Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:35

Иш берувчи уч бармоғидан ажралган ўзбек муҳожирини ўғирликда айблади (ФОТО)


29 ёшли бухоролик Азиз Мўминов иш пайтида уч бармоғидан айрилди.
29 ёшли бухоролик Азиз Мўминов иш пайтида уч бармоғидан айрилди.

Москванинг Дорохово қўрғонидаги металл қабул қилиш ширкатида металл кесувчи бўлиб ишлаб келган 29 ёшли бухоролик Азиз Мўминов иш пайтида уч бармоғидан айрилди.

Ширкат раҳбарияти ўзбек муҳожирига ёрдам бериш ўрнига уни ўғирликда айбламоқда.

Москва вилоятининг Руза туманида жойлашган металл кесиш ширкатларидан бирида пайвандчи ва металл кесувчи бўлиб ишлаб келган пешкулик Азиз Мўминов шу йилнинг 2 октябрида содир бўлган бахтсиз ҳодиса туфайли ўнг қўлининг уч бармоғидан ажралди.

Озодлик билан суҳбатда Азиз ширкат менежери Андрей Лебедев унга “бармоғимни уйда кесиб олдим”, деб айтишни буюрганини айтди:

- Темир кесаман ишхонада. Бармоқларим темир орасида қолиб, кесилиб кетди. Началник телефон қилиб “Айтмагин, мен сенга болничний ҳаражатларини ҳаммасини тўлайман”, деди. Айтганини қилдим. Ҳозир менга 8-9 минг рубл пул берган. Кунига перевязкага 1 минг сўмдан оляпти. “Менга пул керак”, десам мендан пул сўрама деди. Олдинги кун ишхонага бориб, нарсаларимни олиб кетдим. Энди “Сен сварка аппаратини ўғирладинг!”, деб бўйнимга ташлаяпти, пул сўрамасин деб. Мен пул сўраганим йўқ! Бир танишим 20 минг қарз берганди – шу билан юрувдим. Ҳозир бир сўм ҳам қолмади! Квартирага беришим керак, документимга. Нима қилишни билмай қолдим.

Азизнинг сўзларича, иш берувчи корхона менежери унинг устидан миграция идораси ва полицияга “ўғирлик” асосида ариза топшираман, деб таҳдид қилиб келаётганини билдирди.

Азиз менежери Андрей Лебедевдан WhatsAp мессенжери орқали йўлланган таҳдид ва ҳақоратли хабарларини Озодликка тақдим этди.

Озодлик мухбирлари менежер Андрей билан телефон орқали гаплашишга уриниб қўрди. Аввалига “Азиз бизда ишламаган”, деган ширкат вакили кейинроқ ўзбекистонлик ишчи устидан “сварка аппаратини ўғирлагани учун” полицияга мурожаат қилганини гапирди:

- Биринчидан, мен унга таҳдид қилганим йўқ. Ўғирлик содир этилган – у қандай қилиб завод ҳудудига кирган – мен билмадим, ўрганаяпман. Милиция ва ФМСга ариза юбордим. Мен бу одамни анчадан бери танийман, бу рост. Мен унга ёрдам бериб келдим, у бўлса мени буюмимни ўғирлаб кетди. Мен уни қамоққа тиқаман, ваъда бераман!

Врачлар Азизга ишлашни вақтинчалик тақиқлади.
Врачлар Азизга ишлашни вақтинчалик тақиқлади.

Суҳбат давомида Андрей Лебедев бухоролик йигитдан ҳеч қандай қарзи йўқлиги ва қўли кесилгани билан иши йўқлигини маълум қилди.

Ушбу вазият борасида фикр билдирган ҳуқуқ фаоллари ва юристлар шартномасиз меҳнат қилган муҳожирни лотерея ўйнаётган шахсга қиёслади: иш берувчи инсофли бўлса – муҳожир иш ҳақини олади, бўлмаса – йўқ.

Азиз Мўминов шифохонада.
Азиз Мўминов шифохонада.

Айни пайтда, Азиз Мўминов иш берувчи билан ҳеч қандай шартнома тузмасдан ишлагани туфайли шу аҳволга тушганини тан олди. Ночор аҳволда ва маблағсиз қолган ўзбек муҳожири патент тўлашга маблағи қолмаганини айтмоқда.

Ўзбекистон ватандоши Азиз Мўминовга ҳуқуқий, моддий ёки маънавий ёрдам бериш истагида бўлганлар +7903 553 7187 телефони орқали у билан боғланиши мумкин.

...

Озодлик Россиядаги кўплаб иш берувчи корхона ва ширкатлар визасиз мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистондан келаётган меҳнат мигрантларини ишга шартнома ва тегишли ҳужжат расмийлаштирмасдан олишга манфаатдорлиги борасида кўп маротаба хабар берган.

Бундай вазиятдан бохабар рус ҳукумати йилдан-йилга миграция қоидаларини янада қаттиқлаштирувчи қонун-тартибларни жорий этиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG