Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:44

Путин пенсия муаммосини мигрант ишчилар ҳисобидан ҳал қилмоқчи


Россиянинг барча минтақаларида пенсия ислоҳотига қарши намойишлар авж олди
Россиянинг барча минтақаларида пенсия ислоҳотига қарши намойишлар авж олди

2019 йилдан бошлаб Россия қурилишда ишловчи хорижлик мигрантларини квоталаш тизимини жорий этади. Бу ҳақда эълон қилган бош вазир муовини Татьяна Голиковага кўра, қурувчи муҳожирлар сони умумий ҳисобнинг 80 фоизидан ошмаслиги белгиланади.

"Россия иқтисодиётининг барча соҳаларида квоталаш жорий этилади"

Россиянинг Ижтимоий-меҳнат муносабатлари бўйича уч томонлама комиссияси йиғилишида сўзга чиққан ҳукумат раиси муовини Татьяна Голикова 2019 йилда меҳнат муҳожирлари сонини Россия иқтисодиётида чеклаш бўйича ҳукумат лойиҳаси кўрилаётганини маълум қилди.

У бу ташаббус “ишчилар бирлашмалари ва иш берувчилар” томонидан ҳам маъқулланаётганини айтди. Шу билан бирга у девелоперларни ишчи-мигрантларга кам ҳақ тўлаш мумкинлиги қизиқтираётганини ҳам очиқлади.

Татьяна Голикова охирги йилларда айниқса қурилиш соҳасида хорижлик мигрантлар сони юқори бўлган корхоналар кўпайиб бораётгани ва шу боис чеклов киритиш вақти етиб келганини тушунтиришга уринди:

- Мигрантлар меҳнатига таянган қурилиш соҳасига хориж ишчи кучини жалб этишни қисқартириш лозимлигига эътибор қаратмоқчи эдим. Шу тариқа, қурилишда хорижлик ишчилар сонини 80% этиб белгилаш таклиф этилмоқда. Бу квотанинг жорий қилиниши ортидан бўшаб қолган ишчи ўринлар россияликлар томонидан эгалланади, зеро минтақаларда меҳнат заҳиралари етарлидир, деди ҳукумат расмийси.

Татьяна Голикова сўзларича, ҳукумат “йўловчи транспорт ва юк ташиш транспортидаги иқтисодиёт соҳасидаги хорижлик ишчилар улушини 28-дан 26 фоизга камайтиришни таклиф этмоқда”.

Бош вазир муовини Татьяна Голикова
Бош вазир муовини Татьяна Голикова

Йиғилишда сўзга чиққан Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазири Максим Топилин бундай квоталаш биринчи маротаба жорий этилаётгани ва одатда барча қурилиш фирмаларида мигрантлар ишчиларнинг 100 фоизини ташкил этишини маълум қилди.

Шу билан бирга, Меҳнат вазири келгуси йилда жорий этилажак чекловлар учта минтақа - Москва шаҳри, Хабаровск ўлкаси ва Амур виялотига тегишли эмаслигини қўшимча қилди.

Россия Статистика хизмати маълумотларига кўра, ўтган 2017 йилда қурилиш соҳасида 6,3 миллион одам жалб қилинган ва уларнинг 96 фоизини марказий осиёлик мигрантлар ташкил этган.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги 2018 йилнинг бошидан буён Россияга ишлашга 1 миллиондан зиёд ўзбекистонлик меҳнат муҳожири кириб келганини маълум қилди.

"Ҳукумат нафақага чиқарилмаган россияликларга иш ўринларини яратмоқчи"

Кузатувчилар ҳукуматнинг мигрантлар сонини чеклашга қаратган ҳаракатларини Россияда Владимир Путин ҳукумати томонидан жорий этилган ва аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган пенсия ислоҳотлари билан боғламоқда.

Бундан олдинроқ Меҳнат вазири муовини Андрей Пудов Россия меҳнат муҳожирлари оқими пенсия ёши кескин оширилганидан кейин ёши ўтган россияликларга иш топишга қийинчиликлар яратилмаслиги кераклигини билдирганди. Бунинг ортидан кўплаб минтақаларда қатор соҳаларга хорижлик ишчиларни жалб қилишга чекловлар киритила бошланди.

Хусусан, Ёқутистонда 2018 йил январида қурилиш ва тоғ-кон ишларига, 2016 йилда Новосибирск вилоятида мактаб, боғча умумий овқатланиш соҳасида, Кемеровода иқтисодиётнинг бирваракайига 10 соҳасида мигрантларга квоталар жорий қилинди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 июнида Россия Бош вазири Дмитрий Медведев пенсия ёшининг оширилишини эълон қилди.

Россиянинг барча минтақаларида пенсия ёши оширилишига қарши норозилик чиқишлари авж олиб кетди. Жумладан 9 сентябрь куни Россиянинг 33 шаҳрида ўтказилган норозилик намойишларида 1200 зиёд одам қўлга олинди.

XS
SM
MD
LG