Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:37

Мирзиëв судларни "халқпарвар ва адолатли" қилмоқчи


13 июнь кунги кенгайтирилган видеоселектор мажлисини асосан суд тизимидаги адолатсизлик ва порахўрлик танқидига бағишлаган президент Мирзиëев¸ "одамларнинг суд остонасидан давлатга дўст бўлиб чиқиб кетиши" учун ҳар қандай кескин чораларга қўл уражагини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиëев 13 июнь куни ўтказган видеоселектор мамлакат суд тизимидаги бугунги вазият¸ одил судловни таъминлаш масалаларига бағишланди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича¸ бу йиғинда Олий Мажлис иккала палатаси раҳбарлари, Бош вазир, Судьялар олий кенгаши аъзолари, Олий суд раиси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, вилоят, туман ва шаҳар судлари судьялари¸ шунингдек видеоалоқа орқали Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари қатнашган.

Президентнинг бу мажлисда қилган танқидий нутқи нишони суд тизими¸ унда адолат қарор топтиришнинг нечоғли қийинлиги¸ судьяларнинг порахўрлиги ва маънавий савиясининг пастлиги бўлди:

- Фуқаролар адолатни қарор топтириш учун ойлаб¸ йиллаб сарсон-саргардон бўлиб нажот излаб президентга мурожаат қилмоқда. Шунинг ўзи судлар фаолиятига халқ томонидан берилаëтгна холисона баҳо эмасми? -деди президент жумладан.

Суд тизимидаги аянчли аҳвол ифодаси сифатида президент айрим рақамларни тилга олди:

- Охирги йилларда қарийб 50 нафар судья жиноий жавобгарликка тортилди. Жорий йилнинг ўтган олти ойида 7 судья жиноятга қўл урди. Асосий вазифа ва бурчи оқни оққа¸ қорани қорага ажратиш¸ адолатни ҳимоя қилишдан иборат бўлган судья қонунга¸ ўз касбига хиëнат қилса¸ додини кимга айтади одамлар? Адолат излаб қаерга боради? - деган президент Андижон вилоят Хўжалик ишлари суди раиси ўринбосари Абдуллаевнинг 150 минг доллар пора олаëтган маҳал қўлга олинганини мисол қилиб келтирди.

“Судлар ишига бундан сўнг халқнинг ўзи баҳо беради”¸ “суд остонасига қадам қўйган халқимиз давлатга дўст бўлиб чиқиши керак”¸ "судлар халқпарвар¸ адолат қўрғони бўлиши учун¸ керак бўлса конституцияни ҳам ўзгартирамиз"¸ деган Мирзиёев¸ Судьялар олий кенгашигa бир ой ичида бу мақсадга элтувчи чора-тадбирларни ишлаб чиқиш вазифасини топширди.

Президент кенгашга хусусан¸ судьялар фаолиятига ҳар қандай аралашувга барҳам беришга оид таклиф киритишни буюрди.

- Бир одам аралашдими¸ жазо муқаррар аралашган одамга. Қандай оғир бўлмасин¸ шу қарорни қабул қиламиз¸ деди жумладан президент.

Президент Мирзиëвнинг 13 июнь кунги нутқига муносабат билдирган андижонлик тадбиркор Маҳмуджон Баратов¸ суд тизимини мамлакатдаги энг коррупциялашган система эканини ва унинг президент девони¸ МХХ ва прокуратура қўлидаги қўғирчоққа айланганини айтади.

- Ниҳоятда коррупциялашган тизим бу. Ëки кимларнингдир буюртмасини бажаради¸ ëки адолатни кимошдига қўяди. Порасини берсангиз¸ оқни қора¸ қорани оқ деб ҳукм чиқариб беради. Каримовдан қолган эски¸ порахўр сдуъялар билан Мирзиëев бу аҳволни қандай ўзгартиради¸ шунга ҳозирча тушунмайроқ турибман¸ - дейди йиллардан бери судлардан адолат тополмай келаëтган Маҳмуд Баратов.

Қумқўрғон нефть-газ коллежининг собиқ директори Анвар Муродов ҳам икки йилдан бери ўзига нисбатан ноҳақликка барҳам берилишини сўраб¸ судлар эшигини қоқиб келаëтган ўзбекистонликлардан биттаси.

Озодлик билан суҳбатда Муродов¸ Мирзиëевнинг халққа хуш ëқадиган бундай танқидларининг суд тизимидаги аҳволни ўзгартиришига ишончи йўқлигини айтади:

- Ўзбекистонда давлат берган ваколатдан ўз ғарази учун фойдаланаëтган порахўр судmялар учун ўлим жазоси киритиш керак. Шунда булар халққа бу қадар адолатсизлик қилишдан озгина тийилиши мумкин. Бошқаси фақат қуруқ гап¸ дейди Муродов.

Озодликнинг 15 июнь кунги “Қурултой”и Ўзбекистон судларини ижро ҳокимиятидан мустақил¸ адолатли тизимга айлантириш учун нималар қилиш керак¸ деган савол муҳокамасига бағишланади. Бу борадаги фикр-мулоҳазаларингизни Озодликка сайтимизда шарҳ қолдириш¸ ëхуд ижтимоий тармоқлар орқали йўллашингиз мумкин.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG