуда гаплашишни истамади.

Озодлик Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан ҳам боғланди. Аммо, мухбир ўзини таништириши билан ҳоким алоқани узиб қўйди.

Муносабат

Тошлоқ туманидаги исми сир қолишини сўраган ҳокимият мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда, вилоят ҳокимининг селектор мажлисида қатнашганини айтар экан, унинг ҳақоратларидан тошлоқликлар ниҳоятда ғазабга келганини айтди:

“Мен ҳам шу мажлисда бор эдим. Ҳокимнинг бу айтганлари, энди, ҳаддан ташқари бўлди. Ҳалокатда ўлган йигитларимизга бутун Тошлоқ аза тутди. Бу уларнинг тақдирида бор экан. Лекин, ҳоким ўз айбини ёпиш баҳонасида, тошлоқликларни "ҳароми, падарингга лаънат" деб сўкинишидан ҳамманинг қони қайнаб кетди. Лекин ҳеч ким чиқиб гапиролмади. Чунки, гапирса ишидан ҳам кетади, бир балога ҳам йўлиқади. Ҳокимнинг айтишича, бу йигитларни кимдир йиғиб олиб кетган. Лекин, уларни ҳеч ким йиғмаган, ўзлари бориб келиб юришган. Иш йўқлигидан ўзлари кетишган. Президентимиз айтдику, "биз гуноҳкормиз бунга", деб. Шуҳрат Ғаниев эса, шундай оғир ва мусибатли кунда бутун Тошлоқ халқини ҳақорат қилди. Агар президент қулоғи кар, кўзи кўр бўлмаса бу ҳокимга муносиб жазо бериши керак”, деди ҳокимлик мулозими.

Ким айбдор?

Тошлоқ туманида яшайдиган пенсионер ўқитувчилардан бирининг Озодликка айтишича, вилоят ҳокими ўзининг айбини бошқаларга юкламоқда:

- Аслида, бунда вилоят ҳокимининг айби бор. Сабаби, иш ўринларини яратиб беролмаган бу одам. Раҳбарлар ҳозир ўзим бўлсам, ўзим яшасам бўлди, деяпти. Халқ билан иши йўқ. Агар ҳоким маданиятли одам бўлганда эди, бутун халқни ҳақорат қилмас эди. Бутун туман халқи ҳароми эмишу, у яхши эканми? Беш километрга газни шундай уйига тортиб келгану, Марғилоннинг халқига бермай, бир ўзи ёқяпти. Шу яхши одамми? Энг ёмони ҳам аслида ўзи, дейди пенсиядаги ўқитувчилардан бири.

Сўконғич ҳоким

Шуҳрат Ғаниев 2011 йилнинг 7 ноябрида Фарғона вилояти ҳокими этиб тайинланган.

Озодлик бу ҳокимнинг ғайриқонуний ишлари, сўконғич ва зўравонлиги ҳақида бир неча бор хабар берган.

2014 йилнинг сентябрида Фарғона вилояти ҳокими дўконлари бузилишига қарши чиққан тадбиркорларни “пешонангдан отаман” деб дағдаға қилган эди.

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев 2016 йилнинг 20 июлида маҳаллий тиббиёт мулозимлари билан йиғилиш ўтказиб, уларни "б... еган", "чўчқа" деб ҳақорат қилган ва “Манга қолса, ҳаммангнинг каллангни сапчадай узиб ташлайман!”, деган эди.

2016 йилнинг ноябрида Фарғона вилояти, Фурқат туманида фермерлик қилаётган 70 яшар ногирон фермер Очил Бегматов вилоят ҳокими уни мажлисда камситганидан Озодликка арз қилган эди. Фермернинг айтишича, вилоят ҳокимининг ўзи уни Учкўприк туманида ўтказилган йиғилишга таклиф қилган, аммо мажлис бошланишидан аввал уни сенсираб мажлисдан ҳайдаб чиқарган.

Ўтган йилнинг апрель ойидаФарғона вилояти Риштон туманида яшайдиган 37 яшар халқаро тоифадаги ошпаз Шерзод Мадаминов ҳукумат ошхоналарида меҳнат қилиш учун иш сўраб 1 апрель куни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев иштирок этган туман ҳокимлигидаги халқ қабулхонасига мурожаат қилган эди. Ошпазнинг иддао қилишича, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев соқол қўйгани учун уни кўпчиликнинг олдида камситган ва ҳақорат қилган.

XS
SM
MD
LG