Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:20

Ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини махсус комиссия ҳимоя қилади


Ўзбекистонда ўқитувчиларни ҳимоя қилиш бўйича махсус комиссия тузилади. Бу ҳақда 17 июль куни Шавкат Мирзиёев раислигида умумий ўрта таълимни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишлаб Тошкентда ўтказилган йиғилиш якунларидан маълум бўлди.

"Йиғилишда турли назорат органлари томонидан ўқитувчилар фаолиятини текширишларни чеклаш, педагогларни ободонлаштириш, мажлисларда қатнашиш, обуна ва шу каби касб фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилмаслик кераклиги таъкидланди. Ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш учун махсус ҳуқуқий хизмат ташкил этиш вазифаси қўйилди", - деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Йиғилишда ушбу кўрсатмалар асосида ишлаб чиқилган халқ таълими тизимини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти ўтказилди. Президент педагогларнинг ойлик маошини, жамиятдаги мавқеини ошириш, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, таълим тизимида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, мактабларнинг бюджетдан ташқари топаётган даромадларини уларнинг ихтиёрида қолдириш, мактабларда ички жамоавий назорат тизимини йўлга қўйиш, намунавий мактабларни кўпайтириш мақсадида мактаблар рейтингини ишлаб чиқиш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда президент мамлакатда ўтказилган сўровномада қатнашганларнинг 7 фоизи, ўқитувчилар орасида эса 3 фоизигина фарзанди ўқитувчи бўлишини хоҳлаганини кескин танқид қилди.

Мирзиёевнинг айтишича, Хитойда ўтказилган сўровда 55 фоиз аҳоли фарзанди ўқитувчи бўлишини истаганини билдирган.

Шундан келиб чиққан ҳолда президент ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалиётга тадбиқ этиш тўғрисида топшириқ берди.

Бундан ташқари оммавий ахборот воситалари орқали ўқутувчининг обрўсини оширишга қаратилган ижтимоий роликлар ҳам намойиш этилади.

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг иш ҳақи оширилади. Газета ва журналларга мажбурий обуналар бекор қилинади. Ортиқча ёзув-чизувларга барҳам берилади. Халқ таълими вазирлиги билан мувофиқлаштирилмаган текширувлар ўтказилмайди. Халқ таълими тизими ходимларининг турли тозалаш ишларига жалб қилиниши тақиқланади.

Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 17 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтган йиғилиш якунлари юзасидан гапираётиб билдиргани тўғрисида kun.uz хабар қилди.

Азиз Абдуҳакимовга кўра, шунингдек,ўқитувчиларга имтиёзли кредитлар асосида ижтимоий уйлар ва автомашиналар берилиши кутилмоқда. Шунингдек ўқитувчиларнинг оила аъзоларига ёрдамчи хўжалик юритиш учун қорамол ва паррандалар сотиб олиш, иссиқхоналар, лимонарийлар кабиларни яратиш учун имтиёзли кредитлар берилади.

XS
SM
MD
LG