Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:35

Трампнинг "Грин кард" лотереясини тўхтатиш талаби қабул қилинса, нима бўлади?


АҚШ Олий суди қарори билан мамлакат киришига рухсат этилган муҳожирлар, 26 июнь, 2017 йил
АҚШ Олий суди қарори билан мамлакат киришига рухсат этилган муҳожирлар, 26 июнь, 2017 йил

29 яшар ўзбек Нью-Йоркда содир этган теракт ортидан президент Трамп Конгрессдан "Грин кард" лотереясини тугатишни сўрашини билдирди. Бу лотереяни тўхтатиш талаби билан Конгрессга тақдим қилинган тўртинчи лойиҳадир ва америкалик экспертлар бу гал дастурнинг тугатилиши, қисқартирилиши ёки ўзгартирилиши эҳтимоли катталигини айтмоқдалар.

"Грин кард" лотореясини тўхтатиш сўрови

31 октябрь куни Нью-Йорк шаҳрида 29 яшар ўзбекистонлик Сайфулло Соипов содир этган террорчилик амали натижасида 8 киши қурбон бўлди, 12 одам жароҳатланди.

Бу ҳужум Нью-Йоркда 2011 йилда содир этилган террор ҳужумларидан кейинги энг қонли ҳужум сифатида қайд этилмоқда.

АҚШ матбуотининг ёзишича, Соипов 2010 йилда "Грин кард" билан АҚШга кирган.

У содир этган қонли террор ҳужумидан сўнг АҚШ президенти Трамп ва Ой Уй маъмурияти берган баёнотлар шу кунда АҚШ "Грин кард" лотереясида иштирок этиш учун ҳужжат топширган, "Грин кард" олган ёки АҚШ фуқаролиги учун мурожаат қилган ўзбекистонликларни ташвишга солмоқда.

Лотереяга иштиёқмандлар 12 баробарга ошди

2015 йилда 1 миллион 400 мингга яқин ўзбекистонлик "Грин кард" лотереясида иштирок этган. Сўнгги 10 йил ичида АҚШга кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони эса 12 баробарга ошган. Йилига ўртача 5 мингга яқин ўзбекистонлик ушбу "Грин кард" лотереяси орқали АҚШда доимий яшаш ва ишлаш мақомини олади.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, ҳозирча Ўзбекистонликларга виза бериш ёки лотерея тартибида ўзгариш бўлиши ҳақида биронта маълумот йўқ.

Соипов билан боғлиқ воқеа рўй бергунича ҳам АҚШга иммигрант бўлиш жараёни мураккаблашган эди. Буни Озодлик тингловчиларининг айтганларидан ҳам билиш мумкин.

"Грин кард"лик ўзбекларнинг хавотири

Масалан, 2 ярим йил аввал "Грин Кард" олган ва ҳозир АҚШда яшаётган ўзбекистонлик 32 яшар Нилуфарни "Грин кард" олганимда 4 йил бўлди, энди паспорт ололмайманми?" дея савол ўйлантирмоқда.

Бир йилдан буён АҚШ фуқаролиги учун қилган мурожаатига жавоб кутаётган яна бир ўзбекистонлик - 29 яшар Шаҳноза эса АҚШ Иммиграция хизматидан "мурожаатларни кўриб чиқиш муддати узайгани, сўнгги ойларда хавфсизлик текшируви кучайтирилгани" ҳақида жавоб олганини айтди.

Президент Трамп сайланганидан буён АҚШга муҳожирларнинг киритилишини кескин чеклашга чақириб келади. Аммо, Сайфулло Соипов ҳужумидан сўнг АҚШ Конгресси президент Трампнинг сўровини қондириши мумкин, деган хавотирлар тилга олинмоқда.

Лотерея тугатилса, бу йилги қатнашчиларга нима бўлади?

Иммиграция бўйича тадқиқотлар марказининг Иммиграция сиёсати бўлими раҳбари Жессика Воганга кўра, шу кунга қадар Конгрессга муҳожирликни қисқартириш ёки бекор қилишга оид 5 та қонун лойиҳаси тақдим қилинган.

- Булардан 4 таси бу дастурни тугатиш ҳақида, бири эса кенгайтириш ҳақида. Лекин, бу террор ҳужумидан сўнг Конгресснинг бу лотереяни қисқартириш ёки тугатиш ҳақида бир қарорга келиш эҳтимоли катта. Аммо, қабул қилади, деб айтиш қийин ҳозир. Қабул қилган тақдирда ҳам, бу жараён узоқ давом этади ва "Грин кард" дастури, энг тез бўлганда, кейинги йилдан бекор қилинади. Яъни, шу кунгача лотерея учун топширилган ҳужжатлар, албатта, кўриб чиқилади. Бундан ташқари, "Грин кард" эгаларига бўлғуси ўзгаришлар дахл қилмайди, - дейди Жессика Воган.

АҚШда муҳожирлик бўйича таклифлар

АҚШ Конгрессига таклиф қилинган ва қабул қилиниши эҳтимоли катта, деб кўрилган таклифлардан бири қариндоши АҚШ фуқароси ёки "Грин кард" эгаси бўлганларнинг келишини тўхтатишни кўзлайди.

Жумладан, 1 ноябрь кунги чиқишида президент Трамп "занжирли муҳожирлик" - chain migration тизимини кескин танқид қилди.

Адвокатлар тилида "оила-аъзолар иммиграцияси" деб аталадиган бу схемада - АҚШ фуқароси бўлган ёки Грин кард эгаси бўлган шахс, молиявий таъминотини тўлиқ таъминланган тақдирда, ўз оиласини АҚШга олиб кириши мумкин.

Бунинг ўрнига таклиф қилинган тартиб эса, чет элликларга АҚШ учун қилган хизматлари эвазига "Грин кард" беришни кўзда тутувчи Merit-based immigration тизимидир. Бунда асосий эътибор чет элликларнинг инглиз тилини билиши, олий маълумоти, иш малакаси ва АҚШ ташкилотларида ишлаган тажрибасига қаратилади.

Бу таклиф тарафдорларига кўра, ҳозирда лотерея билан АҚШга кираётган муҳожирларнинг ҳар 15 нафарида фақат бири меҳнат лаёқати эвазига "Грин кард" олган.

22 йиллик лотерея

1990 йилда Конгресс томонидан қабул қилиниб, 1995 йилдан кучга кирган Иммиграция Актига мувофиқ, муҳожирлар асос солган АҚШга ҳар йили 55 минг хориж фуқаросининг қонуний келиб, яшаб ва ишлашига рухсат этилган.

Бундай рухсат эса, АҚШ Давлат департаменти ҳар йилнинг октябрь ойида эълон қиладиган бир ойлик жараëн давомида "Грин кард" лотереяси дастурига мурожаат қилган миллионлаб одам орасидан қуръа ташлаш йўли билан ютганларга келаси йил май ойида тақдим этилади.

Кейинги бир неча йил мобайнида йилига 5000 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси, "Грин кард" соҳиби сифатида АҚШга кўчиб кетмоқда. Лотереяни ютганлар баробарида улар бевосита оила аъзоларининг ҳам АҚШда яшаш ҳаққини қозониши инобатга олинса, бу дастур билан кўчиб кетаëтган ўзбекистонликлар сонининг йилига бир неча ўн мингга етишини тахмин қилиш мумкин.

XS
SM
MD
LG