Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:44

Полиция ходими ўқидан яраланган ўзбек муҳожири бўйрагидан ажралди (ВИДЕО)


2018 йилнинг 21 март куни Москванинг Новогиреево туманидаги клиник шифохонага қорнига полициячи отган ўқ теккан 24 ёшли самарқандлик Атҳамбек олиб келинди. Полиция ўзбек муҳожирини бошқа шериклари билан аккумулятор ўғирлаганликда айбламоқда. Атҳамбек ва унинг ҳимоячилари эса, полиция айбловларига мутлақо асос йўқлигини билдирмоқда.

21 март, тунги соат 4 ларда Москванинг Новогиреево туманидаги 70- клиник шифохонага ўқотар қуролдан оғир яраланган шахс келтирилди.

Реанимация бўлимига ётқизилган шахс - 1991 йилда туғилган Ўзбекистон ватандоши Атҳамбек экани аниқланди.

Озодликга мурожат килган Атҳамбекнинг онаси Раъно Маматова икки кундан бери касалхонага қатнаб, ўз ўғлини кўра олмаётгани - Атҳамбекни иккита полиция ходими туну кун қўриқлаётганини гапириб берди

- Бу жиноят қилган дейишди. Терговчидан қоғоз олиб келасиз, кейин кўрсатамиз, дейишди. Менга ҳеч ким ҳеч нарса айтмаяпти: қаерда бўлган, нима бўлган, нима учун отганлиги тўғрисида ҳеч нарса билмайман. Ўғлим полицияга қаршилик кўрсатмаган бўлса ҳам отишган уни, деди Раъно Маматова.

Жабрланган йигит масаласида Озодлик Новогиреево полиция бўлимига мурожаат қилди, аммо терговчилар "суриштирув ишлари олиб борилаётгани боис, ҳозирча изоҳ берилмаслигини" билдириш билан чекланди.

Рус полицияси ўқидан яраланган ўзбек муҳожирининг бўйраги олиб ташланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:47 0:00

Терговга яқин манбадан маълум бўлишича, полиция Атҳамбекни ва унинг икки нафар шеригини автомобиль аккумуляторларини ўғирлашда гумонламоқда.

Полиция ўғриликда 1991 йилда туғилган яна бир ўзбекистонлик йигитни гумонлаётгани маълум. Озодликка тақдим этилган жиноий иш қўзғатилиши борасидаги қарорда Жамшид исмли бошқа ўзбекистонлик йигит кўрсатилганини кўриш мумкин.

Унда 21 март куни икки дона машина аккумуляторини ўғирлаётган икки киши қўлга олингани қайд этилган. Бу икки шахсга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 158- моддаси 2- қисми (“Ўғирлик”) асосида жиноят иши очилгани кўрсатилган.

Озодлик реанимация бўлимида қолаётган Атхамбекни бориб курди. У ўзига қўйилаётган айбловларга мутлақо асос йўқ эканини гапириб берди. Атҳамбекнинг айтишича, ўзининг яқин таниши билан учрашиб гаплашаётганда полициячилар ҳужумига учраган.

- Мен улар билан тортишганим ҳам йўқ – пистолети қўлида эди. Тортишсам қўлимдан ҳам, оёғимдан ҳам отиши мумкин эди-ку. Мен ҳеч нарса ўғирламаганман. Москвада квартира ремонти ишлари билан шуғулланаман. Ҳалол меҳнат билан пул топаман, деди Атҳамбек.

Унинг адвокати Шуҳрат Ҳамроқуловнинг айтишича, полиция огоҳлантирмасдан жанговар қурол ишлатган ва ўқ Атҳамбекнинг қорнидан тешиб ўтган:

- Тушунишимча, полиция уни ҳибсга олиш пайтида отган. Аммо буни исботловчи бирор аниқ далиллар йўқ. Ўқ бўйрагига теккан ва жарроҳлик амалиёти давомида уни олиб ташлашибди. Полиция ходими ўз ваколатлари доирасидан чиқиб кетган ва қуролни ноқонуний тарзда ишлатган. Умид қиламанки, Перово туман тергов қўмитаси ишни синчковлик билан тафтиш қилади ва айбдорлар ўз жазосини олади,- деди ҳимоячи Шуҳрат Ҳамроқулов.

Озодликка маълум бўлишича, ушбу хабар тайёрланаётган бир пайтда полиция ходимлари Атҳамбекни Новогирееводаги клиник шифохонадан кишанланган ҳолда тергов изолятори касалхонасига олиб кетган.

Озодлик вазиятни кузатиб боради.

Сўнгги пайтларда Москва полициясининг ўзбекистонлик муҳожирларга нисбатан асоссиз куч ишлатиши ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда.

Подмосковьенинг Солнечногорский туманида шу йилнинг 8 март куни икки нафар полиция ходими ўзбекистонлик бир гуруҳ муҳожирни ўларча калтаклагани тўғрисида хабар қилинган эди. Ҳақоратланган, калтакланган ўзбек муҳожирлари устига-устак “полицияга кўрсатган қаршилиги” учун жиноий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин.

Айни дамда, Миграция экспертлари ўзбек муҳожирларининг ҳуқуқсиз ва чорасиз қолаётгани Россия ҳукумати учун бошқаришга ўта қулай, полиция учун эса ўта фойдали эканини таъкидлаб келмоқда.

XS
SM
MD
LG